Ҳуқуқ
03.11.2026
36

Кимошди савдолари мол-мулкни сотиш, муайян ҳуқуқларни қўлга киритиш ҳамда шартномалар тузишда очиқлик ва рақобатни таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Бундай савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонунчилик талабларига риоя қилиниши иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 380-моддасида кимошди савдоларини ташкил этиш, уларни ўтказиш, иштирокчиларга хабар бериш, закалат пулини тўлаш ҳамда савдо натижаларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.
Кимошди савдолари қандай шаклларда ўтказилади?
Қонунчиликка мувофиқ, кимошди савдолари аукцион ёки танлов шаклида ташкил этилиб, улар очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукцион ва танловларда исталган шахс иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ёпиқ аукцион ва танловларда эса фақат махсус таклиф этилган шахслар қатнашиши мумкин.
Кимошди савдоси ҳақида қанча вақт олдин хабар берилиши керак?
Фуқаролик кодексининг 380-моддасига асосан, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кимошди савдоси ташкилотчиси савдо ўтказилишидан камида 30 кун олдин бу ҳақда хабар бериши шарт. Мазкур хабарда савдонинг вақти, жойи ва шакли, савдога қўйилаётган мол-мулк ёки ҳуқуқ, савдони ўтказиш тартиби, иштирок этишни расмийлаштириш шартлари ҳамда бошланғич нарх кўрсатилиши лозим. Агар савдога фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилаётган бўлса, хабарда ушбу шартномани тузиш учун белгиланган муддат ҳам қайд этилиши керак.
Ташкилотчи кимошди савдосини бекор қилиши мумкинми?
Қонунчиликда кимошди савдоси ташкилотчисига муайян шартлар асосида савдони ўтказишдан бош тортиш ҳуқуқи берилган.
Хусусан, агар қонунда ёки савдо ҳақидаги хабарда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ташкилотчи:
— аукционни ўтказишдан унинг бошланишига камида 3 кун қолганда;
— танловни ўтказишдан эса камида 30 кун олдин бош тортиши мумкин.
Агар ташкилотчи белгиланган муддатларга риоя қилмасдан савдони ўтказишдан бош тортса, иштирокчиларга етказилган ҳақиқий зарарни қоплаши шарт. Ёпиқ аукцион ёки танловларда эса ташкилотчи савдони ўтказишдан қачон бош тортганидан қатъи назар, ўзи таклиф этган иштирокчиларнинг ҳақиқий зарарини қоплаши лозим.
Закалат пули қандай тартибда қайтарилади?
Кимошди савдосида иштирок этувчи шахслар савдо ҳақидаги хабарда белгиланган миқдор, муддат ва тартибда закалат пули тўлайдилар. Агар кимошди савдоси ўтказилмаса, тўланган закалат иштирокчиларга қайтарилиши шарт. Шунингдек, савдода қатнашиб, ғолиб бўлмаган шахсларга ҳам закалат пули қайтариб берилади. Савдода ғолиб бўлган иштирокчининг закалат пули эса у билан тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш ҳисобидан инобатга олинади.
Ғолиб ва ташкилотчи ўз мажбуриятларини бажармаса, қандай оқибатлар юзага келади?
Қонунга мувофиқ, кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва савдо ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни савдо натижалари тўғрисидаги баённомани имзолашлари шарт. Ушбу баённома шартнома кучига эга ҳисобланади. Агар ғолиб баённомани имзолашдан бош тортса, у тўлаган закалат пулидан маҳрум бўлади. Аксинча, ташкилотчи баённомани имзолашдан бош тортса, ғолибга закалат пулини икки баравар миқдорда қайтариши шарт. Бундан ташқари, ғолибнинг савдода иштирок этиши натижасида етказилган зарарнинг закалат пулидан ортиқ бўлган қисми ҳам қопланиши лозим.
Шартнома тузиш учун қанча муддат берилади?
Агар кимошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, тарафлар савдо якунланиб, баённома расмийлаштирилганидан кейин кечи билан 20 кун ичида ёки савдо ҳақидаги хабарда белгиланган бошқа муддатда шартномани имзолашлари керак. Тарафлардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда суд орқали шартнома тузишга мажбурлаш, шунингдек шартнома тузишдан бош тортиш оқибатида етказилган зарарни қоплаш талаб қилиниши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, кимошди савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қонунчилик билан аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу талаблар савдо жараёнининг шаффофлиги, адолатлилиги ва иштирокчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, савдо ҳақида олдиндан хабар бериш, закалат пулини қайтариш, натижаларни расмийлаштириш ҳамда шартнома тузиш билан боғлиқ қоидаларга риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис кимошди савдоларида иштирок этишни режалаштираётган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари савдо шартлари, белгиланган муддатлар ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан олдиндан танишиб чиқишлари мақсадга мувофиқ.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.