Ўзбекистон
11.06.2022
642
Ҳар қандай демократик давлатда фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари Қонун билан кафолатланган ва ҳимояланган бўлиши зарур. Ўзбекистонда ҳам мазкур масалалар Қонун билан кафолатланган. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Конституциямизнинг 36-моддасида белгиланишича, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Шунингдек, Конституциянинг 53-моддасига асосан, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Фуқаролик кодексининг 166-моддасида мулк дахлсиз эканлиги ва қонун билан қўриқланиши белгиланган. Мулк дахлсизлиги нима дегани? Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Конституциямизнинг 54-моддасига асосан, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Мулкчилик тўғрисидаги Қонуннинг 1-моддасига асосан: Ўзбекистон Республикасида мулкий ҳуқуқ тан олинади ва қонун билан муҳофаза этилади; мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қилишга ҳақлидир. У мулкдан қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай хўжалик ёки бошқа фаолиятни амалга оширишда фойдаланиши мумкин; мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга фақат ўзи ҳақлидир. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда, мулкдорнинг зиммасига бошқа шахсларнинг унинг мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйиш вазифаси юкланиши мумкин. Мазкур Қонунинг 32-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси мулкий ҳуқуқни амалга оширишни кафолатлайди, мулкдорнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлайди. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мол-мулкни кўпайтиришни чеклашга ҳамда уни мажбуран тортиб олишга йўл қўйилмайди. Ушбу Қонуннинг 33-моддасига асосан: мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ талаб қилиб қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир; мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин; мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш суд томонидан амалга оширилади; ушбу моддада кўзда тутилган ҳуқуқлар гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, мулкдан тўла хўжалик юритиш, уни оператив бошқариш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки қонунда ёхуд шартномада кўзда тутилган бошқа ҳолларда, мол-мулкка эгалик қилувчи шахсга ҳам тааллуқлидир. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги Қонунининг 2-моддасига асосан, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида бўлади. Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда фуқароларнинг мулк ҳуқуқи асосий қомусимиз Конституция ва Қонунларимиз билан ҳимоя қилинган ҳамда мулк ҳуқуқи дахлсиздир. Илҳом ЮСУПОВ, Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар
Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Қамоқхонада никоҳдан ўтиш мумкинми?
Қамоқхоналарда ҳам никоҳни расмийлаштириш мумкин. Бунинг ўз тартиби бор. Қамоқхона жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органи маҳкумлар билан тузиладиган никоҳни қайд этади.
Қандай ҳолларда ходимнинг розилигисиз ойлигидан ушлаб қолиниши мумкин?
Қонунчиликка кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Қамоққа олинган шахс қачон ишдан бўшатилиши мумкин?
Ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкинми?