currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларДахлсизлик ҳуқуқига эга шахслар кимлар?

Дахлсизлик ҳуқуқига эга шахслар кимлар?

Ҳуқуқ

calendar

12.11.2026

eye

79

Дахлсизлик ҳуқуқига эга шахслар кимлар?

Қонун олдида барча тенг. Бироқ айрим шахсларнинг хизмат вазифаси, ҳуқуқий мақоми ёки давлат ва жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни сабабли уларга нисбатан махсус ҳуқуқий кафолатлар белгиланган. Шундай кафолатлардан бири — дахлсизлик ҳуқуқидир.

Хўш, дахлсизлик ҳуқуқи кимларга берилади? Бу ҳуқуқ шахсни жиноий ёки маъмурий жавобгарликдан озод қиладими? Дахлсизликка эга шахс жиноят содир этганликда гумон қилинса, уни ушлаб туриш ёки жавобгарликка тортиш мумкинми?

Қуйида ушбу саволларга қонунчилик асосида жавоб берамиз.

 

Дахлсизлик ҳуқуқи нима ва у нима учун керак?

Дахлсизлик ҳуқуқи — қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз вазифаларини ташқи босим, асоссиз таъқиб ёки аралашувларсиз амалга оширишини таъминлашга қаратилган махсус ҳуқуқий кафолатдир.

Бу ҳуқуқ шахсга қонунни бузиш ёки жавобгарликдан қочиш имкониятини бермайди. Аксинча, уни жавобгарликка тортишда қонунчиликда назарда тутилган махсус тартиб ва процессуал кафолатларга риоя этилишини талаб қилади.

Демак, дахлсизлик — жавобгарликдан мутлақ озодлик эмас, балки шахснинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиқадиган алоҳида ҳимоя механизми ҳисобланади.

 

Дахлсизликка эга шахслар кимлар?

2026 йил 15 октябрдан кучга кирган ЎРҚ-1182-сон Қонун билан дахлсизлик ва иммунитет ҳуқуқига эга шахслар доираси, уларга нисбатан жиноят ишларини юритиш, ушлаб туриш ва жавобгарликка тортишнинг алоҳида тартиби белгилаб берилди.

Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган 546²-модда ва ундан кейинги моддалар бу масалаларни батафсил тартибга солади.

Ушбу қонунчиликка мувофиқ, қуйидаги шахслар дахлсизлик ҳуқуқига эга:

1. Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар. Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзолари ўз ваколатларини амалга ошириш даврида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади.

2. Омбудсман ва Болалар омбудсмани. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мустақил фаолиятини таъминлаш мақсадида уларга алоҳида ҳуқуқий кафолатлар берилган.

3. Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари. Ушбу ходимларга нисбатан дахлсизлик кафолатлари, шунингдек, Администрациядаги вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатлари учун ишдан бўшатилганидан кейин беш йил давомида ҳам сақланади.

4. Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил (Бизнес-омбудсман). Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам дахлсизлик ҳуқуқига эга.

5. Маҳаллий Кенгаш депутатлари. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари. Уларнинг дахлсизлик ҳуқуқи тегишли ҳудуд доирасида амал қилади.

6. Судьялар. Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, ҳудудий судлар, туманлараро ва туман судлари судьялари дахлсизлик ҳуқуқига эга. Шунингдек, собиқ судьялар ҳам судьялик вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ушбу кафолатдан фойдаланади.

7. Марказий сайлов комиссияси аъзолари. Сайлов жараёнларининг мустақил ва қонуний ўтишини таъминлаш мақсадида уларга ҳам дахлсизлик кафолатлари берилган.

8. Президентликка номзодлар. Президентликка номзод мақомига эга бўлган даврда шахс дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади.

9. Прокурорлар, терговчилар ва суриштирувчилар. Уларнинг хизмат фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида алоҳида процессуал кафолатлар белгиланган.

10. Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари. Ушбу тоифадаги ҳарбий хизматчилар ва ходимлар хизмат вазифаларини бажариш чоғида дахлсизлик ҳуқуқига эга.

11. Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат ходимлари. Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимлари ҳам ушбу ҳуқуқдан фойдаланади.

12. Адвокатлар. Адвокатларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва уларнинг мустақиллигини таъминлаш учун махсус ҳуқуқий кафолатлар жорий этилган.

 

Иммунитетга эга бўлган шахслар кимлар?

Дахлсизлик ва иммунитет тушунчалари бир-бирига яқин бўлса-да, уларнинг ҳуқуқий мазмуни бир хил эмас.

Дахлсизлик шахсга нисбатан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, ушлаб туриш ёки жавобгарликка тортишда махсус тартибга риоя этилишини англатади.

Иммунитет эса қонун билан белгиланган доирада шахсни муайян ҳаракатлари учун ҳуқуқий таъқибдан ҳимоя қилишни назарда тутади.

ЎРҚ-1182-сон Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган 546⁴-моддасига мувофиқ, қуйидагилар иммунитетга эга шахслар ҳисобланади:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти;

— Президент Администрациясининг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, шу жумладан собиқ турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси);

— Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари — хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари, ҳаракатсизлиги, билдирган фикри ва берган кўрсатмалари юзасидан;

— Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, шунингдек маҳаллий Кенгаш депутатлари — овоз бериш, фикр билдириш ва ўз ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари учун;

— Конституциявий суд, Олий суд ва бошқа судлар судьялари, шунингдек собиқ судьялар — одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлари ва билдирган фикрлари юзасидан.

Бунда судьянинг олдиндан била туриб адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариши иммунитет билан ҳимоя қилинмайди.

Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан:

суриштирув, тергов ҳаракатларини ёки бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишга;

жиноят ишини қўзғатишга;

уларни ишда жиноят процесси иштирокчиси сифатида жалб қилишга (бундан жабрланувчи, қонуний вакил ёки фуқаровий даъвогар сифатида ўз розилиги билан жалб этилган ҳоллар мустасно);

ушлаб туриш чорасини, эҳтиёт чорасини ёки бошқа процессуал мажбурлов чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

 

Иммунитет қанча муддат амал қилади?

Иммунитетнинг амал қилиш муддати шахснинг ҳуқуқий мақомига қараб фарқ қилади.

Масалан, Президент Администрациясининг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан иммунитет улар мансабидан ёки Администрациядан ишдан бўшатилганидан кейин ҳам умрбод сақланади.

Администрациянинг бошқарув ходимлари учун эса иммунитет улар ишдан бўшатилганидан кейин беш йил давомида амал қилади.

Депутатлар ва сенаторларнинг ўз ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ фикрлари ва ҳаракатлари учун иммунитети ваколат муддати тугаганидан кейин ҳам сақланади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлари ва фикрлари юзасидан ҳам собиқ судьяларга нисбатан тегишли кафолатлар амал қилади.

 

 

Дахлсизлик ҳуқуқи бузилса, қандай жавобгарлик бор?

Қонунчиликда дахлсизлик ва иммунитет ҳуқуқига эга шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Жиноят кодексига киритилган 230³-моддага мувофиқ, дахлсизлик ёки иммунитетга эга шахсни била туриб қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, мажбурий келтириш, унга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари, суриштирув ёки тергов ҳаракатларини амалга ошириш, шунингдек бундай ҳаракатларга буйруқ ёки топшириқ бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай қилмиш учун:

— муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

— ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Агар ушбу ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, далилларни сохталаштириб ёхуд шахсни қамоққа олиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш орқали содир этилса, жазо 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: