Ҳуқуқ
30.01.2026
392

Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш хизмати абонентларга ўз рақамини сақлаб қолган ҳолда бир оператордан бошқасига ўтиш имкониятини яратади. Мазкур хизмат мобил алоқа бозорида рақобатни ривожлантириш, хизмат сифати ва абонент (мобил алоқа хизматларидан фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс)лар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг 2026 йил 6 январдаги буйруғи билан тасдиқланган Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларида мобил алоқа тармоқлари абонентларини рақамини кўчириш хизмати тартиби ҳам кўрсатилган.
Бунда ушбу қоидалар абонент рақамини кўчириш жараёни, унда иштирок этувчи томонлар — донор (абонентга мобил алоқа хизматларини аввал кўрсатиб келган, абонент рақами кўчирилаётган мобил алоқа оператори; провайдер), реципиент (абонент рақамини қабул қилиб олувчи, яъни абонент янги уланадиган мобил алоқа оператори; провайдер) ва КРМБ (кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базаси) операторининг вазифалари ҳамда ўзаро ҳамкорлик тартибини аниқ белгилайди.
Абонент рақамини кўчириш хизмати мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан тақдим этилади ва абонент учун 30 календар куни мобайнида кўпи билан бир марта амалга оширилиши мумкин. Кўчириш фақат мобил алоқа операторларига ажратилган рақамлар доирасида рухсат этилади ва рақамни териш формати ўзгартирилмайди.
Қўзғалмас телефон алоқаси рақамларини мобил тармоққа ёки аксинча кўчириш тақиқланади. Юридик шахсларга тегишли рақамлар эса фақат барчаси бир вақтда кўчирилган ҳолда донордан реципиентга ўтказилиши мумкин.
Кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базаси (КРМБ) абонент рақамини кўчириш жараёнида асосий мувофиқлаштирувчи тизим ҳисобланади. КРМБ оператори рақамларни кўчириш учун зарур бўлган ахборотни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш жараёнларини автоматлаштирилган тарзда таъминлайди.
КРМБда кўчирилган рақамлар, кўчириш санаси ва вақти, шунингдек рақамлаш ресурсига оид маълумотлар сақланади. Барча ахборот алмашинуви ва техник жараёнлар Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуни талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Абонент рақамини кўчириш учун талабнома қуйидаги усулларда қабул қилинади:
реципиентнинг мижозларга хизмат кўрсатиш пунктида;
◾️реципиентнинг расмий веб-сайти орқали;
◾️ мобил илова орқали;
◾️Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали.
Агар абонентнинг шахсий маълумотларида ўзгаришлар мавжуд бўлса, талабнома берилгунга қадар донор билан тузилган шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши шарт. Реципиент офисида рақамни кўчириш жараёни 20 дақиқадан ошмаслиги лозим. Илгари бунинг учун ажратилган вақт 8 иш соати эди.
Реципиент абонентдан талабномани қабул қилади, унинг тўғри расмийлаштирилганлигини текширади, КРМБга сўров юборади ва абонент билан янги шартнома тузади. Донор эса абонентнинг шахсий маълумотлари ишончлилигини, қарздорлик мавжуд эмаслигини ва шартнома мажбуриятлари бажарилганлигини текширади.
Донор томонидан талабнома 10 дақиқадан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши шарт. Агар белгиланган муддат бузилса, КРМБ автоматик равишда рақам кўчирилган деб ҳисоблайди ва КРМБ талабномани ўз вақтида тасдиқламаган донор томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади.
Техник кўчириш ва маршрутлаш жараёни
КРМБ оператори рақамни техник кўчириш бошланганлиги ҳақида донор ва реципиентни хабардор қилади. Реципиент рақамни ўз маълумотлар базасига киритади, донор эса рақамни ўз биллинг тизимидан чиқаради. Барча операторлар кўчирилган рақам бўйича маршрутлашни ўзгартиришлари шарт.
Маршрутлашни таъминлаш учун «All Call Query» (Ҳар бир чақирувни марказий база орқали текшириш тизими) ва «Onward Routing» (Чақирув аввал рақамнинг бошланғич операторига (донорга) юборилади, кейин донор чақирувни ҳақиқий хизмат кўрсатувчи операторга йўналтирадиган тизими) технологияларидан фойдаланилади. Маршрутлаш ўз вақтида янгиланмаган ҳолларда КРМБ томонидан бузилиш қайд этилади ва ваколатли органларга ахборот юборилади.
Абонент рақамини кўчириш хизмати учун тўлов миқдори реципиент томонидан белгиланади ва у бир марталик ҳисобланади. Абонентнинг донорда сарфланмаган маблағлари мавжуд бўлса, улар донор томонидан қайтарилади.
Агар абонентда роуминг хизматлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, донор белгиланган тартибда ушбу қарзни ундириш ҳуқуқига эга. Қарз ўз вақтида тўланмаган ҳолларда реципиент томонидан хизматлар вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Реципиент билан шартнома бекор қилинганда ёки рақам хато кўчирилганда, абонент рақами КРМБ орқали бирламчи операторга қайтарилади. Хато кўчириш абонент айбисиз юз берган бўлса, рақамни қайтариш учун тўлов ундирилмайди.
Барча қайтариш жараёнлари қатъий белгиланган муддатларда ва КРМБ орқали автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.
Юқоридаги қоидалар мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш жараёнини тўлиқ, аниқ ва изчил тартибга солади. Абонент, донор, реципиент ва КРМБ операторининг ваколатлари ва мажбуриятлари қатъий белгилаб берилгани рақам кўчириш жараёнининг шаффофлиги, хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур тартиб мобил алоқа хизматларидан фойдаланишда абонентлар ҳуқуқларини амалий жиҳатдан кафолатлашга қаратилган.
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Автомобилни йўлнинг қатнов қисмида қанча вақт қолдириш мумкин?
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.