Қабул қачондан бошланади? Ўқишга кира олмаган 9-синф ўқувчиси қаерда ўқишни давом эттиради? Қандай ҳолларда тестдан четлаштирилади?
1. Коллежлар, техникумлар ва касб-ҳунар мактабларига ҳужжатлар қачон топширилади?
Касб-ҳунар мактабларига 9-синф битирувчилари ҳужжатларини қабул қилиш ҳар йили 1 июлдан 20 июлга (шу куни ҳам) қадар, коллежлар ва техникумларга эса ҳар йили 10 августдан 10 сентябрга (шу куни ҳам) қадар амалга оширилади.
Коллежларга бошқа муддатда ҳам қабул бўлиши мумкин.
Қабул бошланишидан 1 ой олдин ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, касблар ва мутахассисликлар рўйхати ҳамда қабул квоталарига оид маълумотлар эълон қилиниши керак.
2. Ҳужжатлар қандай топширилади?
Абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн топширади:
- паспорт (ID-карта) ёки туғилганлик гувоҳнома нусхаси;
- касб-ҳунар мактаблари учун 9-синфни, коллежлар ва техникумлар учун 11-синфни битирганликни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
- 600x800 расм.
Платформа орқали коллеж, техникум ёки касб-ҳунар мактаби, таълим шакли, касб ёки мутахассислик, ўқитиш тили танланади.
Қабул даврида қабул комиссияси ҳар куни келиб тушган аризалар сони ҳақидаги маълумотни касблар ва мутахассисликлар бўйича жойлаштириб боради.
Қабул комиссияси абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари саволларига жавоб бериш учун телефон алоқасини ташкил қилади.
3. Қалбаки ҳужжатлар топширилганлиги аниқланганда қандай чора кўрилади?
Абитуриентлар ўқишга кирганда платформага киритган ҳужжатларининг аслини 3 кунда ўқишга кирган жойига олиб бориши керак.
Мазкур ҳужжатларни қабул комиссияси порталга киритилган ҳужжат нусхаси билан таққослаб, ҳужжатнинг аслини ариза берувчига қайтаради.
Ҳужжатлар қалбакилиги ёки сохталиги аниқланса, абитуриент қабулдан четлаштирилади ҳамда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
4. Касб ҳунар мактабига кира олмаган ўқувчи ўқишни қаерда давом эттиради?
Кириш имтиҳонлари уч тилда – ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ўтказилади.
Абитуриент электрон платформада профессионал таълим муассасаси, таълим шакли, касб ёки мутахассислик, ўқитиш тилини танлайди.
Касб-ҳунар мактабларига биринчи навбатда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизимига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари қабул қилинади.
Абитуриентлар олий таълим муассасасига топширган йўналиши техникумдаги йўналишга мос келганида ОТМда олган бали билан техникум имтиҳонида қатнашади, яъни имтиҳонга кирмаса ҳам бўлади.
Аризалар сони қабул квотаси билан тенг бўлганда, абитуриентлар танловсиз ўқишга қабул қилинади.
Ўқишга қабул қилиш тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон шаклида амалга оширилади.
Касб-ҳунар мактабларига ўқишга кира олмаган абитуриентлар илгари ўқиган мактабида ўқишни давом эттиради.
5. Тест синовлари учун рухсатнома қачон берилади?
Ҳужжат топшириш тугаганидан сўнг 2 ҳафтада абитуриент рухсатномани қабул комиссиясидан ёки Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий веб-сайтидан олади.
Рухсатномада тест синови вақти, санаси ва жойи кўрсатилади. Абитуриентларга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берилмайди.
Тест кундузги, сиртқи ва кечки таълим учун ҳар йили июль-сентябрь ойларида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.
6. Тест учун қанча вақт берилади?
Тестлар умумтаълим фанлари ўқув дастурлари асосида тузилади.
Тестни ечиш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт белгиланади.
Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан (“А”, “В”, “С”, “D”) муқобил жавоблар берилади.
7. Абитуриентлар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?
Тест жараёнида абитуриент тест китобидан қоралама сифатида фойдаланиши мумкин.
Абитуриентлар тест материаллари бенуқсонлигини текшириши ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериши керак.
Жавоблар варақаси ҳаво ранг пастали шарикли ручкада тўлдирилади.
Жавоблар варақасини буклаш, маркер чизиғига ёзиш, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўяш мумкин эмас.
8. Абитуриент тестдан четлаштирилиши мумкинми?
Ҳа, қуйидаги ҳолларда абитуриент тест жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмайди:
- тест ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, шпаргалкалар олиб кириб фойдаланса;
- тестни бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
- тест жараёнида бир-бири билан гаплашса;
- тестни бинодан ташқарига олиб чиқса, тест китоби варағини йиртса;
- тест учун ажратилган вақтдан сўнг тестни топширишдан бош тортса;
- тест жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.
9. Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш тартиби қандай?
Алоҳида иқтидор талаб этиладиган касб ва мутахассисликларга абитуриентлар учун касбий имтиҳон ўтказилади.
Касбий имтиҳон бошланишидан бир ҳафта олдин абитуриентларга қабул комиссияси томонидан рухсатнома берилади. Рухсатномада имтиҳон вақти, жойи кўрсатилади.
Касбий имтиҳонлар (спорт бундан мустасно) коллегиал тартибда қабул қилинади ва баҳоланади.
Комиссия аъзоларининг ҳар бири абитуриентни алоҳида-алоҳида баҳолайди ва унинг якуний баҳоси комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳоларнинг ўртача қийматига тенг бўлади.
10. Ёзма имтиҳонлар қандай тартибда ўтказилади?
Абитуриентларга ёзма имтиҳонларнинг ўтказилиши камида ўн кун олдин эълон қилинади.
Ёзма имтиҳонларда мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг 3 нафар вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этади.
Ёзма имтиҳон “Она тили ва адабиёти” фани ҳамда абитуриент ўқишга кирмоқчи бўлган мутахассисликка мос шу ўқув йили қабулидаги бакалавриат йўналиши тест синови топшириладиган фанлар мажмуасининг 2-бўлимидаги 1-фанидан ўтказилади.
Ёзма имтиҳон олинадиган фанлар рўйхати, имтиҳон бошланишидан бир ой олдин қабул комиссияси томонидан эълон қилиниши керак.
Ёзма имтиҳон соат 09:00 да бошланади ва 2 соат давом этади.
Абитуриентларга ёзишда қисқартма сўзлардан фойдаланиш, сўзларнинг ости ёки устига чизиш, дафтарнинг турли нуқталарига, хусусан, ҳошия қисмига тушунарсиз белгилар қўйиш, шунингдек, берилган саволларнинг жавоби билан боғлиқ бўлмаган сўзларни ёзиш, ёзма имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатиш, бошқа абитуриентларга ёрдам бериш тақиқланади.
Ёзма имтиҳон учун 150 балл берилади ва у қуйидагича тақсимланади:
- “касб ёки мутахассисликка мос келувчи бакалавриат таълим йўналишига тест синовлари топшириладиган фанлар мажмуасининг 2-бўлимидаги 1-фани” бўйича – 0 дан 100 баллгача;
- “Она тили ва адабиёти” фани бўйича – 0 дан 50 баллгача.
Тест синовлари, касбий (ижодий) ва ёзма имтиҳон натижалари чиққанидан сўнг икки кун ичида апелляция шикояти берилиши мумкин.
Эслатма: юқоридаги тартиблар Академик лицейлар учун амал қилмайди, мазкур тартиблар фақат коллежлар, техникумлар ва касб-ҳунар мактабларига мўлжалланган. Академик лицейларга ҳужжат топшириш ҳақида эртанги мақоламизда маълумот берамиз.
Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос