Ҳуқуқ
24.04.2026
30

Вояга етмаган болаларнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари уларнинг шахси, қадр-қиммати ва эркин ривожланиши билан узвий боғлиқ бўлган муҳим ҳуқуқий кафолатдир. Бу ҳуқуқлар боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи, ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқи, ҳимояга бўлган ҳуқуқи, ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқи, шунингдек исм, ота исми ва фамилия олиш ҳамда уларни ўзгартириш ҳуқуқларини қамраб олади.
Ушбу ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун каби ҳуқуқий манбаларда мустаҳкамланиб, боланинг шахс сифатида шаклланиши ва манфаатларини таъминлашга қаратилган.
1. Боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи
Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир.
Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.
2. Боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқи
Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.
3. Боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи
Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.
Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақлидир.
Бола ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
4. Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи
Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
5. Боланинг исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқи
Бола исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқига эга.
Болага исм ота-онанинг келишувига биноан, ота исми — отасининг исмига кўра берилади.
Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра, болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
6. Боланинг исми ва фамилиясини ўзгартириш
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола ўн олти ёшга тўлгунча бола манфаатларини эътиборга олиб, унинг исмини ўзгартиришга, шунингдек унга берилган фамилияни ҳам отаси ёки онасининг фамилиясига қараб ўзгартиришга ҳақлидир.
Агар ота-она алоҳида яшаса ва бола билан бирга яшовчи ота (она) болага ўз фамилиясини беришни хоҳласа, васийлик ва ҳомийлик органи бу масалани боланинг манфаатларини ва она (ота)нинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилади. Ота ёки онанинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, шунингдек ота ёки она болага таъминот бериш ва уни тарбиялаш мажбуриятларини бажаришдан узрсиз сабабларга кўра бўйин товлаган ҳолларда ота ёки онанинг фикрини ҳисобга олиш шарт эмас.
Лобар Розимова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.