#NoComment
17.02.2026
33

Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллани нафақат маъмурий-ҳудудий бирлик, балки халқимиз ҳаётининг асоси, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизнинг бешиги сифатида баҳолаб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг «Маҳалла ободлиги — юрт ободлиги» деган ғояси бугунги кунда амалий ишларда ўз тасдиғини топаётганлиги барчамизни ғурурлантиради. Президентимиз бир неча йиллар давомида маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш, маҳалла раислари ва «маҳалла еттилиги» вакилларининг мақомини ошириш борасида қатор тарихий қарорлар қабул қилди.
2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ҳам давлатимиз раҳбарининг маҳаллага берган юксак эътиборининг яна бир ёрқин ифодасидир. Шу муносабат билан 2026 йил 16 февралда эълон қилинган ПФ-22-сон Президент Фармони ва унга илова қилинган Давлат дастури мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янги босқичнинг бошланишини англатади. Ушбу ҳужжатлар маҳалла қонунчилигига, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимига бевосита тааллуқли бўлган қатор муҳим вазифаларни белгилайди.
Давлат дастурида маҳалла инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури тасдиқланди. Ушбу дастур маҳалла соҳасидаги қонунчиликка бир қатор янги ҳуқуқий механизмларни жорий этишни назарда тутади.
Биринчидан, маҳаллаларга молиявий мустақиллик берилмоқда. Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг янги манбалари белгиланмоқда. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 15 фоизи ҳамда маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи ушбу жамғармага йўналтирилади. Бу маҳалла бюджетлари тўғрисидаги қонунчиликка туб ўзгартиришлар киритилишини англатади. Мазкур тартиб йилига қўшимча 300 миллиард сўм маблағ тушишини таъминлайди.
Иккинчидан, маҳалла раисларининг маблағлар сарфи бўйича ҳар чоракда оммага очиқ ҳисобот бериши амалиёти жорий этилмоқда. Бу жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга, маҳаллада шаффофликни таъминлашга ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Учинчидан, «Маҳалла еттилиги» фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича жиддий қадамлар белгиланмоқда. Эксперимент тариқасида 500 та маҳаллада «маҳалла еттилиги» вакилларини ўз маҳалласидан тайинлаш амалиёти жорий этилади. Уларга ўз фаолияти билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни юклаш қатъий тақиқланади. Бу маҳалла қонунчилигида вакиллар мақомини ҳимоя қилувчи муҳим кафолат ҳисобланади.
Дастурнинг энг муҳим янгиликларидан бири — аҳоли муаммоларини «хонадонбай» ўрганиш тизимини жорий этишдир. «Маҳалла еттилиги» вакиллари ҳар бир хонадон кесимида муаммоларни режа-графикка асосан ўрганиб, аниқланган муаммоларни «Рақамли маҳалла» электрон платформасига киритади. Сунъий интеллект технологиялари орқали муаммолар тегишли вазирлик ва идораларга тақсимланади. Ушбу тизим 100 дан зиёд давлат органларининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги тўғридан-тўғри иштирокини таъминлайди.
Алоҳида аҳамиятга молик жиҳат шуки, «Маҳаллам — лойиҳам» дастури доирасида фуқаролар ўз маҳалласидаги ижтимоий, иқтисодий ёки экологик йўналишдаги масалаларни овоз бериш орқали ҳал этиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу иштирокчи демократиянинг энг замонавий кўринишидир. «Рақамли маҳалла» платформаси орқали фуқаролар нафақат муаммони, балки унинг ечимини ҳам ташаббус қилиши мумкин.
Давлат дастурида маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш учун 20 триллион сўм маблағларни йўналтириш белгиланган. Маҳалла ҳудудларида ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш учун жами 5 триллион сўм кредит маблағлари ажратилади. Натижада 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, маҳаллаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилади.
Маҳалла ходимлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилмоқда. Бу институтда «Маҳалла бошқаруви», «Ҳудудий режалаштириш ва ривожланиш», «Лидерлик ва барқарор ривожланиш» каби йўналишларда магистратура босқичида ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, 20 мингга яқин маҳалла тизими ходимлари ва «маҳалла еттилиги» вакиллари малакасини ошириш тизими жорий этилади.
«Жамиятдаги фаолликни рағбатлантириш» лойиҳаси доирасида маҳаллада фаол бўлган фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишда чегирмалар, олий таълим ташкилотларида тўловларнинг бир қисмини қоплаб бериш каби рағбатлантириш чоралари белгиланмоқда. Бу «Time banking» тизими асосида жамиятда фуқаролик жавобгарлигини шакллантиришнинг инновацион ёндашуви ҳисобланади.
Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилининг яна бир муҳим ҳуқуқий асоси — Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сон қарори ҳисобланади. Мазкур қарор маҳаллаларда жиноятчиликни қарийб 1,5 бараварга камайтиришга эришилганини инобатга олган ҳолда қабул қилинган бўлиб, ижтимоий профилактика самарадорлигини янада ошириш, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш ва аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратишни мақсад қилиб қўйган.
Ушбу қарорнинг муҳим янгилиги шундаки, криминоген вазияти оғир маҳаллалар бевосита туман ҳокимлари, прокурорлар ва ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган. Уч йилдан буён «қизил» тоифада қолаётган маҳаллалар эса ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотларига юклатилган. Бу ерда юридик олий таълим муассасаларининг маҳалла ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган амалий-илмий иштироки алоҳида аҳамият касб этади.
Тошкент давлат юридик университети ПҚ-1-сон қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида бир қатор тизимли лойиҳаларни ишга туширган. Жумладан, университет криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда бевосита ишлаш тизимини йўлга қўйган бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар маҳаллаларга чиқиб, жиноятчиликни олдини олиш бўйича муаммоларни атрофлича ўрганмоқда. Хусусан, университет жамоаси Яшнобод туманидаги маҳаллаларда бевосита бўлиб, криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини илмий ҳамда амалий ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Қарорда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш устувор вазифалар қаторида белгиланган. Университет ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида бир нечта инновацион лойиҳани ишга туширган:
«Хонадондан чиқмасдан бепул ҳуқуқий ёрдам» лойиҳаси — ушбу лойиҳа доирасида фуқаролар уйларидан чиқмасдан, масофавий тарзда юридик маслаҳат олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу айниқса узоқ маҳаллаларда яшовчи, ижтимоий ожиз тоифадаги фуқаролар, ногирон шахслар, ёши улуғ кишилар учун муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа маҳалладаги «хонадонбай» ўрганиш тизими билан чамбарс ҳолда ишлаб, аниқланган ҳуқуқий муаммоларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш тизими (pro bono) — университет профессор-ўқитувчилари ва юқори курс талабалари маҳаллаларда мунтазам тарзда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатмоқда. Бу тизим ПҚ-1-сон қарорда кўзда тутилган «Ижтимоий профилактика ҳафталиги» доирасидаги ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этиш вазифаси билан тўғридан-тўғри уйғунлашган. Қайд этиш зарурки, ушбу янги тизим натижасида фуқаролар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этиш, оилавий можароларни бартараф қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошишига хизмат қилмоқда.
Университетнинг Street Law лойиҳалари — фаол талабалардан иборат тарғибот гуруҳлари маҳалла аҳолиси ўртасида бевосита ҳуқуқий саводхонлик тарғибот кампанияларини ташкил этмоқда. Талабалар маҳаллаларга чиқиб, кундалик ҳаётда учрайдиган ҳуқуқий масалалар — оила ҳуқуқи, киберфирибгарликдан ҳимояланиш, меҳнат ҳуқуқлари, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш кабилар бўйича оммавий-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу ушбу қарорда белгиланган таъсирчан тарғибот кампанияларини олиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш тўғрисидаги талабларини бажариш бўйича амалий механизм ҳисобланади.
Шунингдек, университет туманлардаги таълим сифати паст бўлган мактабларни ҳуқуқий саводхонлик ва ўқув-услубий жиҳатдан оталиққа олган. Тошкент шаҳар Яшнобод ва Янгиҳаёт туманидаги умумтаълим мактабларида ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш бўйича манзилли тадбирлар ўтказилмоқда. Оилавий низоларни ҳал қилиш ва оилани мустаҳкамлаш бўйича маҳалла масъуллари учун давра суҳбатлари ташкил этилган, суд ходимлари билан оилавий низоларни судгача ҳал этиш бўйича учрашувлар ўтказилган.
Ушбу тажриба шуни кўрсатадики, юридик олий таълим муассасалари маҳалла ислоҳотлари жараёнида нафақат илмий-назарий, балки амалий «ижтимоий буюртмачи» вазифасини ҳам бажариши мумкин. Президент қарорида белгиланган «илмий хулоса — тавсия — натижа» тамойили айнан шу ёндашувни амалий ифодасидир. Университет жамоаси мазкур тамойилни амалиётда самарали қўллаб, маҳалла ислоҳотларига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ушбу ислоҳотлар натижасида маҳалла — ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган, молиявий жиҳатдан мустақил, рақамли технологиялар билан жиҳозланган, фуқароларнинг фаол иштироки таъминланган замонавий ижтимоий институтга айланади.
Биз — юридик жамоатчилик вакиллари сифатида ушбу тарихий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш — ҳар биримизнинг юксак масъулияти ва шарафли бурчимиздир.
Б. МУСАЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси
факультети декани,
юридик фанлар доктори, профессор
Улашиш:
Бошқалар
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.
Медиатор бўлиш учун қандай талабларга мос бўлиш керак?
Медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.