Ҳуқуқ
28.01.2025
236
Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суддан ёки уни берган бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт.
Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди, ижро ҳужжатида ундирувни мазкур уйга (квартирага) қаратиш назарда тутилган ёхуд ушбу мол-мулк мажбурият бўйича гаров нарсаси бўлган ҳоллар бундан мустасно. Ундирув бошқа уйларга (квартираларга), уларда қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари ёхуд ўзга шахслар доимий равишда яшаб турган-турмаганлигидан қатъи назар, қаратилиши мумкин.
Ундирувчи ёки давлат ижрочисининг аризасига кўра, ундирув суд томонидан қарздорнинг ягона уйига (квартирасига) ёхуд уй ҳудудидаги алоҳида турган бинога ёки уйнинг муайян қисмига, агар суд уйни (квартирани), шу жумладан унга туташ ҳудудни қисмларга бўлиш мумкин, қарздор тасарруфида қолган қисми эса қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун етарли деб топган тақдирда, қаратилиши мумкин.
Рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмларга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин эмас.
Қарздор — жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган мол-мулк ва буюмларнинг қуйидаги турларига:
1. Асосий машғулоти қишлоқ хўжалиги ҳисобланган шахсларнинг:
а) ягона сигирига, сигири бўлмаганда — ягона ғунажинига, хўжаликларида сигир ҳам, ғунажин ҳам бўлмаганда, ягона эчкисига, қўйи ёки чўчқасига, шунингдек уй паррандасига (уй товуғи, ўрдак, ғоз, курка ва цесаркага);
б) қорамол учун янги ем-хашак йиғиб олингунга қадар ёки яйловга чиқаргунга қадар (агар қорамолга ундирув қаратилмаган бўлса) ем-хашакка;
в) навбатдаги экиш учун зарур бўлган уруғларга;
2. Қарздор ва унинг қарамоғидаги шахслар нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган қуйидаги уй анжомлари, жиҳозлар, кийимларга:
а) ҳар бир шахсга кийимлар: кузги ёки баҳорлик пальто ёки плаш, битта қишлик пальто (ёки чопон, пўстин), битта қишлик костюм (аёллар учун — иккита қишлик кўйлак), эркаклар учун битта ёзлик костюм ёки чопон (аёллар учун — иккита ёзлик кўйлак), ҳар бир мавсум учун биттадан бош кийими (бундан ташқари аёллар учун — иккита ёзлик рўмол ва битта иссиқ рўмол ёки шолрўмол), узоқ муддат фойдаланилган ва қийматга эга бўлмаган бошқа кийим-кечаклар ва бош кийимларига;
б) фойдаланилган оёқ кийимлари, ички кийимлар, чойшаблар, ошхона ва емакхона жиҳозларига (қимматбаҳо металлардан тайёрланган, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ясалган қадама нақшли буюмлар, шунингдек бадиий санъат қийматига эга бўлган буюмлардан ташқари);
в) ҳар бир шахс учун мебель — биттадан каравот ва стул ёки курси, оила учун битта стол, битта шкаф ва битта сандиққа;
г) болаларнинг барча жиҳозларига;
3. Ногиронлиги бўлган шахсларда фойдаланишда бўлган ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия мосламалари.
4. Қарздорнинг асосий машғулоти қишлоқ хўжалиги бўлса, янги ҳосилга қадар қарздор ва унинг оиласи учун зарур бўлган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларига, бошқа ҳолларда эса — қарздор оиласининг ҳар бири учун базавий ҳисоблаш миқдорида озиқ-овқатларга (пул маблағларига);
5. Қарздор ва унинг оиласи овқат тайёрлаши ва иситиш мавсуми мобайнида уй-жойини иситиши учун зарур бўлган ёқилғига ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин эмас.
Улашиш:
Бошқалар
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Янги нормалар: ахборот қай ҳолларда ноқонуний деб топилади?
2017–2025 йиллар оралиғида интернет фойдаланувчиларининг сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионгача ошган.
Ходимнинг шахсга доир маълумотларига нималар киради ва уларни кафолатлаш қандай тартибда амалга оширилади?
Иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги ахборот ходимнинг шахсга доир маълумотларидир.