currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларАҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш бўйича инқилобий ҳужжат қабул қилинди

Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш бўйича инқилобий ҳужжат қабул қилинди

Ўзбекистон

calendar

25.07.2021

eye

330

Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш бўйича инқилобий ҳужжат қабул қилинди

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 24 июль куни давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Хусусан, Фармон билан 2021 йил 1 ноябрдан: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно); Давлат хизматлари марказлари, “Лицензия” ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади ҳамда давлат хизматини кўрсатиш тўлиқ якунланади. Бунда ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилиб, кейинчалик давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан акцептсиз ундириб олинади. 2022 йил 1 январдан 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди.

Маълумот учун: Хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган герб бланкаси учун йиғим ундириш бекор қилинди.
2021 йил 1 декабрдан бошлаб:
  • чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга ошириш;
  • лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар дубликатини (QR-код қўйилган ҳужжатлардан ташқари) бериш учун тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан (24 минг сўм) ошмаган миқдорда белгиланмоқда (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно);
2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш, шу жумладан, давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширишни йўлга қўйиш белгиланди. 2022 йил 1 январдан қуйидаги 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинди: а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни: тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини; лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни; давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни; қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисида маълумотларни; кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни; жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни; олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини; жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни; жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни; фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни; ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни; олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни; б) қуйидаги ҳужжатларни: молиявий ҳисоботлар нусхаларини; жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни; ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисида маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади. Давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ушбу 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади. Фармоннинг яна бир муҳим томони 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтириши шартлиги белгиланди. Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу вазифаларнинг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиб боради. Фармонда турли коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказишда қуйдагича янги тартиб белгиланди: * мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади; * малака сертификатларини бериш учун ўтказиладиган имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва у бир йил давомида сақланади; * малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун ундириладиган тўловлар Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади; * талабгорлардан имтиҳон олишда саволлар тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади (алоҳида иқтидор ҳамда амалий синовлар талаб этиладиган йўналишлар бундан мустасно); * малака сертификатлари ва аттестация гувоҳномаларини расмий бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечилиб, уларни QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштириш йўлга қўйилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилади. Бу орқали давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобиль алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имкониятини яратилади. Фармоннинг 2-иловаси билан 2021-2023 йилларда қўшимча 87 турдаги хизматни давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланди. Бунинг натижасида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 157 тадан 244 тагача ошади. Фармоннинг 4-иловасига мувофиқ вазирлик ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда улар ўртасида электрон маълумот алмашишни йўлга қўйиш ҳисобига 59 турдаги давлат хизматини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилмоқда. 2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилишда композит хизмат кўрсатишни йўлга қўйилиши белгиланди. Бунда, тиббиёт бирлашмаси томонидан вафот этган шахс тўғрисидаги тиббий маълумотнома махсус ахборот тизими орқали ФҲДЁ органига юборилади. ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг 1 иш кунида шахснинг ўлимини “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида қайд қилади ва QR-код билан тасдиқлайди; ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари хоҳишига кўра ҳамда уларнинг аризасига асосан шахснинг вафот этганлигини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб бериши ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юбориши ҳам мумкин. Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи комиссияси ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди: Унга кўра Республика ишчи комиссияси: * давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади; * давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини, шу жумладан, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида қўлланиладиган маълумотларнинг рақамлаштирилганлиги ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиб, хизмат кўрсатувчи органларнинг ҳисоботларини тинглаб боради; * мазкур Фармонда назарда тутилган давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлган вазифа ва топшириқларнинг ижросини назорат қилиб боради; * давлат хизматларини тақдим этишни оптималлаштириш, тартиб, муддат ва зарур ҳужжатларни қисқартириш бўйича чоралар кўради; * жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини самарали кўрсатишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган топшириқ ва кўрсатмалар бериб боради; * давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади. Фармон билан Давлат хизматлари агентлиги марказий аппарати тузилмасида директор ўринбосари лавозими тугатилиб, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари лавозимлари жорий йилинди. Эндиликда, директорнинг биринчи ўринбосари давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантиришга, давлат органларининг давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришга ҳамда Давлат хизматлари агентлиги тизимида давлат хизматлари кўрсатилишини ташкил этишга; Директор ўринбосари давлат хизматларини рақамлаштиришга ҳамда илмий-таҳлилий фаолият ва давлат хизматлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга масъул бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ҳузуридаги Ахборот хизматларини ривожлантириш маркази негизида Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази ташкил этилди ҳамда унга қўшимча 6 та вазифа юклатилди. Эндиликда марказ аҳолининг турли ижтимоий қатламлари томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаб, уларни илмий таҳлил қилиб бориш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон Республикасига имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифларни ҳам амалга оширади. Фармон билан 2022 йил 1 январдан Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба “автомобиль тарихи” давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали мурожаат қилиб, автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида шартномавий асосда маълумот олиш имконияти яратилади. Фармон билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Давлат персоналлаштириш маркази, Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Кадастр агентлиги, “O‘ZSUVTA’MINOT” АЖ ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланишини таъминлаш ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга “ягона мижоз” тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйиш юклатилди. Шунингдек, Фармон билан Адлия вазирлигига: 2021 йил 1 декабрга қадар 2022–2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш; икки ой муддатда вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари биноларида зарур техник жиҳозлар билан таъминланган “Саломатлик бурчаклари”ни ташкил қилиш; маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда 2021 йил 20 августга қадар давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари биноларида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган экспозициялар ташкил қилиш вазифалари юклатилди. Шунингдек, Фармон билан давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш, муддатлар ва талаб қилинадиган ҳужжатларни қисқартириш ҳамда рақамлаштириш бўйича 23 та банддан иборат “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган бўлиб, унда белгиланган вазифалар ҳам давлат хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига енгилликлар яратишга қаратилган. Фармон том маънода бюрократиянинг олдини олиш, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштириш, муддатлар ва талаб қилинадиган ҳужжатларни қисқартириш ҳамда рақамлаштиришга қаратилган жуда муҳим “инқилобий ҳужжат” бўлди.

Бунёд АЗИЗОВ, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи 

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 764

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 717

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 607

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 601

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: