Тармоқда нима гап?
20.12.2025
27

Уйимиз тоғ этагида жойлашгани боис, кунда бўлмаса ҳам кунора тоққа йўлимиз тушарди. Гоҳ мол ҳайдаб, гоҳ ўтин йиғишга чиқардик. Оёғимиз теккан шувоқларнинг, юлиб олинган кийик ўтларининг анвойи хидларидан энтикардик. Айниқса, ҳали узоқда турган арчалардан келаётган ифор беихтиёр ўша томонга етакларди. Хуллас, ҳаммаси ажиб ва ажабтовур эди.
Аслида, сизга айтмоқчи бўлганим ўша тоғда неча йиллардан буён савлат тўкиб турган, табиат кўрки бўлган арчаларнинг қисматидир. Кунларнинг бирида қишлоқда гап тарқалди: тоғдаги арчаларни кимдир кесиб кетибди... бунга кимдир ачинди, кимдир қарғанди. Арчаларнинг ичида биттаси тенг ярмидан тепаси кесилиб (катта бўлгани учун тубидан кесишга кучи етмагандир), ҳудди бошсиз қолгандек кўринарди. Одамлар арчаларнинг кушандаси кимлигини ўзларича гумон қилиб, бир-бирига айтиб юрди. Гумон тўғри ҳам эди. Чунки унча катта бўлмаган қишлоқда ким ўғри-ю, ким тўғрилигини деярли ҳамма билади-да.
Ярмидан кесилган арча қуримади, яшнаб тураверди. Бу, адашмасам, тоғдаги арчаларнинг энг ёши улуғи эди. Фақат табиат неъматларини ардоқлайдиган, қадрига етадиган, нафсини деб нафасини бўғмайдиганларгина арчага ачинди, кўзларида ёш қалқди. Олдинлари ким тоғ томонга борса, ўша катта арчанинг шохчаларидан синдириб, уйига олиб кетарди, сабаби унинг ҳиди йўқолмасди.
Арчалар нобуд қилинган йил куз фасли эди. Йил тугаб, кейинги йилнинг баҳори серёғин бўлди. Ҳафталаб тўхтовсиз ёмғир ёғди. Ёмғирли кечаларнинг бирида қишлоқдаги Райим аканинг молхонаси қулаб тушиб, 7-8 та қорамолини босиб қолибди. Қишлоқдошлар ёрдамга йиғилиб келган. Аммо кучли ёғин сабаб молларнинг устидаги тўсин ва лойларни олгунча тонг ҳам отган. Молларнинг ҳаммаси нобуд бўлган. Райим ака четга улоқтирилган тўсинларга қараб, кўзи ёшланди. “Ҳамма айб ўзимда. Молларимизга мустаҳкамроқ молхона қурай, деб арчаларни кесиб, тўсин ўрнида ишлатгандим. Мана оқибати, табиатнинг оддий жавоби”. Йиғилганлар гоҳ Райим акага, гоҳ арча тўсинларига бир-бир қараб тарқалишди.
Бу воқеага ҳам ўн беш йилча бўлди. Нима учун эсладим? Сўнгги йилларда табиат ва экологияга ҳаддан зиёд зарар ва зулм етказдик. Бунинг жавоби йўқ деб ўйлайсизми? Албатта, бор! Кўрдик, кўраяпмиз. Тинкамизни қуритган қурғоқчилик, томоғимиздан олган чангли ҳаво...
Булар биз учун огоҳлик қўнғироғидир. Биз агар табиатга зарар етказишни бас қилмасак, бунданда катта хавфларга дуч келишимизга ҳеч ким кафолат бераолмайди. Шундай экан, қўлимизни табиатнинг бўйнидан тортайлик. Унга ҳурмат, илтифот кўрсатайлик. Зора, табиат ҳам бизнинг амалларимизга қайишиб, тоғларимизни чаманга, боғларимизни бўстонга айлантирса.
Дарвоқе, юқоридаги қишлоқдошларнинг гумони тўғри чиқди.
Ёрбек Искандаров,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?
Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.
Жисмоний шахсларнинг қайси даромадларига солиқ солинмайди?
Солиқ кодексининг 378-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг айрим даромад турларига солиқ солинмайди.
Никоҳдан ажратиш тартибини биласизми?
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.