Ўзбекистон
19.09.2023
486
Cаккиз марта Олимпия ўйинларида қатнашиб, Гиннес рекордлари китобига кирган Оксана Чусовитина Туркиядаги мусобақада яна олтин медал олди. 48 ёшида ҳам тинмайдиган спортчининг жаҳондаги нуфузи баланд. Унинг нега ортга чекинмай доим ғалаба қозониши кўпчиликка қизиқ. Олимпиадаларда ўғли қатори рақиблари билан баравар куч синашади-ю, карьерасини ҳеч якунлай демайди – нега? “Hudud24.uz” саволларга жавоб излади ва афсонавий спортчининг қувончидан кўра ғами, кўпчиликка қоронғи дардли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Боғча олмаса, гимнастикага борақолсин... 1992 йили Олимпия ўйинлари чемпионига айланган Оксана Чусовитина Бухорода ишчилар оиласида туғилади. Отаси қурувчи, онаси ошпаз эди. Ота-онанинг доимий бандлиги, ҳадеганда ишдан ортмаслиги сабаб тўрт бола бир-бирини суяб-тиргаб улғаяди. Тўртовлон тугал бўлиб, ҳар ишда бирикади. Мактаб, боғчани ҳам ўзлари эплайди. Лекин болаликдан шўх, ерга урса кўкка сапчийдиган Оксанага келганда, негадир боғчалар рад жавобини беради. Тарбиячи гуруҳига қўшолмаслигини айтиб узрини сўрайди. Уйда ёлғиз қолмасин, бир ўзи зерикмасин деб катта ака синглисини гимнастика машғулотларига элтади. Шу билан овунсин, ғайратини залда тўксин деб уйдагилар ҳам қарши чиқмайди. [caption id="" align="aligncenter" width="236"] ФОТО: Чемпионат[/caption] Спортчи бўлишни орзу қилмаган, бу йўлда шон-шараф қучишни хаёлига келтирмаган қизалоқ илк марта спорт гиламчаси, сакраш, шпагатга ўтириш, чиройли ҳаракатлар билан танани бошқариш мумкинлигини сезади. Тўғри, бошида осон бўлмайди – машғулотлардан кейинги оғриқлар, мураббийнинг талабчанлиги, машқларнинг тобора қийинлашавериши... Камига 14-15 ёшларигача шаҳар, туман ва вилоят мусобақаларида охирги, сўнггидан битта олдинги ўринларни эгаллайвериш қизгинанинг шаштини туширар, “мендан профессионал чиқмайди” деган ўйини мустаҳкамлайверарди. Ўлганнинг устига тепгандек, атрофдагилар ҳам унда нимадир етишмаслигини башорат қилаверарди. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] ФОТО: sportishka.com[/caption] Лекин 90-йилларга келиб вазият ўзгаради. Тинимсиз машқ сабабми ёки кетма-кет мағлубиятлар аламими, ҳартугул, Оксанада кутилмаган иқтидор бўй кўрсатади. Мураббийларини ҳайратда қолдириб, маҳаллий ўйинларда ғолиблар сафига қўшилади. Ўсмир қизнинг дадиллиги, ҳаракатларининг бетакрорлиги СССР терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушади. Ана энди катта йўлга чиқиш мумкин! Парчаланган Иттифоқ, сарсон спортчилар 1991 йили АҚШда ўтган жаҳон чемпионатида Оксана Иттифоқ миллий жамоаси таркибида қатнашиб, олтин медални қўлга киритади. 44 килограм вазн тоифасида бор маҳоратини кўрсатади, қўлидан нима келишини исботлайди. Келаси йили ёзда ўтадиган Олимпия ўйинлари яқинлашаркан, СССРда сиёсий ўзгаришлар юз беради: Иттифоқ парчаланади, спортчилар аросатда қолади. Ким қайси байроқ остида, қайси мамлакат номи билан чиқиши масаласи кўтарилади. Шунда бир йил учун МДҲ давлатларининг бирлашган жамоаси ташкил этилади. Турфа миллатли спортчилар йиғилган Барселонада Оксана илк чемпионликни қўлга киритади. