currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларИжарага берилган уй-жойни таъмирлаш тартиби қандай?

Ижарага берилган уй-жойни таъмирлаш тартиби қандай?

Ҳуқуқ

calendar

23.07.2026

eye

53

Ижарага берилган уй-жойни таъмирлаш тартиби қандай?

Уй-жой ижараси муносабатлари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг энг кенг тарқалган турларидан бири ҳисобланади. Бундай муносабатларда ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилаш, айниқса, уй-жойни таъмирлаш билан боғлиқ масалаларни қонунчилик асосида тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Амалиётда уй-жойнинг жорий ёки капитал таъмирини ким амалга ошириши, таъмирлаш харажатлари қай тарзда қопланиши, томонларнинг бу борадаги масъулияти ва низоларни ҳал этиш тартиби юзасидан турли баҳсли ҳолатлар келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда уй-жой ижарасига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ижарага берилган уй-жойни сақлаш ва таъмирлаш юзасидан томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Шу билан бирга, тарафлар ижара шартномасида қонунчилик талабларига зид бўлмаган ҳолда таъмирлаш ишларининг ҳажми, муддати ва молиялаштириш тартибини ўзаро келишув асосида аниқлашлари мумкин.

Ижарага берилган уй-жойни жорий таъмирлаш, агар уй-жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчининг зиммасидадир.

Ижарага берилган уй-жойни капитал таъмирлаш, агар уй-жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчининг зиммасидадир.

Ижарага берилган уй-жой жойлашган уйни қайта жиҳозлашга, агар бундай қайта жиҳозлаш уй-жойдан фойдаланиш шарт-шароитларини жиддий равишда ўзгартирса, ижарага олувчининг розилигисиз йўл қўйилмайди.

 

Ижарачи уйни қандай ҳолатда қайтариши керак?

Ижара муддати тугагач, ижарачи уйни шартномада келишилган ҳолатда, табиий эскиришни ҳисобга олган ҳолда қайтариши лозим.

Агар уйга ижарачининг айби билан зарар етказилган бўлса, у ушбу зарарни қоплаши мумкин. Аммо вақт ўтиши натижасида юзага келган табиий эскириш учун ижарачи жавобгар ҳисобланмайди.

Хулоса

Уй-жой ижарасида таъмирлаш билан боғлиқ низоларнинг аксарияти шартнома етарлича аниқ тузилмагани сабабли келиб чиқади. Шунинг учун ижара шартномасида капитал ва жорий таъмир ишлари, харажатларни қоплаш тартиби ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини батафсил белгилаш муҳим. Бу ҳам ижара берувчи, ҳам ижарачи манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Бекжон Исмаилов

Улашиш: