Ҳуқуқ
02.09.2025
544

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.
Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилди.
1. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам нима?
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам — бу моддий имконияти чекланган ва ҳуқуқий ҳимояга муҳтож шахсларга адвокатлар орқали бепул малакали юридик ёрдам кўрсатишдир.
2. Ваколатли орган қайси?
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
3. Кимлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатади?
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.
4. Қайси тоифадаги шахслар юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилиши мумкин?
Қуйидаги шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга:
— Кам таъминланган фуқаролар;
— Руҳий ҳолати бузилган шахслар;
— Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқларининг бузилиши муносабати билан судга мурожаат қилган шахслар;
— Жиноят иши бўйича адвокат иштироки мажбурий бўлган гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчилар;
— Маҳкумлар.
5. Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Юридик ёрдам олиш учун шахс:
— Ариза;
— Паспорт (ID-карта) маълумотлари;
— Агар вакил орқали мурожаат этилса — ишончнома ёки тегишли ҳужжатлар;
— Зарур ҳолларда — психиатрия ёрдами кўрсатилаётганини тасдиқловчи маълумотнома ёки суддан маълумот тақдим этади.
6. “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали адвокат қандай танланади?
Адвокатлар “Юридик ёрдам” ахборот тизими (e-advokat.uz) орқали автоматик танланади. Бу тизимда адвокатнинг ихтисослиги, иш юритиш тили ва ҳудуди инобатга олинади. Танланган адвокат белгиланган муддатда ишни қабул қилиши ва юридик ёрдам кўрсатиши шарт. Агар “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали танланган адвокат ишда иштирок этишни рад этадиган бўлса, у рад этиш асосларини дарҳол “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритиши керак. Тизимда рўйхатга олинган авокатлардан бири ишда ўз иштирокини тасдиқламагунича танлаш жараёни давом этади.
7. Давлат ҳисобидан қандай юридик ёрдам турлари мавжуд?
Юридик ёрдам қуйидаги йўналишлар бўйича кўрсатилади:
— Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам масалалари;
— Ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш;
— Алимент ундириш;
— Турар жой масалалари;
— Соғлиққа етказилган зарарни қоплаш;
— Қонунга хилоф ҳаракатлар оқибатида етказилган зарарни қоплаш;
— Маъмурий қамоқ билан боғлиқ ишларда ҳимоя;
— Хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатида;
— Психиатрия ёрдами кўрсатилаётган пайтдаги ҳуқуқий масалалар;
— Жиноят ишлари юзасидан процессуал ҳуқуқлар ҳимояси.
Мадина ҲАМДАМОВА,
“Адолат” МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролар қанча миқдорда нақд пулларни чет элга олиб чиқиш мумкин?
Белгиланган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишига йўл қўйилмайди.
ФҲДЁ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?
ФҲДЁ органларининг фаолияти юзасидан белгиланган тартибда Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига ҳисобот бериши шарт.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
Қандай ҳолатлар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган шартлар ҳисобланади?
Амалиётда дастлабки синов муддати билан ишга қабул қилинган ходимларга бир хил ишни бажарадиган ҳамкасбларига нисбатан меҳнатига тўланадиган ҳақининг камайтирилган миқдорини ўрнатиладиган ҳолатлар учраб туради.