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] ФОТО: Google Photos[/caption] Вақт ўтиб, МДҲ бирлашган жамоаси тугатилгач, аксар спортчи олдида мушкул масала кўндаланг туради – фаолиятни кимнинг ҳимоясида давом эттириш керак? Замона нотинч пайти Оксананинг оила аъзолари Россия Федерациясига кўчиб кетган, кўпгина дўст-дугоналари ҳам турли мамлакатларга кетиб қолишганди. Ўзи эса ҳали ҳам Тошкентда яшар, кетиш ё қолиш ўртасида иккиланарди. Йўқ, барибир, қуръа Ўзбекистонга ташланади – Чусовитина туғилган юртини танлайди. Унинг йўли бошқа 1993 йили терма жамоа таркибига киришдан аввал Оксана уч карра олимпиада чемпиони бўлган Дмитрий Владимирович жамоасига қўшилиб, кўргазмали дастурларда чиқади, пул ишлай бошлайди. Муттасил гастроллар, тинимсиз шоу дастурларда чарчоқ нима билмайдиган қизлар билан бир йилини ўтказгач, Оксана аввалги ҳаётига – унвону медаллар келтирадиган спортга қайтиши шартлигини пайқайди. У кетадиган йўл бошқа – шон-шараф ва машаққатли мусобақалар йўли. Орадаги танаффус, маълум вақт профессионал спортдан узилиш натижасини кўрсатади – 1996 йили Атлантадаги олимпия ўйинларида ҳатто ўзига бир неча медалларни келтирган таяниб сакрашда ҳам финалга чиқолмайди. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] ФОТО: sportishka.com[/caption] 2000 йил ҳам негадир омадли келмайди. Сиднейдаги ўйинларда кучли учталикка киролмаган Чусовитина танаффус эълон қилади. Орада спортдан кетиш ҳақидаям ўйлаб қолади. Аммо турмуш ўртоғи, юнон-рум курашчиси Баҳодир Қурбонов билан митти Алишернинг ота-онасига айлангач, яна спортга қайтади. Оналик Оксананинг шахсий рекорду натижаларига ижобий таъсир қилади. 2000 йиллар енгил атлетикада таяниб сакраб бўйича спортчилар кам, Оксана эса профессионаллардан биттаси эди. Шу сабаб ўғли уч ойлик бўлгач, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларга йўл олади. Аста-секин аввалги ҳолатга қайтиб, жиддий ўйинларда нуфузли ютуқларга эга чиқади. “Ҳаракатни бошламасанг, ўғлинг ўлади!” 2002 йили Пусанда ўтган Осиё ўйинларида икки олтин, икки кумуш медални ютган спортчи ҳали-бери катта майдондан чиқмаслиги, олдинда неча-неча ғалабаси борлигини такроран исботлайди. Аммо шодлик билан шум хабар баравар юрса ёмон экан. Олтин медал ютганини суюнчилаш учун уйга қўнғироқ қилганида ўғлининг касалхонада эканини эшитади. Ҳали уч ёшни ҳам тўлдирмаган ўғли Алишерга қон саратони ташхиси қўйилади. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] Оксана Чусовитина ўғли Алишер билан. 2004 йил. Фото: Tribuna.com[/caption] “— Бизга ташхис қўйишди: лейкемия. 2002 йилдаги Ўзбекистонда бу ҳукм дегани эди, — деб эслайди кейинчалик спортчи. — Ҳатто болалар онкологияси йўқ эди ватанда. Шифокорлар эса тўғрисини айтиб қўя қолишди: агар бир ой ичи муолажани бошламасанг, ўғлинг ўлади”. Биринчидан, Ўзбекистонда ўша йиллари бундай касалликни даволайдиган шифохона, мутахассис, дори-дармон деярли йўқ бўлса, иккинчидан, муолажалар жуда қиммат турар, хорижда даволаш эса ўзига тўқ оиланинг ҳам белини букарди. Қатор мағлубиятлардан кейин ғалаба қозонишга ўрганган спортчи она таслим бўлмайди. Ўғлини олиб, Германияга кетади. “— Нима қилсам экан деб роса ўйладим. Ўша кунлари Германияда навбатдаги мусобақам ўтиши керак эди, деб хотирлайди Чусовитина. — Алишернинг ёнида бўлиш учун ҳаммасини бекор қилмоқчи бўлдим. Кейин эрим билан маслаҳатлашиб, у ердаги муолажаларни сўраб-суриштириш учун болани олиб учиб кетдик. Боришимиз билан дардимни тинглаганлар тезда касалхона топиб, жойлаштиришни айтишди”. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] Оксана Чусовитинанинг ўғли Алишер ФОТО: Instagram / oksana2016[/caption] Шифокорларнинг болалардаги оқ қон якуний ҳукм эмаслиги, тўртдан учтаси тузалиб, биттаси қайта даволанишига тўғри келишини эшитган онанинг кўнгли андак таскин топади. “Шифокорлар қувноқ, хотиржам ва хурсанд она боланинг тузалишида муҳим рол ўйнашини айтишгач, ўзимни қўлга олдим. Ўйлайман, агар ўша кунлари суткалаб касалхонада қолганимдами, шунчаки таслим бўлиб қўя қолардим. Зал – менинг паноҳим, қутқарувчим бўлди”, деб эслайди у. Германияда фаолиятини давом эттираркан, у аъзо клубнинг ҳомийси Алишернинг бор муолажа харажатини кўтаради (120 минг евро). Бир йил тўлиқ кимётерапия, икки ярим йил қувватни тиклаш, беш йил мунтазам қон таҳлиллари топшириш, касаллик қайталанмаслиги учун ўтказилган қўшимча даво-чоралар осон кечмайди. Ҳам моддий, ҳам маънавий қувватни сўриб олади. Оиланинг дори-дармонга тобора муҳтожлиги ортиб, умри бўйи йиққан-терганини ҳам сарфлаб бўлганини кўрган дўст-биродарлар немис ОАВини ёрдамга чақиради. Телевидениедан мухбирлар Алишер даволанаётган клиникадан репортаж тайёрлаб, моддий кўмак учун ҳисоб рақамни телеэкранларда кўрсатади. Спорт мусобақаларида дикторлар хайрия акциялари эълон қилиб, томошабинларга юзланади. Кимнинг қанчага қурби етса, Оксананинг ўғли тузалишига ҳисса қўшаверади. Германияда ярим йил тургач, Кёлндаги клуб ёрдами билан ишчи визаси, тиббиёт суғуртасини олган Оксана ўғли учун бепул дори олиш ҳуқуқига эга бўлади. Тошкентдаги тўрт хонали уйи, икки машинаси, қимматбаҳо буюмларини сотиб, фақат даволанишга харжлаган оила учун бу имтиёзлар зулматдан чиқишда милтиллаган нур дегани эди. “Тошкентдаги уйимизни 2003 йили олти минг долларга сотдик. Алишернинг кимётерапиясига керак бир дона дори флакони эса 3 минг евро турарди”, — деганди спортчи интервьюларида. Кулфату шодлик йўли – бир Ўғлининг йил сайин соғайиб бораётганини кўрган она бунга яраша жавоб қайтариш кераклигини сезади. 33 ёшида Германия терма жамоаси билан Пекиндаги Олимпиада ўйинларида қатнашиб, кумуш медални ҳисобга ёздириб қўяди. Ғалабасининг эртаси куни эса ўғлининг оғир дардни енггани ҳақидаги хабар етиб келади. “Бу ҳаётимдаги энг бахтли, ҳеч нарсага алишмас куним. Боламнинг соғлиғини ҳатто бешта олтин медалимга ҳам тенглаштириб бўлмайди”, деганди у. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] Оксана Чусовитина ўғли Алишер ва турмуш ўртоғи Баҳодир Қурбонов билан. Фото: Instagram / oksana2016[/caption] Оксана Чусовитинанинг Германияга кетиши ва мамлакат номини мусобақаларда ҳимоя қилиши вақтида Ўзбекистонда роса гап-сўз бўлади. Уни тузини еб, тузлиққа тупуришда айблашади. Гап нимадалигини билмаганлар спортчи номини аямай қоралайди. Бироқ боласининг саломатлигини ҳар қандай карьера, шон-шараф, медал ва ғалабалардан устун кўрган она қарорида собит қолади: гап ўғлининг ҳаёти устида бормоқда. Бундан ташқари, Чусовитина интервьюларида Ўзбекистон томондан ҳеч қандай моддий кўмак ололмагани, Осиё олимпиадалари, жаҳон чемпионатларидаги олтин, кумуш медалларига ҳеч қандай муносабат билдирилмагани, айтилган пул берилмаганини яширмайди. Гимнастика федерацияси Биринчи президент номига хат ёзиб, ёрдам сўраганда эса, ваъда қилинган маблағ ҳадеганда ҳисоб рақамига ўтказилмайди. Ҳар сонияда ўғлидан айрилиши мумкинлигини сезган она шундан кейин Ўзбекистонда ортиқ қололмаслигини тушунади. 