currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларАҳоли ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари

Аҳоли ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари

Life Style

calendar

14.05.2026

eye

53

Аҳоли ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари

Жамият тараққиёти, давлат барқарорлиги ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши бевосита фуқароларнинг қонунга бўлган ҳурмати ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ. Аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият етарли даражада шаклланмаган ҳолларда эса ҳуқуқий нигилизм деб аталувчи салбий ҳолат юзага келади.

Ҳуқуқий нигилизм — бу қонунларга беписанд қараш, ҳуқуқий нормаларни менсимаслик, давлат талабларига лоқайд муносабатда бўлиш каби кўринишларда намоён бўлади. Мазкур иллат жамиятда турли ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишига, фуқаролар ўртасида ишончсизлик муҳитининг шаклланишига ҳамда давлат тараққиётига жиддий зарар етказади.

Бугунги кунда коррупция, жамоат тартибини бузиш, безорилик, фирибгарлик, алдов йўли билан мол-мулкни ўзлаштириш каби ҳуқуқбузарликлар ҳуқуқий нигилизмнинг энг хавфли оқибатларидан бири ҳисобланади. Ушбу иллатлар нафақат алоҳида шахс манфаатларига, балки жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда маънавий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Жумладан, Жиноят кодекснинг 210-моддасида коррупция яъни пора олиш учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланиб, бирор ишни қилиш ёки қилмаслик эвазига пул, қимматбаҳо буюм ёки бошқа манфаат олиши, —  базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-1-моддасида пора бериш — бу бирор ишни ўз фойдасига ҳал қилдириш учун мансабдор ёки давлат хизматчисига пул, қимматбаҳо буюм ёки бошқа манфаат бериш учун жавобгарлик белгиланган.

Бундай ҳаракат қонунга хилоф бўлиб, у учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин.

Аввало, коррупция жамият тараққиётининг энг катта тўсиқларидан биридир. Порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат маблағларини талон-торож қилиш каби ҳолатлар иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, инвестицион жозибадорликни камайтиради ҳамда аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини сусайтиради. Коррупция оқибатида адолат тамойили бузилади, ҳалол меҳнат ва қонуний фаолият қадрсизланади. Натижада фуқароларда “қонун билан эмас, таниш-билиш ёки ноқонуний йўллар билан муаммоларни ҳал қилиш мумкин” деган нотўғри тушунча шаклланади. Бу эса ҳуқуқий онгнинг емирилишига олиб келади.

Ҳуқуқий нигилизмнинг илдизлари кўпинча ҳуқуқий тарбиянинг сустлиги, оилада ва таълим муассасаларида қонунга ҳурмат руҳининг етарли шакллантирилмагани, айрим ҳолларда эса ҳуқуқбузарлик учун жазонинг муқаррарлигига ишончнинг пастлиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли ушбу муаммони бартараф этишда фақат жазолаш чораларини кучайтиришнинг ўзи етарли эмас. Энг аввало, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий нигилизмга қарши курашишда муҳим омил ҳисобланади. Фуқаролар қонун барча учун тенг ишлашига ишонч ҳосил қилган тақдирдагина жамиятда қонунга ҳурмат кучаяди. Жазодан қочиб қутулиш мумкин эмаслиги, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун муқаррар жавобгарлик мавжудлиги ҳақидаги тушунча жамиятда мустаҳкам қарор топиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий нигилизм жамият тараққиёти учун хавф туғдирувчи салбий иллатлардан биридир. Коррупция, безорилик, жамоат тартибини бузиш, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар фуқаролар фаровонлиги, давлат барқарорлиги ҳамда адолат тамойилларига жиддий зарар етказади. Шу боис ҳар бир фуқаро қонунларга ҳурмат билан қараши, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Қонун устувор бўлган жамиятдагина тараққиёт, тинчлик ва адолат таъминланади.

Улашиш: