currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларФарқи бор: ҳукм, суд қарори, ҳал қилув қарори, ажрими ва буйруғи

Фарқи бор: ҳукм, суд қарори, ҳал қилув қарори, ажрими ва буйруғи

Ўзбекистон

calendar

16.09.2023

eye

1 830

Фарқи бор: ҳукм, суд қарори, ҳал қилув қарори, ажрими ва буйруғи

Муайян иш судда кўрилар экан, якунида уни ҳал этишга кўмаклашувчи ҳужжат чиқарилади. Улар юридик жиҳатдан бир-биридан турлича фарқ қилади. Ушбу мақолада суд қарори, ҳал қилув қарори, суд ҳукми, суд буйруғи ва суд ажрими қачон қандай ҳолларда чиқарилиши ҳамда уларнинг фарқи ҳақида сўз боради. Кўп ўринларда махсус юридик билимга эга бўлмаганлар, хусусан, журналист, блогер ёки ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу тушунчаларни бир-бири билан чалкаштириб қўллаш ҳолати кузатилади. Ваҳоланки, буларни амалда нотўғри қўллаш турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатлар диққатимиз қаратилажак ҳужжатларнинг бир-бири билан аниқ чегарасини билиб олишимиз заруратини туғдиради.

Ҳукм

Фақат жиноий ишларнинг судда кўриб чиқилишида ҳукм чиқарилади. Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишларда ҳукм чиқарилмайди. Суд ҳукми жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо қўлланилиши ёки айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида чиқариладиган ҳужжатдир. Суд ҳукми икки хилга – айблов ва оқлов ҳукмига бўлинади. Судда шахснинг айби тасдиқланса, жазолаш учун айблов ҳукми чиқарилади. Унинг айби ўз исботини топмаса, суд бу шахснинг айбсиз эканлиги ҳақида оқлов ҳукмини чиқариши мумкин. Ҳар бир иш бўйича суд муҳокамасида судланувчиларнинг сонидан қатъий назар битта ҳукм чиқарилади. Дейлик, судланувчига бир неча жиноят содир қилганликда иш қўзғатилган. Суд эса айрим қилмишларда судланувчини айбсиз деб ҳисоблаяпти. Бундай ҳолатда ҳам битта ҳукм чиқарилиб, унда суд ишнинг айрим ҳолатлари бўйича судланувчини оқлаши, қолгани билан айбли деб топиб, ҳукмда қайд этади. Ҳукм чиқарилиши билан жиноий ишни суд муҳокамасида кўриб чиқиш якунланади. Ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт. Қарор ва ҳал қилув қарори Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларда биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади. Суд қарори эса икки хил ҳолатда қабул қилинади: а) маъмурий ва иқтисодий ишларда апеллация ва кассация шикоятлари бўйича судлар қарор қабул қилади. б) фуқаролик ва иқтисодий ишларда судлар ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ҳам қарор чиқаради. (Эътибор беринг, иқтисодий ишларда икки хил ҳолатда қарор қабул қилиниши мумкин.) Ажрим Буни эр-хотинни ажратиш ҳақида суд чиқарадиган ҳужжат деб ўйлаётган бўлсангиз, янглишасиз. Умуман олганда, ажрим ишни мазмунан ҳал этмайдиган, лекин уни ҳал бўлишига кўмаклашувчи ёрдамчи суд ҳужжатидир. У жиноий, маъмурий, фуқаровий ва иқтисодий ишларда қабул қилиниши мумкин. Масалан, материал юзасидан экспертиза тайинлаш юзасидан (жиноят ишида), ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш ҳақида ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим (иқтисодий ишда) чиқарилиши мумкин. Фуқаролик ишларида икки ҳолатда ажрим чиқарилиши мумкин: • Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради; • Апеллация, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради. Жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўриб чиқишда судлар хусусий ажрим деб аталмиш ҳужжатни чиқариши мумкин. Бу ҳам ишни мазмунан ҳал қилмайди. Ишни кўриб чиқиш давомида ишда иштирок этувчи субъектлар (дейлик, адвокат, давлат органи ёки бошқа мансабдор шахс) хатти-ҳаракатида қонун бузилиши ҳолати кўзга ташланиши мумкин. Шундай ҳолатда суд чора кўриш учун тегишли органга хусусий ажримни юборади. Масалан, жиноят ишини кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланганидан кейин суд хусусий ажрим чиқариб, унда тегишли масъуллардан (масалан, давлат органлари, мансабдор шахслар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади. Бундай талаб суднинг хусусий ажримида акс эттирилади. Худди шу сингари фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишни кўриб чиқиш чоғида давлат органининг ёки бошқа органнинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда суд хусусий ажрим чиқаради. Сўнг хусусий ажрим юзасидан чора кўриш учун суд уни тегишли органга юборади. Кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиниши шарт.

Суд буйруғи

Иқтисодий ва фуқаролик ишларида кредитор ёки даъвогарнинг сўзсиз (низосиз) талабларига доир аризаси бўйича суд буйруғи чиқарилади. Масалан, коммунал хизматлар учун ёки солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ундирув тўғрисида судга арз қилинган бўлса, суд буйруғи чиқарилиши мумкин. Кўриб турибмизки, суд буйруғи чиқарилишида турли тортишувлар билан низолашадиган ҳолат бўлмайди. Вазият ойдин бўлиб, суд ҳужжати билан мажбурий таъсир ўтказиш учунгина буйруқ имзоланади. Фуқаролик ишларида суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин амалга оширилади. Алимент ундириш ва ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги суд буйруқлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Фарқ нимада?

Шундай қилиб юқоридаги ҳужжатларни шартли равишда ишни ҳал этадиган ва уни мазмунан ҳал этмай, якун топишига ёрдамлашувчи – факультатив ҳужжатларга ажратсак бўлади: Ишни мазмунан ҳал этувчи ҳужжатлар: – ҳукм; – ҳал қилув қарори; – буйруқ. – Қарор (иқтисодий ва маъмурий ишларнинг апеллация ва кассациясида) – Ажрим (фуқаролик ишининг апеллация ва кассациясида). Факультатив ҳужжатлар: – Ажрим; – Қарор (фуқаролик ва иқтисодий ишларда). Шунингдек, улар қандай иш юзасидан чиқарилиши билан ҳам фарқ қиляпти:
Суд иши туркуми: Иш юзасидан чиқариладиган ҳужжатлар:
Жиноий Ҳукм; ажрим (хусусий ажрим);қарор.
Фуқаролик қарор; ҳал қилув қарори; ажрим (хусусий ажрим);буйруқ.
Иқтисодий қарор; ҳал қилув қарори; ажрим (хусусий ажрим);буйруқ.
Маъмурий қарор; ҳал қилув қарори;ажрим (хусусий ажрим);
  Неъматулло Замонов hudud24.uz колумнисти.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 803

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 728

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 04:36
1 627

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


13-ноябр 2024, 12:35
1 616

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.