currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари

Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари

Life Style

calendar

11.02.2026

eye

71

Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, банкдан қарз олувчиларнинг вақтинчалик молиявий қийинчиликларини инобатга олиш ҳамда банк активларини ёмонлашиб кетишининг олдини олишга қаратилган янги қоидалар белгиланди.

Хусусан, 2026 йилнинг 25 январидан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 5 декабрдаги қарорига асосан Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ҳамда эҳтимолий йўқотишлар учун захиралар шакллантириш ҳақидаги низомга муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартиришлар, айниқса, тўлов муддати кечиктирилган ёки узайтирилган кредитларга эга бўлган банк мижозлари учун сезиларли даражада енгилликлар яратади.

Кредит таснифини сақлаб қолишга қаратилган янги механизм

Низомга киритилган янги бобга мувофиқ, кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.

Бу ҳолатлар қаторига қуйидагилар киради:

— қарз олувчининг икки ойдан ортиқ муддат меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолиши;

— иш жойидан бўшатилиб, бандлик органларида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиниши;

— биргаликда қарз олувчи ёки кафил бўлган турмуш ўртоғининг вафот этиши;

— I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни қарамоғига олиш ёки бундай шахслар сонининг ортиши;

— қарз олувчининг ўзига I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши;

— табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлар юзага келиши;

— ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиши.

Мазкур нормалар қарз олувчининг айби билан боғлиқ бўлмаган ҳаётий ҳолатларда, кредит сифати кескин ёмонлашиб кетмаслигини таъминлайди.

Даромад пасайиши билан боғлиқ талаблар

Шунингдек, ушбу “имконият”га эга бўлиш учун қўшимча иқтисодий мезонлар ҳам белгиланган бўлиб, банкка мурожаат қилувчи мижоз ўша талабларга мос келиши лозим. Хусусан, юқорида кўрсатилган барча ҳолатлар банкка мурожаат қилиш санасидан олдинги 4 ой ичида рўй берган бўлиши лозим.

Шунингдек, мурожаат қилувчи 2 ойдан ортиқ вақт давомида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган ёки ишдан бўшатилган ва меҳнат органларига ишсиз сифатида рўйхатга олинган, натижада қарз олувчи банкка мурожаат қилган санадан олдинги икки ойлик ўртача даромади, сўнгги ўн икки ойлик ўртача ойлик даромадга нисбатан камида 30 фоизга камайган бўлиши шарт.

Бу талаблар банклар учун қарор қабул қилишда таваккалчиликни камайтиради ҳамда қарз олувчининг ҳақиқий молиявий аҳволини ҳисобга олиш имконини беради.

Муддатлар бўйича чекловлар

Кредит таснифи сақланиб қолиши учун тўловларни кечиктириш ёки узайтириш муддатлари ҳам аниқ чегараланган:

— аксарият ҳолатларда — 6 ойда;

— фақатгина ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ ҳолатларда — 10 ойдан ошмаган муддат белгиланган.

Бу меъёрлар банк тизимида ижтимоий адолат принципларини ҳам таъминлайди.

Ҳужжатлар ва банкнинг масъулияти

Шунингдек, банк қарз олувчи тақдим этган тасдиқловчи ҳужжатлар ёки бошқа ахборот манбаларидан фойдаланиши мумкин. Бунда, банк мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича зарур чораларни кўриши шарт.

Бу норма банк зиммасига қўшимча масъулият юклайди ва имтиёзлардан асоссиз фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Киритилган ўзгартиришлар банк амалиётида инсонпарвар ва мослашувчан ёндашувни мустаҳкамлайди. Қарз олувчиларнинг вақтинчалик ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликлари кредит сифатига автоматик равишда салбий таъсир кўрсатмаслиги таъминланди. Бу эса:

— аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини оширишга,

— кредит портфелининг реал ҳолатини акс эттиришга,

— ҳамда банклар билан мижозлар ўртасидаги муносабатларни янада барқарор қилишга хизмат қилади.

Ушбу нормаларни амалиётда тўғри қўллаш тижорат банклари учун ҳам, мижозлар учун ҳам ўзаро манфаатли натижаларни таъминлаши шубҳасиз.

Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: