currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?

Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?

Ҳуқуқ

calendar

16.07.2026

eye

58

Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?

Аномал иссиқда кучли терлаш туфайли организмдаги сув ва туз мувозанати бузилади, натижада мушак ҳужайраларининг озиқланиши ва организмнинг фаолияти ёмонлашади ҳамда юрак-қон томир хуружи ҳолати ортади. Бундай ҳолатларда одам ўзини эҳтиёт қилиши зарур. 

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқлар муносабати билан Меҳнат инспекцияси иш берувчилар учун мажбурий талабларни яна бир бор эслатди. Инспекцияга кўра, бу талаблар тавсия эмас, балки меҳнат қонунчилигида белгиланган мажбурий қоидалар ҳисобланади.

Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган кунларда соат 11:00 дан 16:00 гача очиқ ҳавода бажариладиган ишлар имкони борича қисқартирилиши ёки вақтинча тўхтатилиши, оғир жисмоний меҳнат эса чекланиши лозим.

Шунингдек, иш берувчилар:

— ходимларни етарли миқдорда тоза ичимлик суви билан таъминлаши;

— сояли ёки совитиладиган дам олиш жойларини ташкил қилиши;

— енгил, ҳаво ўтказувчи ва иссиқдан ҳимоя қилувчи махсус кийимлар бериши;

— ходимларга иссиқ уриши аломатлари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича ўқув ўтказиши шарт.

 

Қонунчиликка мувофиқ, май ойидан август ойигача бўлган даврда ҳаво ҳарорати 43 даража ва ундан юқори бўлса, кучли иссиқ ҳисобланади. Жанубий ва чўл ҳудудларида эса бу кўрсаткич 46 даража ва ундан юқори ҳароратни ташкил этади.

Бундай шароитда очиқ ҳавода ёки совитилмайдиган ҳамда иситилмайдиган ёпиқ хоналарда ишлайдиган ходимлар, шунингдек, юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахсларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин.

Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ходимлар учун иситиш ёки совитиш ускуналари билан жиҳозланган, дам олишга яроқли хоналарни таъминлаши шарт.

Шу билан бирга, меҳнат шароитидан келиб чиқиб, иш берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда ходимларни масофавий иш шаклига ўтказиши ҳам мумкин.

Улашиш: