Ҳуқуқ
23.05.2025
1 183

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади.
Кимлар уй-жой қуриш учун ер участкаларини олиш, сотиб олиш ҳуқуқига эга?
Фуқаролар уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари олиш ҳуқуқига эга. Уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган муддатларда белгиланган мақсадда фойдаланиш лозим.
Фуқаролар бошқа уй-жой бинолари, шу жумладан бошқа аҳоли пунктларида ҳам, бор-йўқлигидан қатъи назар уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Фуқароларга тегишли бўлган турар жой қандай ҳолатда бузишга рухсат этилади?
Ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.
2019 йил 5 августдан бошлаб ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари тегишли босқичларда амалга оширилади.
Босқичлар:
биринчи босқичда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
иккинчи босқичда — Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазири ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазири томонидан хулоса тайёрланади;
учинчи босқичда — тайёрланган хулоса Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкаларининг олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Бу муҳим!
Фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой биноларини бузиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори асосида уларга бошқа қулай ва шинам уй-жой биноси мулк қилиб берилганидан ёки уларнинг хоҳишига кўра уй-жой қуриш ёхуд эски уйни кўчириш учун аввалгисига тенг қийматдаги ер участкаси ажратилиб, кўрган зарарлари тўла қопланганидан, шунингдек ер участкасини ўзлаштириш даври учун ижара шартномаси шартлари асосида икки йилгача муддатга вақтинчалик уй-жой берилганидан сўнг амалга оширилади.
Уй-жой фондини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ҳуқуқи якка тартибда иморат қурувчига ёхуд ушбу уй-жой фонди фойдаланиш учун ёки ижарага бериб қўйилган жисмоний ёки юридик шахсга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шунингдек бундай ҳуқуқни мулкдор шартнома асосида берган якка тартибда иморат қурувчига берилади.
Жорий ва тубдан таъмирлаш қандай тартибда ўтказилади?
Давлатга қарашли ва хусусий уй-жой фондларини жорий ва тубдан таъмирлаш, шунингдек улардан фойдаланиш уй-жой фондидан фойдаланиш, уни таъмирлашнинг ягона қоидалари ва нормаларига сўзсиз риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
Давлатга қарашли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни таъмирлаш тасарруфида ва балансида ушбу уй-жой фонди бўлган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Якка тартибдаги уй-жой биноларидан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш уй эгаларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Хусусийлаштирилган квартиралар ва уйлардан, уй-жой ва уй-жой-қурилиш кооперативларига қарашли уйлардаги квартиралардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш, шу жумладан тубдан таъмирлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Уй-жой қуриш ёки сотиб олиш чоғида фуқароларга кредит ва ссудалар бериш
Фуқаролар уй-жой қуриш ёки сотиб олиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда кредит ва ссудалар олиш ҳуқуқига эга.
2024 йил 1 июндан “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилди.
Бунда:
— ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;
— ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Феруз Жўраев,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши
Давлат рўйхатидан ўтказиш — мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун мажбурий юридик босқич ҳисобланади.