Тармоқда нима гап?
20.07.2026
2 235

Бугунги кунда телекоммуникация тармоқлари ва алоқа каналларида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сонининг ортиб бораётгани аҳолининг киберхавфсизлигини таъминлаш масаласининг долзарблигини янада оширмоқда. Шу боис ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга сольиш механизмлари ҳам изчил такомиллаштирилмоқда.
Жиноят кодексида телекоммуникация тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қатор жиноий қилмишлар назарда тутилган. Жумладан, ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш, халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф (рухсатсиз) равишда фойдаланиш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳамда уларнинг ишлаши учун шароит яратиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур қилмишларни содир этган шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилади.
Шундан келиб чиқадики, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни рухсатсиз эшитиш ёки улардан ахборот олиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бироқ амалдаги қонунчиликда бундай ҳаракатларга фақат қонунда назарда тутилган айрим ҳолларда ва белгиланган тартибда йўл қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 15-апрелдаги “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-764-сон Қонуни киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Мазкур Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ваколатли органга ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ҳамда материаллар билан танишиш, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролардан маълумотлар, ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур материалларни сўраш ва олиш, уларни идентификация қилиш ҳамда киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича тергов ҳаракатларида фойдаланиш ҳуқуқи берилган.
Бундан ташқари, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш ҳамда ахборот олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 169 ва 170-моддаларига мувофиқ фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда амалга оширилади.
Кимлар сўзлашувларни эшитиши мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади. Мазкур тергов ҳаракатини бевосита амалга ошириш эса махсус ваколатли давлат органи зиммасига юклатилади.
Сўзлашувларни эшитиб туриш тартиби қуйидагича:
Суд ажрими. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш фақат суд ажрими асосида амалга оширилади.
Илтимоснома киритиш. Суриштирувчи ёки терговчи тегишли қарор қабул қилиб, уни прокурорга юборади. Прокурор илтимосноманинг асослилигини текширади ва розилик билдирган тақдирда материалларни тергов судясига тақдим этади.
Суд томонидан кўриб чиқиш. Тергов судьяси илтимоснома ва унга илова қилинган материалларни келиб тушган вақтдан бошлаб 8 соат ичида ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқади ҳамда тегишли ажрим чиқаради.
Амал қилиш муддати. Сўзлашувларни эшитиб туриш муддати 6 ойдан ошмаслиги лозим.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда сўзлашувларни эшитиб туриш суднинг олдиндан розилигисиз, суриштирувчи ёки терговчининг қарори асосида бошланиши мумкин. Бундай вазиятда:
— суд ва прокурор амалга оширилган тергов ҳаракати ҳақида 24 соат ичида хабардор қилинади;
— тергов судьяси 48 соат ичида мазкур ҳаракатнинг қонунийлигини текширади ва ажрим чиқаради;
— агар тергов ҳаракати қонунга хилоф деб топилса, унинг натижасида олинган маълумотлар далил сифатида фойдаланилиши мумкин эмас.
Сўзлашувларни эшитиб туриш натижасида олинган барча ахборот мажбурий тартибда қайд этилиши (ёзиб олиниши) шарт. Тергов ҳаракатини амалга оширган мансабдор шахс бу ҳақда баённома тузади ва сўзлашувларнинг ёзувлари муҳрланган ҳолда баённомага илова қилинади.
Ахрор Казаков,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.
Фуқаролар энг кўп қиладиган 7 та ҳуқуқий хато
Муҳим келишувларни ёзма шаклда расмийлаштиринг.