currencies image

12 254,27 UZS

30,89

usd

currencies image

14 516,41 UZS

1,49

eur

currencies image

147,89 UZS

0,73

ru



АсосийЯнгиликларДастлабки синов борасида билишимиз зарур бўлган муҳим қоидалар

Дастлабки синов борасида билишимиз зарур бўлган муҳим қоидалар

#NoComment

calendar

16.09.2025

eye

109

Дастлабки синов борасида билишимиз зарур бўлган муҳим қоидалар

Иш берувчи ходимга юклатилган вазифаларни лозим даражада бажара олиш, жамоага мослашувчанлик, юклатилган лавозимига лойиқ эканлигини аниқлаш,бир сўз билан айтганда ходимнинг касбий компетенсияси талаб даражасида эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун раҳбар томонидан дастлабки синов  қўлланилиши мумкин. Хусусан, мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 129-моддасида ўз аксини топиб унга кўра, меҳнат шартномаси қуйидаги мақсад билан дастлабки синов билан тузилиши мумкин:

— ходимнинг топширилаётган ишга мувофиқлигини текшириш;

— меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида ходим томонидан қарор қабул қилиш.

Дастлабки синовдан ўтиш меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши керак. Бундай шартлашув мавжуд бўлмаган тақдирда, ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.

Бироқ мазкур қоида бир қатор субектларни четлаб ўтади, яъниким бу тоифадиги ходимларга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилиши мумкин эмас.

— ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);

— захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар;

— давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;

— тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;

— ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;

— ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

— ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;

— ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;

— жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.

Дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкин. Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.

Меҳнат кодекси 130-моддасига асосан, дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига қўшилмайди.

Меҳнат кодекси 132-моддасига асосан, дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Зухриддин Муҳиддинов,
Мирзо Улуғбек тумани
юридик хизмат кўрсатиш маркази
 бош юрисконсулти

Улашиш: