Ҳуқуқ
19.08.2026
688

Солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ тўлаш ҳар бир фуқаро ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахснинг қонуний мажбуриятларидан биридир. Солиқ мажбуриятларини қасддан бажармаслик эса маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддасида солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган.
Фойдани ёки даромадни қасддан яшириш, солиқ солинадиган бошқа объектларни атайлаб камайтириб кўрсатиш, шунингдек солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш қонунчиликка хилоф ҳисобланади.
Бундай ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда:
▪️ фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача;
▪️мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача
миқдорда жарима солиниши мумкин.
Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса, жавобгарлик янада кучаяди.
Бунда:
▪️фуқароларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача;
▪️ мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Қонунчиликда даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан боғлиқ талабларни бузганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.
Жумладан, декларацияни тақдим этишдан бўйин товлаш, уни белгиланган муддатда тақдим этмаслик ёки декларацияда атайин нотўғри маълумотларни кўрсатиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
174-модда мазмунига кўра, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори БҲМнинг 100 бараваридан 600 бараваригача бўлган миқдорни ташкил этади.
Демак, даромад ёки фойдани яшириш, солиқ солинадиган объектларни атайлаб камайтириб кўрсатиш, солиқлар ва йиғимларни қасддан тўламаслик ёки декларацияни белгиланган тартибда тақдим этмаслик жавобгарликка олиб келиши мумкин.
Шу сабабли фуқаролар, тадбиркорлар ва мансабдор шахслар ўзларининг солиқ мажбуриятларини қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда бажаришлари муҳим.
Зиёвуддин Намозов
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.