2012 йили ҳам спортчи Германия номидан майдонга чиқади. Аммо Лондондаги олимпиадада бирорта ҳам медал ололмай, таяниб сакрашда бешинчи ўринда қолади. Шундан кейин ортга – ватанга қайтиш ва у ерда карьерани якунлашга қарор қилади. Шунчаки кетиш оғир Тақдир ҳазилими ёки ҳали фурсати етмаганми, танланган йўлдан бирдан чиқиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Қийинлиги билинади. Оғир туюлади. Ўзбекистонга қайтгач, яна тайёргарликка зўр берилади. 2014 йили Инчхондаги Осиё ўйинларида кумуш медал ютгач, майдонни шунчаки ташлаб кетолмаслигини тушунади. Кейин олдинда олимпия ўйинлари турибди – еттинчи марта қатнашса, ҳақиқий рекорд, чинакам ютуқ эмасми?! [caption id="" align="aligncenter" width="320"] ФОТО: Google Photos[/caption] Спортчи 41 ёшида Рио-де-Жанейродаги олимпия ўйинларида Ўзбекистон номидан майдонга кўтарилади. Рақиблар кучлимиди ёки бошқа сабаб, бу гал 7-ўрин насиб қилади. Икки йилдан кейин Осиё ўйинларида яна кумуш, жаҳон кубокларидаги медали унга саккизинчи марта олимпиада ўйинларида қатнашиш имконини беради. 2022 йили 47 ни тўлдирган Оксана Чусовитина Япониядаги ёзги олимпиада ўйинларига йўл олади. Гарчи саккизинчи олимпиадасида 11-ўринни эгаллаб, финалга етолмаган бўлса-да, матонатли спортчи номи Гиннес рекордлари китобига киритилади. Чусовитина олимпиада ўйинларида 8 марта қатнашган ягона спортчи. Жаҳондаги энг донгдор гимнастикачилар ҳам беш мартагача қатнашолган, холос. Дунёдаги энг яхши спортчилардан деб эътироф этилган Чусовитина олимпиададаги чиқиши якунида энди карьерасини тугатиб, фақат мураббийлик билан шуғулланишини мухлислари олдида эълон қилади. “— Ёшим 46 дан ўтаркан, 22 яшар ўғлим қатори, ҳатто ундан-да кичик рақиблар билан куч синашдим. Энди болам билан кўпроқ вақт ўтказмоқчиман. Оналик, рафиқаликни ўринлатмоқчиман, — деганди у”. Бироқ яна кетиш ва Ўзбекистонга олтин медал келтирмай, майдондан чиқишни ўзига эп кўрмаган Чусовитина ўша йилнинг октябрида Инстаграм саҳифасида спортни тарк этолмаслигини айтади. Тўққизинчига тайёргарлик Енгил атлетика фақат ёшларнинг спорти эмаслигини у 2023 йилнинг мартида такрор исботлайди: Жаҳон чемпионатида таяниб сакраш бўйича кумуш медални олади. Ўйин охирида олинган интервьюда Оксана осонликча таслим бўлолмаслиги, ўзи туғилган юрт учун олтин медалга эга чиқиши шартлиги, 2024 йилдаги Олимпиада ўйинларида шараф билан қатнашиш асосий мақсади эканини билдиради. [caption id="" align="aligncenter" width="320"] Фото: Instagram / oksana2016[/caption] Оксана Чусовитина шу йил 48 га кирди. Ҳамон навқирон ва матонатли. Ҳали ҳам майдонда – тик ва мағрур. Агар келаси йили Парижда ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритолса, бу унинг тўққизинчи йирик ва нуфузли мусобақасига айланади.
Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.