Ҳуқуқ
22.07.2026
62

Ҳадя шартномаси мулкни бошқа шахсга беғараз равишда топширишга қаратилган энг кенг тарқалган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларидан бири ҳисобланади. Бундай шартномалар, одатда, тарафлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эзгу ниятларга асосланади. Шунинг учун ҳам ҳадя қилинган мол-мулк, кўпчилик ўйлаганидек, ҳар доим ҳам қайтариб олинмайдиган мулк эмас.
Бироқ айрим алоҳида ҳолатларда ҳадя шартномасини бекор қилишга қонунчиликда йўл қўйилган. Хусусан, ҳадя олувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари, ҳадя қилинган мол-мулкка нисбатан муносабати ёки бошқа қонунда белгиланган ҳолатлар мавжуд бўлса, ҳадяни бекор қилиш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.
Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.
Қандай вазиятда ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи сақланади?
Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.
Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.
Демак, ҳадя шартномаси беғаразлик тамойилига асосланган бўлса-да, у мутлақ дахлсиз ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди. Қонунда белгиланган айрим ҳолатлар мавжуд бўлганда ҳадяни бекор қилишга йўл қўйилади ва бу, асосан, суд тартибида ҳал этилади.
Шу боис, ҳадя шартномасини тузишдан олдин унинг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаш, шартнома шартларини синчиклаб ўрганиш ҳамда келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Бекжон Исмаилов
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.