Ҳуқуқ
23.09.2026
51

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари устидан назоратни амалга оширишда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимларининг ваколатлари муҳим аҳамиятга эга.
Тасаввур қилинг, автомобиль бошқариб йўлда кетяпсиз. Машинани ЙПХ ходими тўхтатди. Бирдан хаёлингизга қоидани буздиммикан, нима учун тўхтатди ёки тўхтамасам нима бўлади, деган хаёллар келиши мумкин. Хотиржам бўлинг. Йўл-патруль хизмати ходими транспорт воситасини фақат қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина тўхтатиши мумкин.
Бундай асосларга нималар киради?
Бундай асосларга, жумладан:
— ҳайдовчининг Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама орқали қайд этилганда;
— транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда экани ёки ЙТҲ ёхуд бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадорлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлганда;
— ЙТҲ ёки ҳуқуқбузарликни кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳолатга ойдинлик киритиш зарур бўлганда;
— ваколатли орган ёки мансабдор шахснинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш ҳақидаги кўрсатмаси бажарилаётганда;
— қонунчиликда белгиланган ҳолларда транспорт воситасидан фойдаланиш зарурати туғилганда;
— махсус тадбир ўтказилаётганда;
— транспорт воситасини бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, транспорт воситаси ёки ташилаётган юкка оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш зарур бўлганда киради.
ЙПХ ходими ҳайдовчини тўхтатгандан кейин нима қилиши керак?
Транспорт воситаси тўхтатилгандан кейин ЙПХ ходими ҳайдовчининг олдига бориб:
ўзини таништириши;
лавозими, унвони ва фамилиясини айтиши;
талаб қилинса, кўкрак нишон белгисини маълум қилиши;
хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши;
транспорт воситаси нима сабабдан тўхтатилганини аниқ ва тушунарли баён қилиши керак. Хизмат гувоҳномаси кўрсатилади, лекин ҳайдовчининг қўлига берилиши шарт эмас.
ЙПХ ходими хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ҳамда йўл ҳаракати қатнашчисига видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши шарт.
Шуни ёдда тутингки, бошқа асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги 975-сонли қарорида батафсил маълумотлар тақдим этилган.
Севинч Хушназарова
тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Кибержиноятчиликдан ҳимоя: аҳоли билиши зарур бўлган 10 та муҳим қоида
Ҳар бир инсон рақамли хавфсизликнинг оддий, аммо муҳим қоидаларига амал қилиши зарур.
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқни билиш — шунчаки қонун нормаларини ёд олиш эмас
Инсон ҳаёти давомида оилавий, меҳнат, таълим, мулкий, ижтимоий ва бошқа кўплаб муносабатларга киришади.