currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларГаровга қўйилган мол-мулк қандай тартибда сотилади?

Гаровга қўйилган мол-мулк қандай тартибда сотилади?

Ҳуқуқ

calendar

05.11.2026

eye

32

Гаровга қўйилган мол-мулк қандай тартибда сотилади?

Кредит ёки қарз олишда кўпинча уй-жой, автомобиль ёки бошқа мол-мулк гаров сифатида қўйилади. Бироқ қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш орқали қарздорликни ундириш масаласи юзага келади. Хўш, бундай мол-мулк қандай тартибда сотилади ва қарздор қандай ҳуқуқларга эга? Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 281-моддасига кўра, гаровга қўйилган мол-мулкка ундирув қаратилганда, уни сотиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Гаровдаги мол-мулк қандай сотилади?

Суд тартибида ундирув қаратилган гаров мулки электрон онлайн-аукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотилади. Суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк эса кимошди савдоси, бевосита сотиш, кредитга, лизингга ёки ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш орқали реализация қилиниши мумкин.

Мол-мулкнинг бошланғич нархи қандай белгиланади?

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишув асосида белгиланади. Агар тарафлар нарх бўйича келиша олмаса, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб қилинади. Баҳолаш харажатларини эса баҳоловчини жалб қилган тараф қоплайди.

Аукционда мол-мулк сотилмаса нима бўлади?

Суддан ташқари ундирувда кимошди савдоси амалга ошмаган деб топилса, гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишган ҳолда мол-мулкни сотиб олиши мумкин. Такрорий кимошди савдоси ҳам амалга ошмаса, гаровга олувчи мол-мулкни такрорий савдодаги бошланғич нархдан кўпи билан 25 фоиз арзон баҳолаб, ўзида олиб қолиш ҳуқуқига эга. Агар гаровга олувчи ушбу ҳуқуқдан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.

Мол-мулк сотилганидан кейин қарз нима бўлади?

Агар мол-мулкни сотишдан тушган маблағ қарзни тўлиқ қопламаса, қонун ёки шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, кредитор етишмаётган суммани қарздорнинг бошқа мол-мулкидан ундиришга ҳақли. Аксинча, мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаров билан таъминланган талаблар миқдоридан ошса, ортиқча маблағ гаровга қўювчига қайтарилади.

Қарздор мол-мулкини сотилишдан сақлаб қолиши мумкинми?

Қонунчиликка кўра, қарздор ёки гаровга қўювчи мол-мулк сотилгунига қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг муддати ўтган қисмини бажариб, ундирувни ва мол-мулкни сотиш жараёнини тўхтатишга ҳақли.Ушбу ҳуқуқни чекловчи ҳар қандай келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.

Хулоса

Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт. Бунда қарздорнинг ҳам, кредиторнинг ҳам ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Энг муҳими, қарздор мол-мулк сотилгунига қадар тегишли мажбуриятини бажариб, уни сотилишдан сақлаб қолиш ҳуқуқига эга.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: