Ҳар бир ходим иш фаолияти давомида камчиликлар ва хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бундай пайтда қандай чоралар кўрилади? 3 йил олдинги хатоси учун ходимга жазо қўллаш мумкинми? Муддат ва оқибатлари қандай? Hudud24.uz интизомий жазо бўйича ходимлар билиши лозим бўлган ҳуқуқий нормалар ҳақида батафсил тушунтириш беради.
- Форс-мажор ҳолатида ходимга интизомий жазо қўлланиладими?
Ходимнинг интизомий қилмиш содир этиши ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Интизомий қилмиш деганда ходим ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги тушунилади.
Ходим мажбуриятларини бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса (иш берувчи шароит яратмаган бўлса, форс-мажор ҳолатлари ва ҳоказоларда), ходимни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.
Интизомий жавобгарлик умумий ва махсус қисмларга бўлинади:
умумий интизомий жавобгарлик – Меҳнат кодекси ва ички меҳнат тартиби қоидалари билан тартибга солинадиган жавобгарлик, у ходимга ҳайфсан, жарима, ва ишдан бўшатиш чораларидан бирини қўллашдан иборат ва барча ходимларга нисбатан татбиқ этилади.
махсус интизомий жавобгарлик – ходимларнинг фақат алоҳида тоифалари учун қонунда, интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларда назарда тутилган жавобгарликдир. Масалан, давлат фуқаролик хизматчилари, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган интизомий жазолар.
- Ходимга қандай интизомий жазолар қўлланилиши мумкин?
Меҳнат кодексига мувофиқ, меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги умумий интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
ҳайфсан;
ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима.
Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин;
ишдан бўшатиш (ишдан бўшатиш асослари ҳақида батафсил ушбу мақолада (
https://hudud24.uz/yangi-mekhnat-kodeksida-ishdan-bushatish-asoslari-10-ta-mukhim-koida/) танишиш мумкин).
Давлат фуқаролик хизматчиларига эса юқоридагиларга қўшимча тарзда малака даражасини пасайтириш, лавозимини пасайтириш каби жазолар ҳам қўлланилади.
Умуман олганда, ходимларга Меҳнат кодекси, бошқа қонунлар, интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилмаган жазоларни қўллаш мумкин эмас.
- Интизомий жазо ҳақидаги буйруқ ходимга таништирилмаса ҳам кучга кирадими?
Интизомий жазо иш берувчи томонидан қўлланилади. Ташкилотда раҳбар бўлмаса, раҳбарнинг вазифаси юклатилган шахслар ҳам жазо қўллаши мумкин.
Ходимга интизомий жазо қўлланилмасдан олдин ундан ёзма тушунтириш олиниши керак.
Ёзма тушунтиришда интизомий қилмиш содир этиш сабаблари, унга мажбур қилган омиллар ёки шу билан боғлиқ жараёнлар кўрсатилади.
Ходимнинг ёзма тушунтириш беришни рад этиши унга жазо қўлланилишини истисно қилмайди, бундай вақтда гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилади ва жазо қўллаш жараёни давом эттирилади.
Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо қўлланилиши мумкин.
Интизомий жазони танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишли.
Жазо қўллашда қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Жазо қўллаш буйруқ билан расмийлаштирилади.
Буйруқ қабул қилингандан 3 иш кунида ходимга жазонинг сабаблари кўрсатилиб унга имзо қўйдириб эълон қилинади. 3 кунлик муддатда ходимнинг ишда бўлмаган вақти ҳисобга олинмайди
(масалан хизмат сафарида бўлиши мумкин).
Ходимга интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ таништирилмаса, у жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
Ходим буйруқ билан танишишни рад этса, гувоҳлар иштирокида бу далолатнома билан расмийлаштирилади ва ходим буйруқ билан танишган деб ҳисобланади.
- 3 йил олдинги хатоси учун ходимга жазо қўллаш мумкинми?
Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин дарҳол, бироқ аниқланган кундан 1 ойдан кечиктирмай қўлланилади.
Масалан, ходим 4 сентябрда интизомий қилмиш содир этди ва бу қилмиш ўша куннинг ўзида аниқланди, шу сабабли ходимга жазо 4 октябргача қўлланилиши керак.
Бу вақтга ходим “больничний”да бўлган ёки таътилда бўлган даври қўшилмайди.
Интизомий жазо интизомий қилмиш содир этилгандан 6 ойдан кечиктирмай, тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижаларига кўра эса, у содир этилган кундан эътиборан 2 йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Бу нима дегани? Бу ходим интизомий қилмиш содир этсаю, лекин ҳали бундан ҳеч ким хабар топмаган бўлса, 6 ой ёки 2 йилда қўлланиши керак.
Масалан, А. 2023 йил 4 сентябрда меҳнат қоидаларини бузди, лекин бундан иш берувчи хабар топмади, мана шу ҳолатда иш берувчи ходимга 4 сентябрдан бошлаб 6 ойда 2024 йил 4 мартгача жазо қўллаши керак, агар молия хўжалик фаолияти бўлса 2025 йил 4 сентябргача қўллаши керак.
Агар ходимнинг 2023 йил 4 сентябрда содир этган интизомий қилмиши 2024 йил 5 мартда аниқланса ёки молияга оид бўлганда 2025 йил 5 сентябрда аниқланса, ходимга жазо қўллаб бўлмайди.
- Интизомий жазо муддати қанча вақтда тугайди?
Интизомий жазонинг муддати бир йилдан ошмаслиги керак.
Жазо қўлланилгандан 1 йилгача ходимга янги интизомий жазо қўлланилмаса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади. Бунда интизомий жазо иш берувчининг буйруғи чиқмасидан автоматик тарзда тугайди.
Иш берувчи интизомий жазони ўз ташаббусига кўра, ходимнинг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмасининг илтимосномасига, ходим илтимосига кўра, бир йил ўтгунигача муддатидан олдин олиб ташлаш ҳуқуқига эга.
Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Интизомий жазонинг амал қилиш муддатида ходимга рағбатлантириш чоралари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.
Дилмурод Ражабоев,
hudud24.uz колумнисти