currencies image

11 830,87 UZS

16,82

usd

currencies image

13 450,52 UZS

31,67

eur

currencies image

139,27 UZS

0,66

ru



АсосийЯнгиликларҚандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?

Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?

Ҳуқуқ

calendar

24.09.2026

eye

41

Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, маъмурий йўл билан ушлаб туриш — маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, шахсни аниқлаш, зарур ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, ишнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини ҳамда қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган процессуал чора ҳисобланади.

Муҳими, шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш фақат қонунчиликда бундай ваколат берилган орган ёки мансабдор шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Бу қоида МЖтКнинг 285 ва 287-моддаларида белгилаб қўйилган.

Маъмурий йўл билан ушлаб туришга қандай мақсадларда йўл қўйилади?

МЖтКнинг 285-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга қуйидаги мақсадларда йўл қўйилиши белгиланган: маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш, агар баённомани ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда иш бўйича қабул қилинган қарорни ижро этишни таъминлаш учун йўл қўйилади.

Ҳар қандай шахсни ушлаб туриш мумкинми?

Шунинг учун шахснинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани автоматик равишда уни ушлаб туриш мумкин дегани эмас. Ушлаб туриш учун ҳам Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, ҳам тегишли органнинг қонуний ваколати бўлиши керак.

МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган. Унда бир нечта алоҳида ҳолатлар ажратилган.

Биринчи ва энг кенг тоифа ички ишлар органларига тааллуқли. Кодексда кўрсатилган қатор ҳуқуқбузарликлар содир этилганда шахс ички ишлар органлари томонидан маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин. Бу рўйхатга, жумладан, айрим ҳолларда таълим ва вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар, жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳаракатлар, транспорт ва йўл ҳаракати қоидаларини бузишнинг қонунчиликда кўрсатилган турлари, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, уларнинг хизмат вазифаларини бажаришига қаршилик кўрсатиш, паспорт-режим ва бошқа белгиланган тартибларни бузиш билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар киради. МЖтКнинг 287-моддаси 1-бандида айнан қайси моддалар бўйича ички ишлар органлари бундай чорани қўллаши мумкинлигини санаб ўтилади.

 

Иккинчидан, давлат чегараси режимини бузиш билан боғлиқ МЖтКнинг 184², 184³, 196¹, 224, 224¹-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида ва 224²-моддаларидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича шахс чегара қўшинлари томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Учинчидан, қўриқланадиган объектлар ҳудудида содир этилган айрим ҳуқуқбузарликлар учун шахс шу қўриқланадиган объект жойлашган ердаги ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмасининг катта мансабдор шахси томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Тўртинчидан, Қуролли Кучлар ва чегара қўшинларининг транспорт воситаларига оид айрим йўл ҳаракати қоидалари бузилганда шахс ҳарбий автомобиль инспекцияси мансабдор шахслари томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Бешинчидан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қатор ҳуқуқбузарликлар содир этилганда экологик назоратни амалга оширувчи ваколатли мансабдор шахслар шахсни ушлаб туриши мумкин.

Олтинчидан, божхона соҳасидаги МЖтКда белгиланган ҳуқуқбузарликлар бўйича шахс божхона органлари ходимлари томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Еттинчидан, ҳарбий хизмат ва ҳарбий интизом билан боғлиқ МЖтКнинг 194, 204 ва 205-моддаларидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича шахс ҳарбий патруль томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Саккизинчидан, солиқ ва иқтисодий соҳадаги қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича шахс давлат солиқ органлари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахслари томонидан ушлаб турилиши мумкин.

Демак, МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати битта органгагина берилмаган. Ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб ички ишлар органлари, чегара қўшинлари, ҳарбий соқчиликнинг ваколатли мансабдор шахслари, ҳарбий автомобиль инспекцияси, экология соҳасидаги ваколатли органлар, божхона органлари, ҳарбий патруль, солиқ органлари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тегишли мансабдор шахслари бундай чорани қўллаши мумкин.

Расмийлаштириш тартиби қандай?

Маъмурий йўл билан ушлаб туришнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг расмийлаштирилишидир. МЖтКнинг 286-моддасига кўра, ушлаб туриш ҳақида баённома тузилади. Унда баённома тузилган сана ва жой, уни тузган мансабдор шахснинг лавозими ва маълумотлари, ушлаб турилган шахс ҳақидаги маълумотлар, ушлаб туриш вақти, жойи ва унинг асослари кўрсатилади. Баённома мансабдор шахс ва ушлаб турилган шахс томонидан имзоланади. Шахс имзо қўйишдан бош тортса, бу ҳақда баённомага қайд киритилади.

Шунингдек, ушлаб турилган шахснинг илтимосига кўра, у ушлаб турилган жой ҳақида унинг қариндош-уруғлари, адвокати, иш ёки ўқиш жойидаги маъмурият хабардор қилиб қўйилади. Агар ушланган шахс вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар албатта хабардор қилиниши лозим.

Ушлаб туриш муддати нечи кун?

Ушлаб туриш муддати ҳам қонун билан чекланган. Умумий қоидага кўра, маъмурий йўл билан ушлаб туриш уч соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Бироқ қонунчиликда айрим махсус ҳолатлар учун узоқроқ муддатлар белгиланган. Масалан, давлат чегараси режимини ёки чегара орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахс зарур ҳолларда прокурорга ёзма хабар берилган ҳолда уч суткагача ушлаб турилиши мумкин. Агар шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, прокурор санкцияси билан ушлаб туриш муддати ўн суткагача бўлиши мумкин.

 

Айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича эса шахс иши маъмурий суд ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан кўриб чиқилгунга қадар, лекин 24 соатдан кўп бўлмаган муддатга ушлаб турилиши мумкин. Бундай ҳолатлар қаторига, жумладан, МЖтКнинг 54, 56, 57, 58, 61, 90, 164-моддасининг тўртинчи қисми, 170, 183, 184², 184³, 191, 194, 1941, 195, 1951, 201, 204, 205, 206, 210-моддалари ва 225-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айрим ҳуқуқбузарликлар киради.

Муҳим жиҳат шуки, маъмурий йўл билан ушлаб туриш маъмурий жазо эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритилишини таъминлаш чорасидир. Шу сабабли шахсни ушлаб туриш унинг айбдор деб топилганини англатмайди. Бу чора фақат қонунда белгиланган процессуал мақсадларга эришиш учун ва ваколатли орган томонидан қўлланилиши мумкин.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш:

Мавзуга доир янгиликлар: