Life Style
07.11.2026
41

Сарлавҳамизни ўқиб, ҳайрон бўлманг! Ҳа, бу олмани олмаган маъқул! Лекин қандай олмани? Албатта, сифатли бўлмаган олмани-да! Танловни ҳар ким ўз билганича амалга оширади. Одатда, ҳаммамиз ҳам бирор бир маҳсулот сотиб олаётганда чиройли, сифатлисини олгимиз келади. Ҳеч харидорларни кузатганмисиз, айниқса, хўл мевалар, полиз эканлари сотиб олаётганда, ҳам нарх-навосига тортишишади, ҳам чиройлиси, янгисини олгиси келади одамлар. Лекин бу танловимиз ҳамиша ҳам тўғри эмаслигини биласизми?! Нега энди чиройли ва сифатли, янги узилган мева-сабзавот, полиз экини бўлса, сифатли бўлмас экан, дейсизми?! Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Мақоламиз шу ҳақда.
Бугун ҳамма деҳқон, ҳамма тадбиркор...
Ҳар бир соҳанинг ўз билимдони бор. Боғдорчиликда суяги қотган уста боғбонлар яхши билишади – ҳўл мевани етиштириш ва сақлашнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор! Буни билмаган одам шунчаки ҳаваскорлик қилиши мумкин – ҳовлисида ёки дала ҳовлисида, боғида ниҳол ўстириб, гулга кирса, қувониши, мева берса, ейиши, оиласидан, эҳтиёжидан ортинса, сотиб, даромад қилиши ҳам мумкин. Лекин айнан катта-катта мевазор боғларда олма ўстириб, шу соҳада боғдорчилик қилаётганларнинг йўриғи барибир бошқа!
Боғдорчилик ёки деҳқончиликка уқуви йўқлар ҳам мўмай пул илинжида катта-катта ерларни эгаллаб олди. Кейинги йилларда яхши бир боғбон, ўз ишининг устаси бўлган, тажрибали бир агроном – ҳосилот излаб, жиғибийрон юрганларни кўп кўраяпмиз. Ўзи эккан экинининг навини ҳам яхши билмайди, унга нима керагу нима нокерак, уқуви етмайди, лекин пули кўп. Бир сўмини икки сўм қиламан деб ҳали ўзини у ўтга, ҳали бу чўққа уради. Эси кириб, хорижда малака ошириб келаётганлар ҳам бор. Лекин аграр соҳага катта даромад илинжида адашиб кириб қолганларнинг касри бугун йиллаб пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб келаётган, ота касби деҳқончилигу боғбонлик бўлганларни ҳам шарманда қилаётгани очиқ ҳақиқат! Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, бугун бу шармандаликни бировдан беркитолмай қолдик. Касални яширса, иситмаси ошкор қилганидек, оёғи куйган товуқдай ўз ишига пишиқ агроном излаётганлар қачон соҳадан ўзи билиб, этагини йиғиштириб кетишини кутсак, яна йиллар ўтиши, жабрини нафақат она тупроқ, балки бутун элу халқ тотиши турган гап!
Ҳар бир ишни устаси қилгани маъқул. Шунда бировнинг бировга зарари тегмайди. Кейинги йилларда ҳамма соҳада бўлгани каби боғдорчиликда ҳам сохтагарчиликлар кўпайди. Соддароқ айтганда, четга экспорт қиладиган мевасини алоҳида, маҳаллий бозорга чиқарадиган мевани алоҳида дорилайдиганлар ҳам бор. Қип-қизил, қирмизи ранги кўзни қамаштирадиган чиройли олмаларни кўрганда, кўзингиз қувнаб, бахри-дилингиз очилади. Бозордан ёки супермаркетлардан бундай олмаларни сотиб олишга шошилманг! Уларнинг қандай етиштирилишидан хабарингиз борми? Тажрибали шифокорлар қанча огоҳлантиришмасин, кўпчилигимиз бу борада ҳушёру огоҳ эмасмиз. Заҳарга тўйинган меваларни яхшилаб ювмай ейдиганлар ҳам бор. Тиббиёт ходимларининг жон куйдиришича, заҳарланган мева-сабзавотлар, полиз экинлари инсониятга ошқозон-ичак ва ўсма касалликлари хавфини солмоқда.
“Буни ёш болаларим ейди деб дори солмаганмиз...”
МДҲ мамлакатлари ичида ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган қуёшли Ўзбекистонда боғдорчилик учун етарлича имконият бор. Уста боғбонларимиз бу имкониятдан фойдаланишмоқда. Бир замонлар фақат пахта етиштирилган ерларимизнинг катта қисми мустақиллик йилларида интенсив боғларга айланди. Ўзбекистоннинг мева-сабзавот етиштириш бўйича экспорт ҳажми ошди. Одатда, экспорт бўйича жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражада сифатли мева-сабзавотлар, полиз экинлари экспорт қилинади. Иккинчи ёки учинчи нав маҳсулотлар эса, қуритилади, қайта ишланади ёки маҳаллий ички бозорда сотилади. Ўзбекчилик, деймиз, полизидан ёки боғидан, даладан сара мева-сабзавотни, қовун-тарвузни узиб, экспортга, ички бозорга йўналтирган деҳқон “Бўзчи белбоққа ёлчимайди” деганларидек, сифати паст маҳсулотларни ўзига олиб қолади. Қўни-қўшнисига, қариндош уруғига ҳам илинади. Увол бўлмасин, дейди-да! Уволидан қўрқадиган халқмиз. Лекин беш қўл баробар эмас! Ҳатто бодринг экса, оиласи учун ажратилган пайкалга озгина бўлсаям дори сепмайдиган, бозорда сотиладиганига дорини аямай қуядиганлар ҳам етарли! Сабабини сўрасангиз, “Буни ёш болаларим ейди деб дори солмаганмиз, табиий тоза маҳсулот ўзимизга-да!” деб қўяди қилган ишидан заррача уялмай, юзи қизармай.
Қилаётган бундай муғомбирлигини шеригига ўргатиб, бошқаларни ҳам ғирромликка бошлаётганлар, афсуски, жуда кўпайиб кетди. Уларга эргашиб, бирини икки қилолмай, кўп “дори еган” маҳсулотини қачон узишни билмай, ё хом узиб, ё бозорда туриб қолганида чиритиб қўйиб, катта пулга тушиб, банкрот бўлаётганларни ҳам эшитаяпмиз. Нима ҳам дердик, барака – ҳалолликда! Тажрибали бободеҳқонқонларимиз маҳаллий ўғитлар билан ерга ишлов бериш сирини яхши билишади. Янги “замонавий” тадбиркорларга қўшилиб, ховлиқиб, бир тийиннинг устида иймону виждонини пулга сотишмайди!
– Икки йилдан бери бир олмафуруш “Беш юлдуз” олмангизга химикат сепинг, янаям қизаради, қимматроққа сотасиз. Одамларнинг ўзи шуни хоҳлайди. Ҳамма қизил олма сотиб олади. Дўконларда олма шарбат деб юз фоиз химикат сотяпти, мақсад фойда кўришми, бошқалар кўп сепаётганда озроқ сепсангиз, зарар қилмайди, дейди. Пишган олмага дори сепиб, уни қимматроққа сотиш менинг эътиқодимга тўғри келмайди, деб жавоб бердим. Олмафуруш билан тортишиб ўтирмадим. Менга экологик тоза олмани арзонроққа сотишдан келадиган фойда ҳам етади. Тоза яшаб, тоза еб, виждонимни тоза асраб яшасам, шунинг ўзи етади менга, – дейди боғдорчиликни ҳалол касб қилган Раҳимжон ака Раҳматов.
Харидорларнинг бу мавзудаги гаплари ундан ҳам қизиқ.
– Бир ҳафта олдин хўжайиним супермаркетдан шафтоли олибдилар, – дейди ҳамкасб дугонам Манзура опа. – Уни келтириб совутгичга қўйганча, ҳатто ўзлари ҳам татиб кўрмабдилар. Шу куни уйга меҳмон келди. Меваларни ювиб, столга қўйдим. Ўша шафтолиларниям. Мен ҳам татиб кўрмабман. Улар шунақа чиройли эдики... Ҳаммаси азиз меҳмонимиз шафтолини бир тишлагандан кейин бошланди.
– Бу қанақа шафтоли?.. – деб уни емай, столга қўйиб қўйди.
Кейин мен ҳам олиб еб кўрдим, адасига қараб хўмрайдим. Мен ҳам тишлаганимни юта олмадим.
Шафтолининг ташқи кўриниши идеал, аммо таъми... Мен буни изоҳлашга ожизман. Пахтами, апилками, резинками... бир нимага ўхшайди. Бундай меваларни дўкон эгалари олдин ўзи татиб кўрмайдими? Бу шафтолилар Ўзбекистонникими ўзи? Уларнинг гени ўзгартирилганми ёки ташқи қаватига нимадир суртилган бўлса, суви қочиб пахтага айланганми? Қимматбаҳо, ташқи кўриниши ялтироқ, ичи қалтироқ шафтолиларни истеъмол қилмай, чиқиндига ташлашга мажбур бўлдик. Меҳмонлар олдида изза бўлганимизни айтмаса ҳам бўлади...
Истеъмолчининг эътирозлари ўринли. Ҳаммамизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиб туради. Бугун ҳам чиройли, сифатли, ҳам табиий тоза маҳсулотни топиш жуда мушкул масала. Дориланмаган маҳсулот бўлса, масалан, қаеридир тешилган картошкани, помидорни зарар етганини кўриб, сотиб олгингиз келмайди. Сиз харид қилаётган ташқи кўриниши чиройли маҳсулот, аксинча, зарарларган бўлса-чи?! Унда эътирозингизни кимга айтасиз?!
Эътибор бердингизми, бу йилги куз жуда серҳосил бўлди. Бозорларимизни бир айланинг, сахий кузнинг дастурхонимизга илинаётган сара неъматлари – қирмизи олма-анорлару ҳар боши бир-икки килограмм келадиган, шираси тилни ёрадиган узумлар, ҳушбўй атри димоқни тутадиган беҳилару олтинранг хурмолар, минг дардга даво қовоқдан тортиб қовун-тарвузнинг кузги навларигача расталарни тўлдириб турибди.
Табиий тоза маҳсулотга нима етсин! Қани энди ҳамма боғбонлар ҳам инсофли бўлса. Тоза маҳсулотни заҳарламаса! Лекин бундай бўлмаяпти-да!
Айнан бу йил озиқ-овқатдан, қовун-тарвуздан зарарланиш, ошқозон-ичак касалликлари билан оғриб, тезкор касалхонага тушиш ҳолатлари жуда кўп кузатилди. Ҳатто вақтида шифокорга мурожаат қилмай, ҳаётдан кўз юмганларни ҳам эшитдик. Ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари айни ёзги пишиқчилик мавсумида бу ҳақда мавзуларда бонг уришди! Лекин бу билан биров тарвуз-қовун емай қолмади. Ҳайратланарлиси, шунга ўхшаш воқеалардан кейин ҳам полизларда заҳарга тўйиниб етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифат стандартларига жавоб бериш-бермаслигини биров текширмади ҳам.
Бу йил кўпчилик ўткир диарея билан оғриди. Буни ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетганига, пала-партиш овқатланишга йўйганлар ҳам бўлди. Лекин асл айбдорни биров билди, биров билмади.
Тупроқнинг тили йўқ, қанча заҳар берсак, ютади...
Ҳеч ким фермер ёки катта-катта боғларнинг эгаси қандай қилиб, қайси норма ва талабларга риоя қилиб мева-сабзавот ёки полиз экини етиштираётгани билан иши йўқ! Аграр соҳанинг билимдонлари мени кечирсинлару, шахсан ўзим қишлоқ ҳудудда ўсиб-катта бўлган бир инсон сифатида кузатиб, кўриб-билиб юрган ҳолатларим бўйича аниқ бир хулосага келиб, бу фикрларни ёзаяпман.
– Бу йил дорининг ўзига 30 миллиондан кўп пулим кетди, – деб жиғибийрон бўлади бир фермер акамиз.
– Э, нимасини айтасан, дориламасанг, олмага қурт тушяпти, қовунгаям қурт тушяпти, вақтида дори сепмасанг, кўсакниям қурт кемиради, – деб ёзғиради иккинчиси.
Агро дўконларни бир айланинг. Дорининг нархини бир суриштиринг, арзонмикан?! Айрим дориларнинг нархи осмон! Сабабини сўрасангиз, ўзимизда топилмаслиги, четдан келтирилишини айтишади.
Бу дори-дармонларни биз – Сиз билан мен, фарзандларимиз еяпти, ичяпти-ку! Буни ким ўйлайди?! Ким бу ҳақда жон куйдиради, бош қотиради?!
– Бир нима ебманми дийман, нимадан, билмадим, кеча мазам қочди, тез ёрдам чақирдик, – дейди қўшни аёл. – Ўғлим бозордан тарвуз-қовун, памилдори опкеганакан, шундан егандим... ичимни ювишди... аранг ўзимга келдим...
– Бу йил памилдори яхши бўмади-да ўзи, қишга бонкагаям кузда олдик-ку, ёз бўйи мазза қилиб бир салат еганимизам йўқ. Кун урган памилдоридир-да, қўшни?! – аёлнинг гапига қўшилади иккинчи ҳамсоя.
Биров дори еган нарса еганман, демайди лекин. Ернинг ўзига экин экилмасидан дори солинади, бегона ўт босса, дори ишлатилади. Экинзор ҳар сафар сув билан суғорилганида ҳам дори берилади. Хашаротларга қарши яна қўшимча дори сепилади. Ҳам тупроқдан, ҳам сувдан, ҳам ҳаводан дори билан “сийланган” экин соғлом бўлса бўлар, берган ҳосилини есангиз, Сизниям бир аҳволга солади...
Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасига кўра, ўсимликлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёсини етиштириш чоғида заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитларни қўлланишига улар токсикология-гигиена экспертизасидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.
Бироқ бугун бу йўналишда аниқ бир назорат қилувчи орган қолмаган. Бундай ўзбошимчалик муҳитида заҳарли, зарарли мева-сабзавот ёки полиз маҳсулотлари етиштирилмай, сифатлиси етиштирилсинми?! Назоратдан четда қолган соҳа борки, унда камчилик етарли. Бугун биз тилга олган мавзуга хизмат вазифаси дахлдор вазирлик ва давлат идоралари танқидий қарашларимизни тўғри таҳлил қилиб, қаровсиз қолган йўналишни қонуний назоратга олиш, тартибга солишни, аниқ бир меъёр ва талаблар билан иш тутиш бўйича “замонавий” боғбонлару тадбиркор деҳқонларга бу борада тегишли кўрсатмалар беришини умид қиламиз. Ахир, тупроқнинг тили йўқ. У қанча заҳар берсак, ютади. Лекин бунинг жабрини бугунми эрта ўзимиз, келажак авлод тотиб кўриши бор гап!
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.
Коммунал хизматлар учун аҳолидан асоссиз тўловлар олингани аниқланди
Асоссиз ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? Муҳим 5 та факт
Суд қарорини бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлади.