currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларМаъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс қандай ҳуқуқларга эга?

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс қандай ҳуқуқларга эга?

Ҳуқуқ

calendar

22.07.2026

eye

45

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс қандай ҳуқуқларга эга?

Кўпчилик маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланса, унинг фақат мажбуриятлари бор, деб ўйлайди. Аслида эса қонунчилик бундай шахсларга ҳам бир қатор муҳим ҳуқуқларни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 294-моддаси айнан маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг процессуал ҳуқуқларини белгилайди ва ишнинг адолатли ҳамда холис кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур модда талабига кўра, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан тўлиқ танишиш, уларга нисбатан ўз изоҳларини билдириш, далиллар тақдим этиш, илтимосномалар киритиш, адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш, ўз она тилида сўзлаш ҳамда зарурат туғилганда таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у иш юзасидан чиқарилган қарор устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бу ҳуқуқлар шахснинг ўзини ҳимоя қилиши ва ишнинг ҳар томонлама, холис кўриб чиқилишига хизмат қилади.

Қонунчиликка кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш, одатда, жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирокида кўриб чиқилиши шарт. Чунки шахснинг фикри, тушунтиришлари ва далиллари ишнинг тўғри ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ айрим ҳолларда, агар шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида белгиланган тартибда хабар берилган бўлса ҳамда у ишни кечиктириш тўғрисида илтимоснома бермаган бўлса ёки қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолатлар мавжуд бўлса, иш унинг иштирокисиз ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун айрим тоифадаги ишлар бўйича жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирокини мажбурий деб белгилайди. Хусусан, агар ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ, ашёларни мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазолари назарда тутилган бўлса, бундай ишни шахснинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмас.

Агар шахс суд мажлисида қатнашишдан қасддан бўйин товласа, жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига асосан ички ишлар органлари томонидан мажбуран олиб келиниши мумкин. Фақат божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ айрим алоҳида ҳолатларда, шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса ёки унинг турган жойини аниқлашнинг имкони бўлмаса, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилишига йўл қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддаси маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи муҳим нормалардан биридир. Ушбу модда шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун етарли имкониятларни яратади ҳамда ишни адолатли кўриб чиқишнинг асосий кафолатларидан бири ҳисобланади. Агар ишни кўриб чиқиш жараёнида мазкур моддада назарда тутилган ҳуқуқлар бузилган бўлса, бу ҳолат чиқарилган қарорни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиши мумкин.

Зиёвуддин Намозов

Улашиш: