currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар“Аёл ўқиса, камбағаллик фоизи пасаяди” — Люксембург университети докторанти

“Аёл ўқиса, камбағаллик фоизи пасаяди” — Люксембург университети докторанти

Ўзбекистон

calendar

25.08.2023

eye

1 266

“Аёл ўқиса, камбағаллик фоизи пасаяди” — Люксембург университети докторанти

Агар аёл ҳам илм-фанда илғор кучга айланса, инсоният тарихи бошқача ёзиларди. Аммо жаҳонда олималар яратган назария, лаборатория ва мактаблар ҳам йўқ эмас. Улар сабаб миллионлаб тақдирлар ўзгарган. Ўзбек олималари ҳам бугун нафақат юртда, балки хорижда, катта илм даргоҳларида тадқиқот олиб бормоқда, айримлари йўналишига асос солиб, мактабини яратяпти. “Hudud24.uz” хориж таълим даргоҳларида илм билан банд ўзбек хотин-қизларини таништиришда давом этади.

Бу галги қаҳрамон Люксембург ижтимоий-иқтисодий тадқиқот маркази ва Люксембург университети докторанти, мутахассис Гулноза Қўлдошева.

— Сиз билан бир анжуманда кўришганимда қатор давлатларда ўқиб, стажировкаларда бўлганингизни айтгандингиз. Илмий доираларданку деярли узилмайсиз. Шу чоққача қайси ўлкалар таълимини кўриб, таҳсил олдингиз?

— Дунё кўриш ва чет университетларда ўқиш одатга айланса, қизиқ бўларкан. 2015–2018 йиллари Жанубий Кореянинг Кукмин университетида ҳукумат гранти асосида магистратурада ўқидим. Кореядаги тажрибадан кейин Буюк Британиянинг UCL (University College London) университетида Чевенинг дастури бўйича шаҳар иқтисодиёти мутахассислигида яна магистратурани битирдим. 2019 йили Англиядан қайтиб, ўзимиздаги хусусий университетда ўқитувчилик қилдим. Сўнг бир неча марта АҚШ, Европа давлатларида қисқа муддатли илмий стажировкаларга бориб-қайтдим. Ҳозир оилам билан Жанубий Кореядаман.

Гулноза Қўлдошева 31 ёш. Жиззах вилоятида туғилган. Иқтисодчи тадқиқотчи. Тошкентдаги Вебстер университетида маърузачи. Люксембург ижтимоий-иқтисодий тадқиқот маркази ва Люксембург университети докторанти. Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида яшайди. Шаҳарлар иқтисодиёти, шаҳарни режалаштиришнинг ижтимоий-иқтисодий тенгсизликка таъсири мавзуларида мустақил тадқиқот олиб боради.

— Бизники билан солиштирганда фарқ анча катталиги яққол билинса керак?

— Ҳа, шундоқ билинади. Бакалаврни Ўзбекистонда ўқиганим учун четдаги муҳит ва тизимдан аввалига роса ҳайратланганман. Корея, Буюк Британия ва АҚШда яшаб-ўқиб, билдимки, у ерларда таълим  эркин ва босимлардан ҳоли.

Ўзбекистон олий таълим тизимида муаммолар камайиш ўрнига янаям кўпаяётгандек, менимча. Буни бир муддат ватанда ишлаб-яшаб яққолроқ сездим. Биз “Teacher centered” услубига ёпишиб олгандекмиз. Аксинча, “Student centered” услуби устун бўлиши керак. Бунда ўқитувчи асосий фигура, ҳамма маълумотни улашувчи шахс эмас, балки ўрганиш жараёнини мувофиқлаштирувчи бўлади. Кейин талабада ҳам мустақил изланиш, манбалар билан ишлаш, масъулият ва вақтни тўғри тақсимлаш кўникмаси шаклланаверади.

Вазифаларни бажаришда ижодий ва эркин ёндашув, таҳлилий ва танқидий баҳолашни кенг тарғиб қилайлик. Бу қандайдир масала пайдо бўлса, мослашувчанлик, эркин ва креатив фикрлаш кўникмасини оширади.

Университетлар қошида илмий тадқиқот марказларимиз кам. Аксар таълим муассасалари асосан таълим бериш ва ўқитиш вазифаси билан чекланган. Илмий изланиш фаолиятимиз жуда суст.

[caption id="" align="alignnone" width="1280"] ФОТО: Гулноза Қўлдошеванинг шахсий архивидан[/caption]

— Нима қилиш керак бунақа вазиятда?

— Монотонликдан қочиб, фан дастурларини мунтазам бойитиш, янгилаш, таълим ва ишлаб чиқаришдаги бўшлиқни йўқотиш керак. Ёшлар бандлиги ҳақида кўп гапирамиз, лекин қанийди, шу муаммо амалда реал рақамларда ҳал этилса! Ўзбекистондаги ёшлар бандлиги бўйича амалий тадқиқотларимизда гувоҳ бўлдик: фирма ва корхоналарда кадрлар етишмовчилиги бор — ўқишни энди битирганлар эса ишсиз.

Таълим ва ишлаб чиқариш бир-биридан узилган. Маъруза ва семинарларни муҳокама ва баҳс, жамоавий ишлар, технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтишдан ташқари машғулотлар потенциал иш берувчи билан ҳамкорликда бўлса, яхши эди.

— Илмда, ўқишда, умуман, жамият ҳаётида аёллар улуши ортса, кўпчиликка фойдали бўлади, менимча. Бу тадқиқотларда ҳам асосланганку, тўғрими?

— Аёлнинг кучини тўғри баҳолаб, унга йўл берилса, тараққиёт масштабини тасаввур ҳам этолмайсиз. Тадқиқотларда исботланган бу. Аёллар таълимининг камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ўсишга таъсири ҳам катта. Ўқиган аёл, табиийки, молиявий мустақилликка ҳам эриша олади. Давлат иқтисодиётига эркак билан баравар ҳисса қўшиши ёки унданда кўп фойда келтириши мумкин. Энг катта хизмати эса миллат тарбиясида билинади.

Илмий доираларда ҳам сафимиз кенгайяпти. Ўзим кузатадиган RepEc лойиҳаси бор. Лойиҳа чоп этадиган мақола ва илмий ишлар орқали иқтисодиёт соҳасида аёллар улуши ҳисоблаб борилади. Унга кўра, ҳозирда олималар иқтисодий тадқиқотларнинг 26,3 фоизини олиб борадилар. Иқтисод илмида олималар кўпаяётгани икки карра яхши натижа, менимча.

Ривожланаётган ва ривожланган давлатлар алоҳида таҳлил қилинса, аёлларнинг иқтисодий тадқиқотлар олиб боришдаги улуши ҳам анча юқори. Масалан, Бангладеш, Эрон, Нигерия, Мексикада бу ўртача 15 фоизни ташкил этса, Европа Иттифоқи давлатларида 25–28 фоизга етади. Ўзбекистонда ҳам рақамлар ошишидан умидворман.

Сиз шаҳарлар иқтисодиётини тадқиқ этасиз. Эътибор берилса, бугунги Тошкентнинг лойиҳалаштирилиши шаҳар аҳолиси учун ноқулай. Яшил ҳудуд камаймоқда, қулай инфратузилма ўрнига акси тақдим этилаётгандек. Шаҳарсозликнинг бундай ривожланиши иқтисодий кўрсаткичга, даромадлар тенгсизлиги ёки аҳоли ўсиш-камайишига қанчалик таъсир қилади?

— Шаҳар аҳолисининг маълум бир ҳудуддаги концентрацияси, агломерация иқтисодиёти инфраструктура харажатларини камайтириб, кўлам самараси орқали иқтисодий ўсишга ҳисса қўшиши сир эмас. Кўпинча шаҳарларни самарали лойиҳалаштириш бундай муаммоларга ечим бўла олиши таъкидланади.

[caption id="" align="aligncenter" width="1280"] Маями университети профессори Элизабет Плейтер-Зиберк билан ФОТО: Гулноза Қўлдошеванинг шахсий архивидан[/caption]

Шу билан бирга шаҳарни лойиҳалаштириш муайян тамойилларга амал қилмаган ҳолда юз берса, даромад тенгсизлиги, аҳоли саломатлиги ва экологияда жиддий, салбий оқибатлар кузатилади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир нечта ҳаракат ва илмий гуруҳлар вужудга келган аллақачон. Масалан, АҚШда Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил топган “Янги урбанизм”, Европанинг «15 дақиқалик шаҳар”, Кореянинг “Ақлли шаҳар” концепцияси шаҳарсозлик муаммоларини ечишга қаратилган ва давлат даражасига кўтарилган стратегиялардан бири. Экологик барқарорлик, иқтисодий-ижтимоий тенгсизликка қарши кураш, иқтисодий ўсиш буларнинг ҳаммасида учрайдиган умумий, муштарак мақсад десак бўлади.

Economist Intelligence Unit (EIU) ҳар йили дунёнинг яшаш учун энг қулай шаҳарлари рўйхатини эълон қилади. Шаҳарлар соғлиқни сақлаш, таълим, барқарорлик, инфратузилма ва атроф-муҳит кўрсаткичлари бўйича баҳоланади. Булар инсон турмуш сифатига билвосита ва бевосита таъсир кўрсатадиган омиллардандир.

[caption id="" align="alignnone" width="1024"] “Ақлли шаҳар” концепцияси. Бундай шаҳарларда йўловчи ва велосипедлар учун қулай, хавфсиз йўлаклар, трамвай ва электр билан ҳаракатланувчи автобус, шахсий уловнинг камлиги, электрдан қувватланадиган машиналар, йўл назорат системаси, тоза электр манбаси, қуёш панелларига урғу қўйилади. Инфографика: Wikipedia[/caption]

Мен шулар ичидан атроф-муҳит ва яшил ҳудудларнинг мавжудлик кўрсаткичларини таъкидламоқчиман.

Охирги йиллари иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг сезиларли даражада ошиши ортидан энергетик танглик кузатиляпти, жамоат транспорти ва енгил автомобиллар қатнови ошгани сари ис гази кўпайяпти, қурилиш ишлари жадаллашиб, ҳаво сифати бузиляпти.

Тошкент эса ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида етакчи.

Бизнинг контекстда ҳарорат ошишининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганадиган тадқиқотлар, афсуски, ҳали етарли эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан инсон соғлиғи учун ҳар 300 метрлик масофа ичида 0.5 гектарлик яшил ҳудуднинг мавжудлиги тавсия этилади.

Бизда эса яшил ҳудудлар тавсия этилган кўрсаткичдан анча кам ва аҳоли пунктлари ўртасида нотекис тақсимланган.

Яшил ҳудуд, истироҳат боғлари, транспорт бекатларига яқин ҳудудларда уй-жой нархлари ҳам юқори бўлади ва ҳаммада ҳам бундай қулайликлардан фойдаланиш имконияти бўлмаслиги мумкин.

Шу боис энг намунали шаҳарларда ҳудудларни лойиҳалаштираётганда тенгсизликнинг олдини олиш мақсадида аралаш (турар жой, тижорат ва бошқа мақсадларда) фойдаланиладиган биноларнинг бўлиши, йўл инфратузилмасининг асосан пиёдалар учун хавфсиз ва қулайлиги, ижтимоий ва жамоат масканлари, яшил ҳудудларнинг мувозанатли равишда тақсимланиш амалиёти кенг учрайди.

— Айрим давлатлар билан муаммоларимиз ўхшаш, ечим формуламиз бошқа бўлиши аниқ. Сиз яшаган шаҳарларда муаммолар қандай ҳал этилган?

— Эслатиб ўтай, маълумотим бўйича шаҳарсоз эмасман. Шаҳарсозлик, жойларни лойиҳалаштириш, ҳудудлаштиришнинг даромадлар тенгсизлиги, аҳоли турмуш сифатига қандай бевосита ва билвосита таъсирларини назарий жиҳатидан ўрганаман.

Ривожланган давлатлар, шунингдек, тарихда биз босган йўлга ўхшаш ривожланиш йўлини босиб ўтган, тез саноатлашаётган ўлкалар тажрибасини ўрганиб, қуйидагиларни шаҳарсозлик амалиётимизга киритишни тавсия этган бўлардим:

• Жойларни, ҳудудларни лойиҳалаштиришда тайинли бош лойиҳа-режа асос бўлиши керак;

• Шаҳарсозлик лойиҳаларини олиб боришда кучли сиёсий етакчиликка эришиш лозим;

• Жойларни лойиҳалаштиришда турли ташкилотларнинг ролларидаги ноаниқликдан қочиб, амалга оширувчи ташкилот аниқ белгилаб олиниши керак;

• Шаҳарсозлик борасидаги техник малака ва кўникмаларнинг мавжудлиги, барча жалб қилинган томонларнинг лойиҳалаштириш юзасидан маълумотга эгалиги жуда муҳим;

• Ривожланиш лойиҳаларида жамоатчилик иштироки аҳамиятли. Самарали иштирок учун эса лойиҳаларни жамоат муҳокамасига қўйиш, фуқароларнинг шаҳарсозлик борасидаги базавий билимларини ошириб бориш, лойиҳалар статуси билан таништириш халқнинг жойларга дахлдорлиги ва масъулиятини оширади.

• Шаҳарсозлик лойиҳалари муваффақиятини таъминлаш учун узоқ муддатли лойиҳа режаси билан бир қаторда қисқа муддатли ҳаракатлар режаларини аниқ ишлаб чиқиш лозим.

Ўзингиз кўрган, маълум муддат яшаган жойлардаги шаҳар ва чет ҳудуд тафовути нималарда билинган? Фарқ нечоғлик катта?

— Шу чоққача, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Шарқий Осиёнинг бир қатор шаҳарларида бўлдим. Албатта уларнинг баъзиларида шаҳар ва ҳудудлар орасидаги фарқ сезиларли даражада катта бўлмасада, баъзиларида кичкина маҳаллий ҳудуд, массивнинг ичида ҳам жуда катта тафовут сезилади.

АҚШнинг Маями шаҳридаги туманларда аҳоли турар жойлари ва кўп қаватли уй биноларини ўз ичига оладиган маҳаллалар орасидаги ижтимоий, иқтисодий фарқдан ҳайратланганман.

Тасаввур қилинг, ҳудуддаги ягона университет биносидан ташқарида хонадонлар бор. Улар атрофида кузатув камералари ўрнатилган. Жиноят ва ҳалокатлардан ҳоли, яшил ҳудуд ва боғлардан иборат аҳоли пункти мавжуд.

Шундан 10 дақиқа пиёда масофада асосан мигрантлар, қора танлилар яшайдиган, деразаси панжаралар билан тамғаланган стандарт, икки қаватли уйлар туради. Бирор яшил бута кўзга ташланмайди. Мактаб, шифохона ёки савдо маскани мавжуд эмас. Фарқни кўряпсизми?

Жанубий Кореяни оладиган бўлсак, аҳолиси Ўзбекистонникидан икки карра кўп, ҳудудий жиҳатдан тўрт марта кичкина. Лекин тез суръатда саноатлашиб, иқтисодий ўсаётган бу юртда шаҳарсозлик бошқача табиатга эга.

Корея ҳам 1960 йиллари аҳолининг қишлоқлардан ягона катта шаҳар – Сеул ва унинг ёндош ҳудудларига оммавий кўчиши, уй-жой танқислиги, инфратузилманинг босим остига тушиши каби муаммоларга учраган.

Кейинчалик давлат сиёсати даражасида ҳудудлардаги тафовутни енгиш сиёсатини ишлаб чиқиб, фискал марказсизлашув, шаҳарсозликда маҳаллий ҳокимликларнинг мустақиллиги орқали ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишидаги фарқни камайтиришга эришган.

Пойтахт Сеулда аҳолининг зичлашиш муаммоси мамлакат бўйлаб инновация ҳудудлари ва кластерларини ташкил этиб, аҳоли ўсиши мутаносиблигига маълум даражада эришилди.

Жанубий Корея ҳудудларида биздаги қишлоқ-шаҳар тафовутини сезиш қийин. Ҳудудларда, энг чекка жойларда ҳам ахборот ва транспорт инфратузилмаси ривожланган. Бунда мамлакатнинг ҳудуд жиҳатидан кичиклиги ва аҳоли зичилигининг юқорилиги катта роль ўйнаган.

— Нуфузли даргоҳда илмий тадқиқот олиб бораётган олиманинг келажакдаги режалари қандай?

— Шу йилнинг октябридан Люксембург ижтимой-иқтисодий тадқиқотлар маркази ва Люксембург университетида тадқиқотчи сифатида иш бошлайман.

Докторлик диссертациямни ёзишга киришаман. Мавзуйим эса жойларни режалаштириш (urban planning)нинг маҳаллий даражада иқтисодий тенгсизликка таъсири, тенгсизликнинг бир авлоддан иккинчи авлодга ўтиши, ва занжирнинг узилиш омиллари ҳақида бўлади.

Қолган янгиликлар кейин бўлиб қолар.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.

Мавзуга доир: “Дадам ‘Жигули’сини сотиб контрактимни тўлаганди, мен эса Хитойда ўқиб-ишлаб, ‘Nexia’ ва квартира олиб бердим” — иқтисодчи Зебо Кулдашева  

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 720

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 711

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 602

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 564

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: