currencies image

12 160,99 UZS

72,68

usd

currencies image

14 178,50 UZS

55,38

eur

currencies image

153,92 UZS

0,92

ru



АсосийЯнгиликларАфв этиш тартибидан хабардормисиз?

Афв этиш тартибидан хабардормисиз?

Суд очерклари

calendar

17.10.2025

eye

85

Афв этиш тартибидан хабардормисиз?

Фалончи афв этилибди, эшитдингизми? Пезидент афв этиш ҳужжатини чиқарибди! Афв этилди, энди бу ишни қайта қилмаса керак... Шу каби гапларни ҳаётимиз давомида эшитганмиз ёки ОАВдаги янгиликлар орқали хабардор бўлганмиз. Хўш, “Афв этиш” ўзи нима? Уни амалга ошириш тартиби қандай? Қуйида шу каби саволларга жавоб бериб ўтамиз.

 

Афв этиш нима?

Афв этиш - маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади. Афв этиш муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди.

Ҳуқуқий асослари борми?

Энг асосий қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасида: Президентга Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш ваколати берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5439-сон Фармони билан “    ”ги Низом тасдиқланган.  Ушбу Низом афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия (Комиссия) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ким томонидан амалга оширилади?

Афв этиш Президент томонидан Фармон қабул қилиш орқали амалга оширилади. Президент ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин.

Кимларга нисбатан қўлланилади?

Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Қандай шаклларда амалга оширилади?

Афв этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш;

жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш;

умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш;

судланганликни олиб ташлаш.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни қайси орган кўриб чиқади?

Илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг фуқаролик ва афв этиш шуъбаси (Шуъба) Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Илтимосномаларни тақдим этиш тартиби қандай?

Илтимоснома  маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Президент номига ёзма шаклда берилади.

Агар илтимоснома қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган) томонидан берилган бўлса, маҳкумнинг ёзма розилиги олиниши шарт. 

Илтимоснома Шуъбага:

- жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти ёки ҳукмни ижро этувчи бошқа орган;

- судланганликни олиб ташлаш бўйича афв этиш тўғрисидаги илтимоснома берилган ҳолларда мустақил равишда юборилади.

Шуъба ўрганиш натижалари бўйича афв этиш тўғрисидаги илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб 10 кун давомида:

- илтимосномани белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилади;

- агар ҳужжатларни беришда ёки расмийлаштиришда ушбу Низом талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса, илтимосномани кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этади ва илтимосномани у келган органга ёхуд уни юборган шахсга қайтаради. Бунда афв этиш тўғрисидаги илтимоснома аниқланган камчиликлар бартараф этилгандан кейин, у қайтарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан такроран тақдим этилиши мумкин.

Илтимоснома ва тайёрланган тегишли материаллар Шуъба томонидан Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун киритилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш тартиби қандай?

Илтимосномани Комиссия томонидан кўриб чиқиш муддати илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги лозим.

Илтимосномани кўриб чиқишда нималар эътиборга олинади?

- содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси;

- жазони ўташ ёки ижро этиш вақтида маҳкумнинг хулқ-атвори (тузалиши);

- ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми);

- маҳкумга нисбатан муқаддам амнистия акти, афв этиш қўлланилганлиги ёки жазодан муддатидан илгари шартли озод этилганлиги, жазонинг енгилроқ жазо билан алмаштирилганлиги;

- жиноят оқибатида етказилган зарарнинг қопланганлиги;

- маҳкумнинг шахси, соғлиғи ҳолати, судланганлиги, оилавий аҳволи ва ёши;

- Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг хулосалари;

- Комиссия илтимосномани кўриб чиқиш учун муҳим деб ҳисоблаган бошқа ҳолатлар.

Илтимоснома ижобий кўриб чиқилганда, Комиссия Президентга таклиф киритади. Рад этилганда, Шуъба бу ҳақда 1 кун давомида илтимоснома берган шахсни хабардор қилиш учун илтимоснома келиб тушган органга ёки илтимосномани мустақил равишда юборган шахсга хабар беради.

Илтимосномасиз ҳам афв этишни амалга ошириш мумкинми?

Президент маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин.

Лобар Розимова,

"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш:

Бошқалар

3-октябр 2025, 07:18
828

Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.


29-сентябр 2025, 07:30
699

Қимматли қоғозлар бозори: қарорларнинг бажарилиши ва уларга нисбатан шикоят қилиш тартиби

Қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой.


20-сентябр 2025, 08:01
585

Касаначининг меҳнатига ҳақ тўлаш

Касаначининг меҳнатига ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилаётганда ёки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мунтазам вақт оралиғида ҳақ тўланиши керак.


30-сентябр 2025, 10:14
549

1 октябрдан нималар ўзгаради?

Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади.