Ўзбекистон
19.10.2023
1 071
Куни кеча, 18 октябрда АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҲАМАС жангарилари ва Исроил ўртасидаги можарода гуманитар тўхтамга чақирган резолюциясига вето қўйди. Бунга жавобан Россиянинг БМТдаги элчиси америкалик ҳамкасбларини “иккиюзламачилик ва икки стандартлилик”да айблади. Human Rights Watch ташкилоти Ғазодаги қуролли ҳаракатларни ҳарбий жиноят санамоқда. Hudud24.uz БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазодаги вазиятни юмшатишга бўлган уринишлари ва Кенгаш фаолиятидаги муаммолар, хусусан, вето ҳуқуқи ҳақида сўз юритади. “Ғазо резолюцияси” Бразилия томонидан матни тайёрланган, Ғазога гуманитар ёрдам етиб бориши учун имкон беришга чақирувчи резолюцияни кўриб чиқиш сўнгги икки кун ичида икки марта кечиктирилди. Кенгашнинг 12 аъзоси лойиҳа матнига овоз берди. Россия ва Буюк Британия бетараф қолди. АҚШ эса вето ҳуқуқидан фойдаланди. АҚШнинг БМТдаги элчиси Томас-Гринфилд овоз бериш якунлангандан сўнг Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига АҚШ мураккаб дипломатик ишлар олиб борилаётган жойдалиги ва бу дипломатияда ўзининг ролини ўйнашига имкон берилиши кераклигини маълум қилган. [caption id="attachment_22968" align="alignnone" width="975"] АҚШнинг БМТдаги элчиси Томас-Гринфилд ҲАМАС-Исроил можароси бўйича давлат позициясини маълум қилмоқда. Манба: Reuters[/caption] Вашингтон доимий равишда иттифоқичиси Исроилни Кенгашнинг ҳар қандай ҳаракатларидан ҳимоя қилади. Хусусан, Томас-Гринфилд “АҚШ резолюция лойиҳасида Исроилнинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқи эсланмаганлигидан хафа бўлган”лигини маълум қилди ва Ғазодаги гуманитар инқирозда ҲАМАСни айблади: “Биз Исроил, унинг қўшнилари, БМТ ва бошқа ҳамкорлар билан Ғазодаги гуманитар инқирозни ҳал қилиш учун ишлаяпмиз. Озиқ-овқат, дори-дармон, сув ва ёқилғи Ғазога имкон қадар тезроқ етиб бориши муҳим”, деди у. “Ҳамаснинг ўз ҳаракатлари билан бунга сабабчи бўлди – бу жиддий гуманитар инқироз”. Бунга жавобан Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя “америкалик ҳамкасбларининг иккиюзламачилик ва икки томонлама стандартларига яна бир бор гувоҳ бўлганлиги”ни таъкидлаган. Айтиш керакки, Россия томонидан ишлаб чиқилган резолюция лойиҳаси душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинмади. Россия ҳозирда 193 аъзодан иборат БМТ Бош Ассамблеясини можаро бўйича фавқулодда махсус сессияга чақиришни сўраб мурожаат қилганлигини маълум қилди. Бунда резолюция лойиҳасини ҳеч бир давлат вето ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда овозга қўйишга қарор қилиниши мумкин. Бош Ассамблея резолюциялари мажбурий эмас, лекин сиёсий аҳамиятга эга. БМТ Хавфсизлик Кенгаши Хавфсизлик Кенгаши ташкил этилганидан буён турли халқаро ва ички низоларни, зиддиятли вазиятларни ҳал қилишга катта ҳисса қўшди. Кенгаш низоларни ҳал қилиш учун воситачилик гуруҳларини тузади, ихтилофларни келтириб чиқарган фактларни аниқлаш миссияларини ташкил қилади. Хавфсизлик Кенгашининг фаолияти туфайли БМТ 1988 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланди. [caption id="attachment_22969" align="alignnone" width="974"] БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши. Манба: Japan Times[/caption] Аммо экспертлар фикрича, Кенгашнинг таркиби ва иш тартиби XXI аср воқеликлари ва улар олиб келган оқибатларга мос келмай қолган. Сўнгги йилларда Кенгашни сустлик ва масъулиятсизлик, сиёсий жанжаллар, Суриядан Украинагача, Фаластиндан Мьянмаргача бўлган энг кескин инқирозли вазиятларни юмшатолмаганлиги ёки буни истамагани учун фақатгина дангасалар танқид қилмади, холос. Танқидлар турфа хиллигига қарамай, уларнинг аксарияти икки асосий нуқтага бориб тақалади. Уларнинг биринчиси Кенгаш таркибига тааллуқли бўлса, иккинчиси унинг иш тартиби билан бевосита боғлиқ. “Катта бешлик” – Кенгашнинг доимий аъзолари Хавфсизлик Кенгаши 15 давлат: икки йиллик муддатга географик принцип бўйича сайланадиган 10 доимий бўлмаган ҳамда АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитойдан иборат 5 доимий аъзодан иборат. Аммо ҳозирга қадар ўзгармаган доимий аъзолар таркиби кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бундан 78 йил аввал мантиқий бўлган қарор XXI асрдаги ҳақиқий вазият ва кучлар мувозанатини акс эттирмайди. Масалан, ўша пайтда урушда мағлуб бўлган Германия эндиликда Европа Иттифоқи сиёсатида етакчи мавқени эгаллаб, нафақат минтақадаги, балки бутун дунёдаги жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, ҳанузгача Кенгашнинг доимий аъзоси эмас. Агар иқтисодий жиҳатдан қаралса, АҚШ ва Хитой Катта бешликда қолиб, бошқа аъзолар ўз ўрнини Япония, Германия ва Ҳиндистонга бўшатиб бериши керак. Географик нуқтаи назардан ҳам ҳаммаси тескари: Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан ҳеч қайсиси доимий аъзолар сафида мавжуд эмас, гарчи Кенгашнинг кун тартибига кўпинча ушбу минтақаларда бўлиб ўтадиган воқеалар киритилса-да. Кенгаш таркибини ўзгартириш ёки кенгайтириш зарурати кўп йилдан бери муҳокама қилинмоқда. 2005 йилда Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония томонидан Тўртлик гуруҳи (G4) тузилди. G4 да доимий аъзолик учун ўзаро аризаларни илгари суриш мақсад қилиб қўйилган. Айтиш керакки, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам БМТнинг 1995 йилги сессиясида Япония ва Германияни доимий аъзоликка қабул қилишни таклиф этган эди. Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари сонини кўпайтириш таклифи кўплаб халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ҳам билдирилган. Шунингдек, Африка иттифоқи қитъа давлатлари учун қўшимча икки доимий ўрин, Араб давлатлари Лигаси эса битта ўрин ажратишни сўрамоқда. Аммо Кенгашга янги доимий аъзоларни қўшиш осон иш эмас. БМТнинг ҳар қандай ислоҳоти Бош Ассамблея аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овозини, шунингдек, Кенгаш барча доимий аъзоларининг қўллаб-қувватлашини талаб қилади. Аммо «танланган»ларнинг барчаси ҳам вето ҳуқуқини бўлишиш учун тайёр эмас. «Тақиқлайман» – доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқи Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг вето ҳуқуқига қарши кураш жуда узоқ вақтдан бери давом этаётган бўлса-да, аммо у муваффақиятдан анча йироқда кечмоқда. Бу, биринчи навбатда, мақом (статус) масаласи, айниқса, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида ўрни заифлашиб бораётган аъзолар учун. Вето ҳуқуқининг бекор қилиниши улар учун миллий ғурурга қаттиқ зарба бериш, «оддий» давлатлар даражасига тушириш ва БМТни яратишдаги ролини унутиш демакдир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, БМТ умумий бюджетининг 42 фоизидан ортиғи доимий аъзолар томонидан ажратиладиган маблағга тўғри келади. Иккинчидан, вето ҳуқуқи мақомдан ташқари миллий манфаатлар масаласи ҳам. Ўзаро келишмовчиликларга қарамай, катта бешликнинг барча аъзолари ўзининг суверенитетини жуда қадрлайди ва ҳеч кимнинг, шу жумладан, БМТнинг ҳам бу суверенитетга даҳл қилишини хоҳламайди. Айниқса, бу масалада муросасиз позицияни катта учлик – Россия, Хитой ва АҚШ эгаллаб турибди. Дарвоқе, БМТ низомида «вето» атамаси (лот. – «тақиқлайман») тўғридан тўғри тилга олинмайди. Бу ҳуқуқ низомнинг 27-моддасида қуйидагича ифодаланади: «Хавфсизлик кенгашининг барча бошқа масалаларга оид қарорлари кенгашнинг барча доимий аъзоларининг бир хил овозларини қўшиб ҳисоблаганда 9 аъзоси овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Ветонинг аҳамияти шундаки, у фақатгина доимий аъзоларга тегишли бўлиб, Кенгаш қарорларини кучга киришдан сақлаб қолиш ваколатини беради. Чунки БМТ низомига кўра, Хавфсизлик Кенгашининг тартибот масалаларидан бошқа барча масалаларга оид қарорлари доимий аъзоларнинг барчаси томонидан ёқлаб овоз берилгандагина қабул қилинади. Аммо бу ҳуқуқ кўпинча катта бешлик давлатлари томонидан ўз манфаатларига зид қарорларни тўхтатиб қўйиш учун (блоклаш) фойдаланилади. Шу сабабдан дунёнинг юздан ортиқ давлатлари вето ҳуқуқини чеклаш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Шу жумладан, кенгашнинг доимий аъзоларидан бири – Франция 2013 йилда ветони чеклаш ташаббуси билан чиқди ва қолган аъзоларни инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидга оид резолюцияларни блоклаш учун фойдаланмасликка чақирди (кейинчалик, Мексика бу ташаббуснинг ҳаммуаллифига айланди). Хусусан, Франция Президенти Эммануэль Макрон ўз нутқида Кенгаш ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади: «Бугунги кунда кўп томонлама ҳамкорлик шакллари заифлашган, чунки Кенгашнинг иши вето орқали тўхтатиб қўйилмоқда: айтишим керакки, БМТ Хавфсизлик кенгаши эндиликда бошқа фойдали қарорлар қабул қила олмайди». [caption id="attachment_22970" align="alignnone" width="974"] Франция Президенти Эммануэль Макрон. Манба: CNBC[/caption] Россия президенти Владимир Путин эса вето ҳуқуқининг бекор қилиниши тўғрисидаги чақириқларга шундай муносабат билдиради: «Агар биз доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқини йўқ қилсак, БМТ ўша куни ҳалок бўлади. У миллатлар лигасига айланади. Бу шунчаки муҳокама учун платформа бўлади». Путин учун вето ҳуқуқининг аҳамиятини қуйидаги инфографикада кўриш мумкин: [caption id="attachment_22971" align="alignnone" width="974"] 1946 йил 16 февралдан 2023 йил 18 октябргача 268 марта вето ҳуқуқидан фойдаланилган. Биринчи вето СССР томонидан қўйилган. Манба: UN[/caption] БМТ Бош Ассамблеясидаги йиғилишда Украина президенти Володимир Зеленский Россия қўлидаги вето ҳуқуқи ҳақида шундай дейди: “Агрессор қўлидаги вето БМТни боши берк кўчага олиб кирди. Ким бўлишингиздан қатъий назар БМТнинг амалдаги тизими саноқли кишилар эгалик қиладиган, хусусан, улардан бири бўлган Россия фойдаланаётган вето ҳуқуқи олдида сизни аҳамиятсизга чиқаради – бунинг юки БМТнинг қолган барча азоларига тушади”. [caption id="attachment_22972" align="alignnone" width="975"] Украина президенти Володимир Зеленский БМТ Бош Ассамблеясидаги йиғилишда нутқ қилмоқда, 2023 йил сентябр. Манба: Al Jazeera[/caption] БМТ Бош ассамблеясининг 2015 йилда бўлиб ўтган 70-сессияси раиси Могенс Луккетофт Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари вето ҳуқуқидан фойдаланишни тўхтатиб, ўткир муаммоларни ҳал қилиш учун ўзаро мақбул йўлларни излашлари керак, деган фикрни билдиради. Шунингдек, у вето ҳуқуқи масаласида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади: «Доимий аъзоларни вето ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкин эмас, бу БМТ низомида кўрсатилган, унда фақатгина қарорлар беш доимий аъзонинг бир овоздан қабул қилиниши ўзгартирилиши мумкин”. Яъни ҳозирда қарорни 5 доимий аъзодан бири рад этса ҳам, қарор қабул қилинмайди. Луккетофт эса доимий аъзоларнинг барчаси билан ҳисоблашилиши тўғрисидаги талабни ўзгартириш мумкинлигини билдиради. Юқорида келтирилган муаммолар сабаб Хавфсизлик кенгаши БМТ низомида белгиланган вазифаларни тўла бажара олмади. Халқаро миқёсда тинчликни сақлаш, кескинликни юмшатишга ўз ҳиссасини қўшган бўлса-да, ҳар доим ҳам қон тўкилишининг олдини ололмади. Бу фикрларнинг тасдиғи сифатида ҳозирда давом этаётган ҲАМАС-Исроил можароси, шунингдек сўнгги 20-30 йилдаги воқеалар: Руанда ва Камбоджадаги геноцидлар, Сребреницадаги қирғинлар, Югославия урушлари, Сомали, Судан ва Шри-Ланкадаги қуролли ихтилофлар ҳамда Арманистон ва Озарбайжон орасидаги Тоғли Қорабоғ низоларини келтиришнинг ўзи кифоя. Жаҳон сиёсатида қутбланиш давом этар экан ва вето ҳуқуқи ислоҳ қилинмас экан, БМТдан амалда жиддий қарорлар кутиш ҳар доим ҳам ўзини оқламайди.
Муроджон Нажмиддинов, Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Исроил–Ғазо урушида БМТнинг 88 нафар ходими ҳалок бўлди
Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг битта можарода кўрган энг катта йўқотишидир.
Ўзбекистон ТИВ Ғазо секторидаги вазият ҳақида: Қуролли можарони тўхтатиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида БАА, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилган.
Исроилда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар эвакуация қилинди
Улар ўқишни онлайн форматда давом эттирадиган бўлди.
Исроил-Фаластин урушининг 9 куни: Қурбонлар сони 3629 кишига етди
Исроилнинг Ғазога берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2,3 минг нафарга етди.