Тармоқда нима гап?
17.10.2025
54
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 130-моддасига мувофиқ, ходимни ишга қабул қилишда уч ойдан ошмаган муддатга дастлабки синов шарти белгиланиши мумкин. Бу жараён, МКнинг 129-моддасига асосан, икки томонлама мақсадга хизмат қилади: бир томондан, иш берувчи ходимнинг зиммасига юкланаётган ишга лаёқатлилигини текширади; иккинчи томондан, ходим шартлашилган меҳнат фаолиятини давом эттириш мақсадга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилади. Айнан шу сабабдан, дастлабки синов муддати ўзаро муносабатларни расмий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ёки тўхтатиш учун асосий жараён ҳисобланади.
Агар ходим белгиланган синов муддати давомида иш берувчининг талабларига жавоб бера олмаса, яъни синовдан ўта олмаса, Меҳнат кодексининг 132-моддасига мувофиқ, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Эътибор бериш керакки, бу ҳуқуқ фақатгина синов натижаси қониқарсиз бўлган тақдирдагина қўлланилади ва шартнома синов муддати тугагунига қадар бекор қилиниши лозим. Бунда энг асосий ва ҳал қилувчи омил, ходимнинг ўз вазифаларини бажара олмаслигини тасдиқловчи аниқ ва расмий далиллар, яъни далолатнома, йиғилиш баённомаси ёки масъул шахснинг билдиришномаси каби ҳужжатлар билан асосланиши шарт. Шунингдек, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимни камида уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириши шарт.
Ушбу тартибнинг муҳим жиҳати шундаки, МКнинг 132-моддаси асосида шартномани бекор қилиш, иш берувчи ташаббуси билан шартномани бекор қилишнинг бошқа асосларидан (МКнинг 161-моддаси ва бошқалар) алоҳида ва мустақил жараён ҳисобланади. Шу боис, бу жараёнга, масалан, касаба уюшмасининг розилигини олиш, ҳомиладор ёки боласи уч ёшга тўлмаган аёлларни ишдан бўшатишга қўйилган чекловлар ёхуд ходимни бўш бўлган бошқа ишга ўтказиш каби қўшимча ва мураккаб талаблар татбиқ этилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, синовдан ўта олмаган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун, синов натижасининг қониқарсизлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар, ходимга уч кун олдин берилган ёзма огоҳлантириш хати ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилиши талаб этилади. Бу тартибга қатъий амал қилиш меҳнат муносабатларининг қонуний ва шаффоф якунланишини таъминлайди.
Ихтиёр Пайзиев,
«Адолат» МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Қимматли қоғозлар бозори: қарорларнинг бажарилиши ва уларга нисбатан шикоят қилиш тартиби
Қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой.
1 октябрдан нималар ўзгаради?
Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади.
Ходимни дам олиш кунида ишлатиш – қонунийми? Жавобни Меҳнат кодекси беради
Ходимни дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этиш учун унинг розилиги талаб этилади.