Ҳуқуқ
02.09.2025
97
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид турли даражада бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган.
Мазкур қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва аҳлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш юзасидан фуқароларимиздан кўпчилигини қизиқтириши мумкин бўлган саволлар ва уларга жавобларни келтириб ўтамиз:
1. Ёшларга бериладиган давлат стипендиялари бўйича қандай илк қонунчилик ҳужжати мавжуд?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида” 1993 йил 5 февралдаги ПФ-555-сон Фармонига кўра, тадқиқотчилик фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётган ва бутун ўқиш даврида аъло баҳоларга ўқиган охирги ўқув йили талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси таъсис этилган.
2. Ёшларга қандай йўналишларда давлат стипендиялари берилади?
Барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари “аъло” (кўпи билан 25 фоизи “яхши”) бўлган ҳамда ижодий ишда қатнашадиган бакалавриат таълим йўналишида ўқиётган охирги икки курс (кейинги ўринларда — юқори курс) талабалари учун қуйидаги номли давлат стипендиялари таъсис этилган: техника йўналишларида — Беруний, тиббиёт йўналишларида — Ибн Сино, гуманитар йўналишларда — Навоий, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида — Камолиддин Беҳзод, табиий йўналишларда — Улуғбек, кинематография йўналишида — Худойберган Девонов, тарих ва география йўналишларида — Бобур, жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида — Паҳлавон Маҳмуд, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида — Имом ал-Бухорий, Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида — Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов, шунингдек, барча йўналишларда — Ислом Каримов номли стипендия берилади.
3. Олий таълим муассасаларида давлат стипендиялари қандай тақсимланади?
Беруний, Ибн Сино, Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Улуғбек номли давлат стипендиялари бакалавриат таълим йўналишлари бўйича юқори курсларнинг ҳар минг нафар талабасига биттадан;
Имом ал-Бухорий номли давлат стипендияси Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг уч нафар юқори курс талабасига;
Худойберган Девонов номли давлат стипендияси кинематография соҳаси учун кадрлар тайёрловчи ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;
Бобур номли давлат стипендияси тарих ва география йўналишлари учун кадрлар тайёрловчи ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;
Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари учун кадрлар тайёрловчи ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;
Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига;
Ислом Каримов номли давлат стипендияси ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига тайинланади.
4. Давлат стипендиясига эга бўлган талабаларга қандай имкониятлар яратилган?
Давлат стипендияларини олувчи талабаларга тегишли кўкрак нишонлари ва гувоҳномалар берилади. Улар олий таълим муассасасини тамомлаганларидан кейин ёш мутахассислар қатори малака ошириш ва ўқишни давом эттириш учун чет элларга юбориш чоғида устунликка эга бўладилар.
5. Олимпиадалар ёки мусобақаларда ғолиб бўлган ёшларга қанча миқдорда мукофот берилади?
Олимпиадалар, конкурслар ва мусобақаларнинг ғолибларига қуйидаги пул мукофотлари:
— I—V ўринларни олган ғолибларга талаба стипендияси миқдорининг ўн каррадан олти каррагача кўп бўлган халқаро мукофотлар;
— I—II—III ўринларни олган ғолибларга талаба стипендиясининг уч—икки—бир карра кўп бўлган республика мукофотлари белгиланган.
6. Докторантурада таълим олаётган ёшларга давлат стипендияси тайинланадими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг сўнгги ўқув йилида таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантларга — Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида танлаб олиш натижаларига кўра тайинланади.
7. Таянч докторантлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини олиш учун қандай мезонларга эга бўлишлари зарур?
Таянч докторантларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонлар белгиланади:
— етакчи илмий нашрларда (камида иккита) илмий мақолалар эълон қилинган бўлиши;
— Ўзбекистон тарихини билиш;
— халқаро конференциялар босма нашрларида мақолалар эълон қилинган бўлиши;
— барча малакавий имтиҳонларни «аъло» баҳога топшириш;
— диссертациянинг тайёрлик даражаси (диссертациянинг тайёрлик даражаси камида 70 фоиз бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун номзод кўрсатган муассисларнинг тегишли хулосаси билан тасдиқланиши керак);
— тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши ёки магистратурадаги ихтисослик (таянч докторантурадаги тадқиқот объекти) хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади.
8. Таянч докторантлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларининг миқдори қанчани ташкил этади?
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг қарори давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари учун таянч докторантларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштиришда асос бўлади.
Стипендиялар ҳар йили таянч докторантнинг таянч докторантуранинг охирги курсидаги ўқиш даври учун, стипендиянинг икки баробари миқдорида қатъий мувофиқ ҳолда тайинланади.
9. Магистратура босқичи талабалари бўлган ёшларга давлат стипендияси тайинланадими?
Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан тайинланади.
Талабаларга тайинлаш учун белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси квотаси (йигирма иккита) Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган танлов йўналишлари бўйича (ҳар бир танлов йўналишига биттадан стипендия ҳисобидан) тақсимланади.
Бунда олий таълим муассасалари томонидан номзодлар ҳар бир танлов йўналиши бўйича биттадан тавсия этилиши мумкин.
10. Магистратура босқичи талабалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини олиш учун қандай мезонларга эга бўлишлари зарур?
Магистратура босқичи талабалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:
— умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;
— йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;
— камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;
— тилларни — давлат тилини ва битта хорижий чет тилни билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;
— Ўзбекистон тарихини билиш.
Турғун Азимов,
ТДЮУ профессор-ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат
Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Ким ўғри? ёхуд туғилган кунга “совға”
Телеграмимга ҳужум қилиниб, бузилса, омонатимни ишонган банкнинг ҳимоя тизими шу қадар кучсиз бўлса, ички ишлар идорасидагиларнинг иши кўп бўлса, кимдан нажот кутайлик?
Чўлни бузиб, боғ ярат, боғни бузиб, чўл эмас!
Бугун ўша боғнинг ўзига ҳаво етишмаяпти, нафаси қисаяпти, дармони қуриб бораяпти.
Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби
Қонунчиликка кўра, ертўла ёки унинг бир қисмини ертўладан фойдаланувчига бериш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади.