#NoComment
08.09.2025
85
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳоли орасида рақамли саводхонликни ошириш, уларнинг киберҳавфсизлик ва ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга нисбатан қарши иммунитетни шакллантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, молиявий ва рақамли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-153-сон Қарори ана шулар жумласидандир.
Мазкур қарорда кибержиноятчиликка қарши курашувчи кучларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот хавфсизлиги тизимларининг самарадорлигини ошириш, кибержиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш белгиланган. Қарор билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузуридаги Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти таркибида Кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли терговга кўмаклашиш маркази ташкил этилиши белгиланган. Марказ фаолияти кибержиноятларнинг сабаб ва шароитларини илмий асосда ўрганиш, тергов ва фош этиш амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда тергов фаолиятининг самарадорлиги ва таълим жараёнини илмий-услубий жиҳатдан таъминлашга қаратилади.
Сўнгги йилларда янги турдаги кибержиноятлар, айниқса фирибгарлик, рақамли зўравонлик ва ахборот технологиялари орқали ўғирлик пайдо бўлаётганлиги, улар инсон омилисиз интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса ёшлар орасида осон тарқатилаётганлиги масъул давлат тузилмаларининг бу борадаги фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятлар сони 18 турдаги 863 ҳолатни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунида бу кўрсаткич 62 турга етиб, 58 800 та жиноят қайд этилган. 2023 йилда умумий жиноятчиликдаги кибержиноятлар улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 44,4 фоизга етди, яъни деярли ҳар икки жиноятдан бири ахборот технологиялари орқали содир этилган.
Ачинарлиси, 2021–2024 йилларда бундай жиноятлар натижасида банклар ва фуқаролар 1,9 триллион сўмдан ортиқ зарар кўрган, фақатгина 2024 йилнинг ўзида зарар миқдори 603 миллиард сўмни ташкил этган. Мазкур жиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ бўлиб, улар асосан зарарли ҳаволалар орқали қурилмага кириш (60%), СМС орқали тасдиқ кодини қўлга киритиш (16%), фуқаро номига ноқонуний кредит расмийлаштириш (4%), онлайн савдо платформаларида фирибгарлик (11%) ва бошқа усуллар (9%) орқали амалга оширилган.
Кибержиноятлар, уларнинг аналоглари ёки рақамли зўравонлик натижасида ёшларимиз ичида молиявий зарарлар ва ҳатто ўлим ҳолатлари (масалан, кибербулинг туфайли) ҳам қайд этилмоқда. Ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали кибержиноятларга жалб қилиш ҳолатлари кучайган. Ёшларимиз орасида бундай тузоқларга тушиб қолаётганлар сони ҳам кўпаймоқда.
Ҳудудий мисол сифатида, фақатгина 2024 йилда Самарқанд вилоятида содир этилган 9 402 та жиноятнинг 36,3 фоизи ахборот технологиялари билан боғлиқ бўлган. Мурожаатчиларнинг ёши бўйича тақсимотида эса 17–35 ёшдагилар 50 фоизни, 35–45 ёшдагилар 30 фоизни, 45 ёшдан юқорилар эса 20 фоизни ташкил этган.
Кибержиноятлар бу глобал муаммо, лекин бу бало бизнинг эшигимизда турганлигини барчамиз бирдай англашимиз зарур. Бу иллат оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишга, оилалар ва миллат иқтисодий генофонди бузилишига сабаб бўлмоқда. Интернет орқали моддий манфаат эвазига умрини хазон қилиб киберфирибгарлик ва ахборот технологиялари орқали ўғирликка аралашиб қолаётган ёшларимиз ҳам кўпаймоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар учун қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга қўлланиладиган жазо чоралари белгиланган. Жумладан, мазкур кодекснинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар деб номланувчи ХХ-1 боби 278-1-моддасида Ахборотлаштириш қоидаларини бузиш, 278-2-моддаси Компютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, 278-3-моддаси Компьютер тизимидан, шунингдек телекоммуникация тармоқларидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш учун махсус воситаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш ёхуд ўтказиш ва тарқатиш, 278-4-моддаси компьютер ахборотини модификациялаштириш, 278-5-моддаси компьютер саботажи, 278-6-моддаси зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш, 278-7-моддаси телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш), 278-8-моддаси крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳамда 278-9-моддасида майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш ҳуқуқбузарлигини содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кибержиноятчиларни аниқлаш ва уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан киберҳужумчилар ноқонуний фаолияти шаклини мунтазам ўзгартириб, янги-янги ёшларни ўз тузоғига илинтирмоқдалар.
Авлодни давом эттириш фарзандни дунёга келтириш эмас, ҳал қилувчи омил уни тарбияси билан боғлиқ. Шу боис, ёшларимизни кибержиноятлар ва ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш борасида барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда ота-оналар биргаликда самарали ҳамкорлик қилиш лозим.
Фозил Назаров,
Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қандай йўналишларни ўз ичига олади?
Қонунчиликка кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали қўллаб-қувватланади.
Инвестиция киритмоқчимисиз? Ишни Yurxizmat.uz порталидан бошланг
Шартнома тузиш учун камида ҳуқуқий билим бўлиши ёки малакали юрист ёрдами керак бўлади.
Қандай қилиб давлат хизматларидан арзонроқ фойдаланиш мумкин?
ЯИДХПдан узлуксиз ва навбатсиз 24/7 режимда фойдаланиш мумкин.