currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларМеҳнатни нормалаштириш нима учун муҳим?

Меҳнатни нормалаштириш нима учун муҳим?

Ҳуқуқ

calendar

28.07.2026

eye

57

Меҳнатни нормалаштириш нима учун муҳим?

Меҳнатни нормалаштириш — бу ходимнинг муайян ишни бажариши учун қанча вақт, қанча меҳнат сарфи ва қандай ресурслар талаб этилишини белгилаш тизимидир. Унинг асосий мақсади меҳнат натижалари билан иш ҳақи ўртасида адолатли нисбатни таъминлаш, иш жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишдан иборат.

Меҳнат кодексига кўра, меҳнат нормалари бир нечта турларга бўлинади. Уларга вақт нормаси, ишлаб чиқариш нормаси, ходимлар сони нормаси, хизмат кўрсатиш нормаси, бошқарилувчанлик нормаси, малака нормаси ҳамда меҳнат сарфларини белгиловчи бошқа нормалар киради. Бу нормалар ишнинг хусусияти ва ишлаб чиқариш шароитидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Меҳнат кодексининг 274-моддасига кўра, меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда иш берувчи меҳнат жараёнини таҳлил қилиши, илғор технологиялар ва замонавий иш усулларини ҳисобга олиши лозим. Барча ходимлар учун бир хил шароитда бажариладиган ишларга бир хил нормалар қўлланилиши, улар техник ва илмий жиҳатдан асосланган бўлиши муҳим.

Агар меҳнат нормалари жорий этилса, ўзгартирилса ёки қайта кўриб чиқилса, ходим бу ҳақда камида икки ой олдин хабардор қилиниши шарт. Шунингдек, меҳнат нормаларини ўзгартириш янги техника ва технологияларни жорий этиш, иш ўринларини такомиллаштириш ёки меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган ташкилий-техник чоралар асосида амалга оширилади.

Меҳнат нормалари доимий ёки вақтинчалик бўлиши мумкин. Вақтинчалик нормалар одатда янги маҳсулот ёки технологияни ўзлаштириш даврида, уч ойгача бўлган муддатга белгиланади. Зарур ҳолларда уларнинг амал қилиш муддати белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин.

Қонунчилик иш берувчи зиммасига ҳам муҳим мажбуриятларни юклайди. Хусусан, меҳнат нормалари бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши шарт. Бу соз ҳолатдаги асбоб-ускуналар, зарур ҳужжатлар, сифатли материаллар ва меҳнат муҳофазаси ҳамда ишлаб чиқариш хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган иш муҳитини таъминлашни ўз ичига олади.

Хулоса қилиб айтганда, меҳнатни нормалаштириш иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларини адолатли ташкил этишга хизмат қилади. Тўғри белгиланган меҳнат нормалари иш самарадорлигини ошириш, меҳнатга ҳақ тўлашда шаффофликни таъминлаш ва ҳар икки томон манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Феруз Жўраев,
журналист

Улашиш: