currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларИжро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини биласизми?

Ижро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини биласизми?

Ҳуқуқ

calendar

26.02.2026

eye

65

Ижро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 72-сон қарори билан ижро интизомига масъул ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни сертификатлаш тартибини белгилайдиган низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини мустаҳкамлаш, назорат самарадорлигини ошириш ҳамда масъул ходимларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган.

I. Малака оширишнинг умумий ҳуқуқий тартиби

Низомга мувофиқ, ижро интизоми учун масъул ходимлар ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларини ўташи шарт. Бу талаб тизимли равишда билимларни янгилаб бориш ва амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришларга мослашишни таъминлашга хизмат қилади.

Янги тайинланган ходимлар учун алоҳида қоида белгиланган бўлиб, улар лавозимга тайинланганидан сўнг олти ой ичида малака оширишдан ўтишлари лозим. Мазкур норма масъул шахснинг лавозим мажбуриятларини қонун доирасида тўғри бажаришини кафолатлашга қаратилган.

Малака оширишнинг умумий ҳажми 40 соат этиб белгиланган. 2026 йилда ўқув курслари апрель ойидан бошланиши назарда тутилган.

II. Машғулотларнинг мазмуни ва ташкил этилиш шакли

Малака ошириш жараёни назарий ва амалий босқичларга бўлинади:

— Назарий қисм (24 соат) — Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил этилади.

— Амалий қисм (16 соат) — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда намунали давлат органларида ўтказилади.

Шу билан бирга, айрим тоифадаги ходимлар учун истисно тартиб жорий этилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги ходимлари учун малака ошириш фақат назарий шаклда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритувчи ходимлар учун назарий машғулотларни масофавий (онлайн) шаклда ташкил этиш имконияти ҳам назарда тутилган.

III. Малака ошириш жараёнининг босқичлари

Низом малака ошириш жараёнини аниқ босқичларга ажратган:

1. Рўйхатни шакллантириш — ҳар йили 10 январга қадар давлат органлари ва ташкилотлар ижро интизомига масъул ходимлар рўйхатини Адлия вазирлигига тақдим этади.

2. Режа-графикни тасдиқлаш — ҳар йили 1 февралга қадар Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан малака ошириш графиги тасдиқланади.

3. Ўқишга юбориш — ташкилотлар тасдиқланган график асосида ходимларни ўқувга юборади.

4. Ўқув жараёни — белгиланган муассасаларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади.

5. Якуний назорат — курс якунида синов имтиҳони ташкил этилади.

Ушбу босқичма-босқич механизм малака ошириш тизимининг шаффофлиги ва тартиблилигини таъминлайди.

IV. Имтиҳон, сертификатлаш ва ҳуқуқий кафолатлар

Якуний назорат тест шаклида ўтказилади. Синовдан муваффақиятли ўтган ходимларга белгиланган намунадаги сертификат берилади. Етарли балл тўплай олмаганларга эса курсда қатнашганлик тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилади.

Имтиҳондан ўта олмаган шахсларга 3 иш куни ичида бир марта қайта топшириш ҳуқуқи берилади. Натижадан норози бўлганлар 1 иш куни мобайнида апелляция беришлари мумкин. Бу норма процессуал адолат тамойилини таъминлашга хизмат қилади.

Малака ошириш билан боғлиқ барча харажатлар ходимни юборган ташкилотнинг бюджет ёки бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади. Шунингдек, ўқиш даврида ходимнинг иш жойи, лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади. Бу эса меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланишини англатади.

Хулоса қилиб айтганда Ижро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 72-сон қарори билан тасдиқланган низом ижро интизоми соҳасида кадрлар малакасини оширишнинг аниқ, босқичма-босқич ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам механизмларини белгилаб берди.

Мазкур тартиб:

— ижро интизомини кучайтиришга,

— давлат органларида масъулият ва ҳисобдорликни оширишга,

— касбий компетенцияларни тизимли равишда ривожлантиришга,

— шаффоф сертификатлаш тизимини жорий этишга хизмат қилади.

Шу тариқа, мазкур низом давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим институционал механизм сифатида ҳуқуқий аҳамият касб этади.

Турғунали Тошболтаев,
“Адолат” МҲАМ ходими

Улашиш: