Ҳуқуқ
04.11.2026
34

Коррупция фақат мансабдор шахснинг муаммоси эмас.
Унга пул таклиф қилган, “таниш орқали” иш битирмоқчи бўлган ёки қонунбузилишни кўриб, жим турган ҳар бир фуқаро ҳам бу занжирнинг бир ҳалқасига айланади.
Шу боис аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йил якунлари бўйича Сенатга тақдим этилган миллий маърузасига кўра, ўтган йили коррупцияга оид жиноятлар учун 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган. Энг кўп ҳолатлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банкларида аниқланган, яъни ҳар бир оила кундалик мурожаат қиладиган соҳаларда.
Соҳадаги асосий ҳужжат – “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун
Унга ва бошқа қонун ҳужжатларига 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сон Қонун билан муҳим ўзгартишлар киритилди. Фуқаро билиши лозим бўлган асосий янгиликлар тўртта.
Биринчидан, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчаси ва уларнинг аниқ рўйхати белгиланди. Унга пора олиш (210-модда), пора бериш (211-модда), пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда) ва бошқа жиноятлар киритилди. Демак, пора берган ва воситачилик қилган шахс ҳам коррупсияцвий жиноят содир этган ҳисобланади.
Иккинчидан, жазонинг муқаррарлиги кучайтирилди. Пора олиш, пора беришва воситачилик учун ҳукм қилинганларга жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш қўлланилмайди. Ўзлаштириш ва фирибгарлик учун ҳукм қилинганлар эса етказилган зарарни тўлиқ қопламагунча муддатидан олдин озод этилмайди. Хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик Жиноят кодекси 168-моддасининг тўртинчи қисмига, яъни ўта оғир жиноятлар тоифасига ўтказилди.
Учинчидан, коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларнинг электрон реестри жорий этилди. Реестрга киритилган шахс судланганлик муддати давомида қуйидаги чекловлар белгиланади:
- давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
- сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодининг кўрсатилиши;
- давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;
- ўзи таъсис этган ва (ёки) устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорлик субектларининг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи)сифатида қатнашиш;
- давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.
Тўртинчидан, коррупция ҳақида хабар берганларнинг ҳимояси кучайтирилди. Ўзи ишлаётган давлат органидаги коррупсияц ҳақида асосли хабар берган ходимга икки йил давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор қилмасдан интизомий жазо чораси, шу жумладан ишдан бўшатиш қўлланилмайди.
Шунингдек, 2024 йил 6 декабрдан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун амалга киритилди. Давлат хизматчиси ўз қариндоши ёки шахсий манфаати билан боғлиқ масалани кўриб чиқаётган бўлса, бу ҳақда ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарига – юқори турувчи раҳбарга) ёки махсус бўлинмага хабар бериши шарт. Акс ҳолда хабар бермаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-4-моддасига асосан шахс жавобгарликка тортилади.
Амалиёт шуни кўрсатадики, аҳолининг аксарияти коррупция билан айнан қуйидаги вазиятларда тўқнаш келади.
Пора берган ҳам жавобгар. Жиноят кодексининг 211-моддасига кўра, мансабдор шахсга моддий қимматлик бериш жиноят ҳисобланади. “Мажбур бўлдим” деган баҳона жавобгарликдан қутқармайди. Қонун фақат муайян шартларда, жумладан пора берганидан кейин ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш имконини беради. Пора сўралган заҳоти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш энг тўғри йўл.
“Танишим бор” дегани – фирибгарлик белгиси. Олий таълим ташкилотига ўқишга киритиш, ишга жойлаштириш ёки хорижга ишга юборишни ваъда қилиб пул сўраш энг кенг тарқалган схемалардан бири. Масалан, мансаабдор шахс фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга олинган. Бундай ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан бирга 28 ва 211-моддалари (пора бериш) бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилади. Бунда, пул берган фуқаронинг ўзи ҳам пора беришга уриниш учун жавобгарликка тортилиши мумкин. Қабул, ишга кириш ва хорижда ишлаш масалалари фақат расмий каналлар – my.gov.uz портали, таълим муассасаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ҳал қилинади.
Кундалик хизматлар учун “миннатдорчилик” ҳам пора бўлиши мумкин. Боғчага навбат, маълумотнома, тиббий хизмат ёки рухсатнома учун расмий тўловдан ташқари пул, совға ёки хизмат сўралса, бу коррупция аломатидир. Давлат хизматларидан имкон қадар my.gov.uz ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали фойдаланинг, ҳар бир тўлов учун расмий квитанция талаб қилинг.
Сохта “антикоррупция” хабарларидан эҳтиёт бўлинг. 2026 йил июлда Телеграм’да фирибгарлар давлат ташкилотлари номидан фуқаролар билан боғланиб, уларни сохта ботларда рўйхатдан ўтишга ундагани аниқланди. Давлат органи мессенжер орқали карта маълумоти, СМС-код ёки “текширувни тўхтатиш учун” пул сўрамайди.
Манфаатлар тўқнашувига бефарқ бўлманг. Хизматчи ўз қариндоши иштирок этаётган танлов, харид ёки мурожаатни кўриб чиқаётган бўлса, фуқаробу ҳақда ташкилотнинг коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) бўлимига хабар беришга ҳақли.
Коррупция ҳолати ҳақида қуйидаги каналлар орқали хабар бериш мумкин:
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 1253 қисқа рақамли Call-маркази;
eanticor.uz электрон платформаси ва info@anticorruption.uz электрон почта манзили;
Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефони;
ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг коррупцияга қарши ички назорат бўлими ва ишонч телефони (улар ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган).
Хабар натижа бериши учун унда ким, қачон, қаерда ва нима талаб қилгани аниқ кўрсатилиши лозим. Имкон бўлса, далил – ёзишма, овозли ёзув, тўлов чеки ёки гувоҳлар ҳақидаги маълумот илова қилинади.
Хабар берган шахснинг маълумотлари сир сақланади, унинг ўзи, оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарорига мувофиқ, коррупция ҳолатини фош этишга кўмаклашган шахс рағбатлантирилади. Масалан, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, жиноят ҳақидаги хабар учун эса пора ёки зарар миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланган мукофот тўланади. Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш фақат давлат органларининг вазифаси эмас. Пора бермаслик, “таниш орқали” йўл изламаслик ва қонунбузилишни кўрганда бефарқ қолмаслик ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчидир. Қонунчилик бундай фуқарони ҳимоя қилади ва рағбатлантиради, коррупцияга қўл урганни эса муқаррар жавобгарлик кутади.
Ҳуқуқини билган фуқаро алданмайди, пора бермайди ва жим турмайди. Ҳалоллик маданияти ана шундай хабардор фуқаролар кўпайиши билан шаклланади.
Жамшидхон НУРИТДИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бошлиғи ўринбосари
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.
Коммунал хизматлар учун аҳолидан асоссиз тўловлар олингани аниқланди
Асоссиз ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.