currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларҲалолликнинг баҳоси қанча?

Ҳалолликнинг баҳоси қанча?

#NoComment

calendar

22.07.2026

eye

45

Ҳалолликнинг баҳоси қанча?

Йўлда бир “бозорчи” аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Картошка олиб-сотар экан. “Қанчадан олиб, қанчадан сотасиз?” дедим қизиқиб. Мени ҳайрон қолдирган нарса, опахон картошкани олган нархида сотар экан.

“И-я, унда сиз кун бўйи бозорда...” гапим тугамасиданоқ аёл:

— Тарозини тўғрилаб қўйганмиз, — деди кўзини қисиб. Картошка қимматроқ-да! Ҳар килосидан икки-уч донадан қолсаям...

Аёлнинг куннинг иссиғида терлаб кетган юзида заррача андишани кўрмадим.

Бозорда ҳамма нарсанинг баҳоси бор, албатта. Картошканинг, сабзи-пиёзнинг, ёғ билан гўштнинг ҳам. Бозорга бориб ҳалолликнинг баҳосини билмоқчи бўлдим. Юқоридаги саволни бошқачароқ маънода олиб-сотарларга бериб кўрдим. Савдолаша туриб деҳқонмисиз?деб сўрайман сотувчидан.

— Ҳа, энди, йил бўйи шу ердамиз, буёғи деҳқончилик...

— Олаверинг, деҳқонларнинг нархида, — деб гапга қўшилади ёнидаги аёл.

Сабзи-пиёзни, гуручни ҳам деҳқондан олсангиз, арзонроқ... савдогардан олсангиз, бироз қимматроқ-да, деб қўясиз ичингизда. Шунга ўхшаб бошқа нарсаларни ҳам биринчи қўлдан олсангиз, арзон баҳо олган бўласиз. Устама нархни ҳам эл қатори белгилашади. Савдо қилаётганлар ичида ҳалол одамлар ҳам кўп. Аммо...

Сўзимиз аввалида кўпчилик яхши биладиган бир ривоятни келтиргим келди. Эмишки, қадим замонда бир йигит бахтини излаб сафарга чиқибди. Йўлда ҳориб-чарчаб сув бўйидаги дарахтнинг соясида дам олибди. Ариқдаги сувдан қип-қизил олма оқиб келаётган эмиш. Йигит қирмизи олмани қўлига олиб, беихтиёр унинг мазасини тотиб кўргиси келибди. Олмани бир тишлабди-ю, “оҳ”, дебди.

Ахир бу олма кимнинг боғида пишганини билмайман-ку, бировнинг ҳақи ёмон бўлади, энди ўша боғбонни рози қилишим керак деб ўйлабди у.

Ариқдаги сувнинг йўналиши бўйлаб олма оқиб келган томонга қараб юра бошлабди. Анча йўл босиб катта бир боғнинг олдидан чиқибди. Боғбон билан салом-аликдан кейин мақсадга кўчибди.

Олманинг баҳосини айтинг, токи мен сизни рози қилай дебди йигит унга.

Шунда боғбон мийиғида кулиб шундай дебди:

— Бу олма жуда қиммат туради, ўғлим, сендан рози бўлишим учун менинг якка-ю ёлғиз қизимга уйланасан. Фақат, қизимнинг кўзи кўрмайди, қулоғи эшитмайди, гапиролмайди, оёғи чўлоқ, юролмайди.

Йигит ўйланиб қолибди. Охири, нима бўлса бўлди, тақдиримдан кўрдим, деб ўша қизга уйланишга рози бўлибди. Боғбон йигитнинг яхши тарбия кўрганлиги, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, ҳалол, оқкўнгиллигини кўриб шундай деган экан. Аслида унинг қизи ҳусну малоҳатда тенгсиз бир гўзал экан. Йигит ота-онасидан ризолик олибди, тўй куни белгиланибди. Қарасаки, келинчак ногирон эмас, жуда чиройли қиз экан.

Шунда боғбон йигитнинг ёнига келиб:

“Қизимнинг кўзига бегона нигоҳ тушмаган, қулоғи ғийбат гапларни эшитмаган, тилидан ёмон гап чиқмайди, ўзи остона ҳатлаб кўчага чиқмаган, беҳаё қадам босмаган дегандим, ўғлим, — деган экан.

Бировнинг боғида ўсган олманинг бир тишламини еб, ўзини айбдор сезган йигитга ўхшаган одамлар ҳозир ҳам кўп. Бироқ, орамизда қандай йўл билан бўлмасин, кўпроқ пул топиш ниятида яшаётганлар кўпайиб бораяпти, назаримда. Ҳамма замонларда ҳам шундай бўлган, ҳаётнинг оқ билан қора ранглари бор-да, дейишингиз мумкин.

Бир пайтлар ўғирлик қилган одамнинг аввал ўнг қўлини, шу ҳол яна такрорланса, иккинчи қўлини ҳам кесиб ташлашган экан. Йиллар ўтди, замонлар ўзгарди, одамларнинг дунёқараши ҳам ўзгарди. Ҳозир ўғирлик қилганларга қонун асосида жазо тайинланади. Аммо... гап бу ҳақда эмас, одамнинг бировнинг ҳақидан, яъни ҳаром нарсадан қўрқмаганида!

Ҳалолликда барака бўлади, дейди халқимиз. Азалдан ҳар бир ишда, айниқса, савдо-сотиқ ишида ҳалол бўлиш одамийликнинг биринчи белгиларидан саналган. “Мухтасар” деган китобда ўқиганим бор, савдо-сотиқнинг ҳам қонун-қоидалари бор. Сотиб олинган нарсани ўша жойнинг ўзида бошқа бировга пуллаб юбориш нотўғрилиги, бундай йўл билан топилган пулнинг ҳалол бўлмаслиги айтилган. Минг афсуски, ҳозир бундай қоидаларга амал қиладиганлар жуда камайиб кетяпти. Бугунги кунда бозорга тушиб бирор нарса харид қиламан, десангиз, кўпчилик тарозим тўғри, деб қўяди сўрамасингиздан аввал.

Савдолашсангиз:

— Ўзим шунчадан олганман, менга озгина пулингиз қолади, — дейди.

Жудаям савдолашаверсангиз:

— Майли, ўзининг пулини берақолинг, кечки бозор, сиздан фойда қилмасам қилмабман, — деган жавобни оласиз.

Бу гаплардан сираям ҳайрон бўлмайсиз. Негаки, кунда бўлмаса, кунора нимадир харид қилиб, шундай жавоб эшитавериб ўрганиб қолгансиз. Ҳозир олиб-сотарлар бир иборани ишлатишади — тирикчилик... Агар бирортасининг тарозидан уриб қолаётганини сезиб қолсангиз ҳам, уялмай-нетмай:

— Тирикчилик-да!.. — деб ўзини оқлаб қўяди.

Бундай пайтда юзи қизаринқирамайдиганлар ҳам топилади. Пешона тери билан топилган пул ҳалол бўлади, дейди халқимиз. “Ҳалол касбдан чарчаб ухлаган одам гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди”, дейилади бир ҳадисда.

Кўпинча ён-атрофимиздаги одамлар бошига тез-тез ташвиш тушишидан нолиб қолишади. Сўраб-суриштирсангиз, бировнинг дилини оғритадиган иш қилган бўлиб чиқади. Ўзгаларни норози қилиб топилган пул бировга буюрса, бировга буюрмайди. Ҳаромдан келган пул ҳаромга кетади, деган мақол ҳам бекорга айтилмаган. Баъзилар қилган ишлари хатолигини кечроқ англаб, пушаймон бўлишади. Аммо пушаймондан эса энди фойда йўқ.

Яқинда бир танишимникига меҳмонга боргандим. Бозордан сариёғ олган экан, мазаси ғалатироқ экан, деб нолиб қолди. Музлатгичдан олиб, ликопчага бир бўлагини кесиб келди. Чинданам мазаси ғалати, сираям сариёққа ўхшамайди. Ачимтир, зардоб сувнинг мазаси келадими-ей.

— Ўзи, қаймоқ оламан, деб бозорга тушгандим. Нима бўлди-ю, ҳалиғи кампирга раҳмим келганидан олақолдим. Арзонига учибман, тузиям йўқ шекилли, — танишим хижолат тортгандек ошхонага ўтди.

Икковлашиб кичикроқ коптокдек келадиган қўлбола сариёғни туз билан эзғиладик. Бир килограмм сариёғдан бир пиёлагина тоза сариёғ чиқди, қолгани бир коса сариқ сув. Бир-биримизга қараб қолдик.

— Топгани ёмон кунига буюрсин! — деди хонадон соҳибаси норози оҳангда.

— Қўйинг, ундай деманг, — деб тинчлантирган бўлдим уни. — Барибир сиз билан мен бунақа ишни эплолмаймиз. Қани, гапимга ишонмасангиз, шу зардоб сув билан мана бу бир пиёла сариёғдан бозордан олганингиздек қилиб сариёғ тайёрлаб кўринг-чи!

— Ҳа, қўлимиздан келмайди, бунақа ишни қилиш учун одамнинг юзи қаттиқ бўлиши керак. Ўтган сафар маҳаллага олиб келишганда қаймоқ олгандим. Ҳозир шунақа, бозорда ўтмайдиган матоҳини эшигингизнинг тагигача олиб келишади. Бир литр қаймоқнинг ярмидан кўпига сут аралаштирилган экан.

Бир марта ўзим ҳам ширгуруч пиширмоқчи бўлиб, бир литр сув қўшилган сут олганимни эсладим. Ранги кўкимтирлигидан аввалигa шубҳаланган бўлсам ҳам, шошиб турганим учун олавергандим. Юқори қаватга кўтарилгач, ҳалиғи сутдан бир ҳўплам ичиб кўрдим, мазаси йўқ. Оқ нарсага хиёнат қилган аёлнинг бу муғомбирлигини ҳеч ақлимга сиғдиролмагандим.

Унинг кулимсираб турган юзини, сут-қатиқ керак бўлса, ҳар доим ўзимдан олаверинг, деган ширингина гапини эслаб қўлимдаги қўлбола сутни қайтариб беришга иймандим.

Шундай пайтларда нимагадир болалик йилларимни эслайвераман. Болалигимда нимага одамнинг сочларига оқ ораларкин, нимага юзларига ажин тушаркин, деб ўйлайверардим. Йиллар ўтиб бу саволларимга жавоб топиб олаётгандайман.

Тирикчилик ташвишларига кўмилган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган одамнинг сочлари тезроқ оқарар экан. Уларга ҳавасим келади доим. Аммо... кўзингизга қараб туриб ёлғон гапирадиганларни кўрганда, бундайлар кимдан таълим олган экан, деб ўйланиб қоласиз. Киссовурликда шайтоннинг сабоғини олганлар кўпайиб қолганидан ташвишга тушасиз.

Юқорида ўғирлик ҳақида гапиргандик. Ўғирликнинг ҳам ҳар хил тури бўлар экан. Кимникидир ошкора, кимникидир пинҳона. Тарозидан уриб қолаётганлар, оқ нарсага хиёнат қилиб, сутга сув қўшаётганларнинг иши қайси ўғирликдан кам?!

Биз турмушимиздаги баъзи дилни хижил қиладиган воқеалар тўғрисида фикр юритдик, холос. Бундай мисоллар, афсуски, топилади. Шуларни кўриб, улардан:

— Ҳалолликнинг баҳоси борми? — деб сўрагимиз келади.

Ўзбекнинг боласи

Улашиш: