currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДори воситаларини имтиёзли бериш тариби қандай?

Дори воситаларини имтиёзли бериш тариби қандай?

Ўзбекистон

calendar

22.11.2025

eye

192

Дори воситаларини имтиёзли бериш тариби қандай?

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сон қарори билан дори воситаларини имтиёзли бериш тартиби тасдиқланган.

Тиббий хизмат кўрсатиш учун амбулатория-поликлиника муассасаларига бириктирилган беморларга имтиёзли бериш учун мўлжалланган дори воситалари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан белгиланган масъул шахс томонидан берилади.

Дори воситаларини имтиёзли бериш даволовчи врачларнинг тайинлашига мувофиқ дори воситаларини ҳисобга олиш учун белгиланган шакл бўйича талаблар асосида амалга оширилади. Талабнома амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат (ҳужжатлар) асосида ёзилади.

Талабнома дори воситасининг савдо номи, ўрам тури, қадоқлаш ва шу кабилар кўрсатилган ҳолда икки нусхада ёзилади. Талабнома амбулатория-поликлиника муассасасининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланиши ва думалоқ муҳр билан тасдиқланиши керак. Талабноманинг биринчи нусхаси (дори воситалари олинганлиги тўғрисида масъул шахснинг тилхати билан биргаликда) амбулатория-поликлиника муассасаси дорихонасида қолади, иккинчи нусхаси эса – масъул шахс дори воситаларини олганидан кейин унга қайтарилади.

Масъул шахс дори воситалари олинганидан кейин уларни махсус журналда тилхат остида беморга беради. Вояга етмаган беморларга мўлжалланган дори воситалари уларнинг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга берилади. Айрим ҳолларда вояга етган беморнинг ҳолатига қараб дори воситалари унинг қариндошларига берилиши мумкин. Талаб этиладиган дори воситаси амбулатория поликлиника-муассасасида мавжуд бўлмаган тақдирда даволовчи врачлар уларни дорихоналардан имтиёзли бериш учун рецептлар ёзадилар.

Дорихоналардан дори воситаларини имтиёзли ажратиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича бланкаларда даволовчи врачлар томонидан ёзилган рецептлар бўйича амалга оширилади.

Қуйидаги дори воситаларига рецептлар ёзиш ушбу муассасанинг мутахассис врачи ёки тегишли ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари врачларининг тавсиялари асосида яшаш жойидаги амбулатория-поликлиника муассасасининг даволовчи врачи (умумий амалиёт врачи) томонидан амалга оширилади:

— ўсмага қарши ва гиёҳвандлик воситалари (онкологик, гематологик беморларга) — онколог ва (ёки) гематологнинг тавсияси асосида;

— қандли диабет ва қандсиз диабетга дучор бўлган беморларни даволаш воситалари — эндокринологнинг тавсияси асосида;

—психотроп воситалар (руҳий касалликларга чалинган беморларга) — психиатрнинг тавсияси асосида;

— инфекцияга қарши препаратлар (ОИВни юқтирган беморларга) — амбулатория-поликлиника муассасаси ҳузуридаги юқумли касалликлар хонасининг инфекционист врачининг тавсияси асосида;

— силга қарши воситалар (силга чалинган беморларга) — фтизиатрнинг тавсияси асосида.

Дорихоналардан бериладиган дори воситаларининг миқдори ва дозаси (ўлчами) рецептда кўрсатилган миқдор ва дозага мувофиқ бўлиши керак.

Дорихоналарда умумий қабул қилинган халқаро-патентланмаган ном ҳисобга олинган ҳолда савдо номи бўйича тайинланган дори воситаси мавжуд бўлмаган тақдирда, янгидан ёзилган рецепт асосида фақат амбулатория-поликлиника муассасасининг раҳбари (унинг ўринбосари) билан келишган ҳолда бошқа савдо номи билан дори воситасига синонимик алмаштирилиши мумкин.

Бунда рецептнинг орқа томонига ушбу дори воситасининг мавжуд эмаслиги тўғрисида белги (фармацевт ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси, сана, дорихонанинг номи ва штамп) қўйилган ҳолда кейинчалик уни амбулатория-поликлиника муассасасига тақдим этиш учун беморга берилади.

Рецепт нотўғри расмийлаштирилган тақдирда унга дорихонанинг фармацевт ходимлари томонидан «Рецепт ҳақиқий эмас» деган штамп босилади, кейинчалик у амбулатория-поликлиника муассасасига тақдим этиш учун беморга (ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, қариндошларга) қайтарилади.

Улашиш: