Ўзбекистон
08.04.2026
266

Замонавий меҳнат муносабатларида ходимга оид шахсий маълумотларнинг ҳимояси муҳим ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик, хусусан Меҳнат кодексининг 179-моддаси, ходимнинг иш берувчида сақланаётган шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ ҳуқуқларни белгилаб беради. Ушбу норма ходим манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, иш берувчига ҳам аниқ мажбуриятлар юклайди.
Мазкур модда асосида ходим бир қатор муҳим ҳуқуқларга эга. Аввало, у ўзига оид шахсий маълумотлар ва уларнинг қай тарзда қайта ишланаётгани ҳақида тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга. Бу эса шаффофликни таъминлаб, ходимга ўз маълумотлари устидан назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, ходим ўзининг шахсга доир маълумотларидан эркин ва бепул фойдаланиши мумкин. Жумладан, у ушбу маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини олиш ҳуқуқига эга. Фақатгина қонунчиликда алоҳида чекловлар назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади.
Қонун ходимга ўз маълумотларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлаш имкониятини ҳам беради. Бу айниқса мураккаб ёки низоли вазиятларда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, ходим ўз соғлиғига оид тиббий ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга.
Алоҳида эътибор қаратиладиган жиҳатлардан бири нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни тузатиш масаласидир. Ходим иш берувчидан бундай маълумотларни ўчириш, тузатиш ёки тўлдиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар ушбу маълумотлар қонунчилик талабларига зид равишда қайта ишланган бўлса, уларни бартараф этиш мажбурий ҳисобланади.
Бундан ташқари, агар ходимга оид нотўғри маълумотлар бошқа шахсларга етказилган бўлса, ходим иш берувчидан ушбу шахсларга киритилган ўзгартишлар ҳақида хабар беришни талаб қилиши мумкин. Бу эса нотўғри маълумотлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.
Энг муҳим ҳуқуқлардан яна бири шикоят қилиш ҳуқуқидир. Ходим иш берувчининг шахсий маълумотлар билан боғлиқ ноқонуний қарорлари ёки ҳаракатлари устидан юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бу эса ҳуқуқий ҳимоянинг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Агар иш берувчи маълумотларни ўчириш, тузатиш ёки тўлдиришни рад этса, ходим бу борадаги норозилигини ёзма шаклда билдириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат кейинчалик низони кўриб чиқишда муҳим ҳужжат сифатида хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга қандай жавобгарлик белгиланган?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддасига кўра, пиёдалар ҳамда йўл ҳаракатининг айрим бошқа иштирокчилари йўл ҳаракати қоидаларини бузган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилади.