currencies image

12 254,27 UZS

30,89

usd

currencies image

14 516,41 UZS

1,49

eur

currencies image

147,89 UZS

0,73

ru



АсосийЯнгиликларНимани хор қилсанг, шунга зор бўласан...

Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан...

#NoComment

calendar

13.09.2025

eye

94

Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан...

Бир неча йиллар аввал ёзувчи Нурали  Қобулнинг “Пойтахтимиз қаерда?” деган сарлавҳали мақоласини Республикамиздаги етакчи газеталардан бирида ўқиб, ғалати бўлгандим. Ўша мақолани ўқиганимга балки 30 йилдан ошиқ вақт ўтгандир,  аммо ундаги қишлоқ муаллимининг уйига меҳмон келгани тўғрисидаги эпизод сира хаёлимдан кетмайди. Мақолада ёзилишича, ўқитувчи меҳмонлар учун бозор қилиб, дастурхон тузагани,  дастурхондаги ноз-неъматларнинг арчилган пўчоқларини эса болалари егани   ҳақидаги лавҳа шу қадар маҳорат билан тасвирланган эдики, эсласам,  ҳали юрагим зирқирайди. Тўғри,  ҳозир дастурхондаги мева пўсти ва пўчоқларини ейдиган болалар йўқ. Худога шукр, тўкин-сочинликда яшаяпмиз.  Ноз-неъматларни хоҳлаганча исроф қилишга  ҳам ўргандик.

Масалан,   нонни исроф қилмаслик ҳақидаги гаплар ҳавода қолаётгани  жуда ачинарли. “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан” деган ақидани унутиб қўйдик.

Бир кунда икки тонна нонни чиқиндига ташлаётган  пойтахт

Кейинги пайтда  ижтимоий тармоқларда нонкўрлик ҳақидаги жуда кўп постлар,  ахборотларга кўзимиз тушаяпти. Ўзимиз ҳам ноннинг увол бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тонна нон чиқиндига чиқарилаётгани ҳақидаги хабардан воқифмиз. Бу рақамлар ортидаги нонкўрликка панжа орасидан қараб,  бора-бора бунга кўзимиз ўрганиб, қотиб бормоқда. Нонни увол қилмаслик ҳақидаги панд-насиҳатларни назар писанд қилмайдиган даражага етдик. Ота-боболаримиз бир замонлар бир бурда нон учун қанча заҳмат чекканини,  нонга зор бўлиб ўтганини,  иккинчи жаҳон уруши йилларида  одамлар  нон ўрнига кунжара еб ўлганини наҳотки унутдик.

Наҳотки, ноннинг қадрига етиш учун уни одам бошига ўлчаб бериш,  талон жорий этиш зарур бўлса?!  Ахир   ҳозир ҳам ер юзида бир парча нонга муҳтож бўлган қанча-қанча одамлар борлиги ҳаммамизга аён ҳақиқат-ку!   Бошимизга шундай кунлар тушмасин,  десак нонкўрлик қилмайлик! Ноннинг уволи ёмон...

  Орият ва марҳамат

Одатдаги кунларнинг  бирида бўлган воқеа: Ҳамкасблар билан ишхонамиз яқинидаги  кафега тушлик қилишга бордик. Ҳаммамиз ўзимиз истаган таомни тамадди қилдик.  Ёнимиздаги стол бўшаб,  хўрандалари туриб-турмасдан ёши каттароқ,  озғинлигидан эгнидаги костюмининг елкалари осилиб қолган,  уст-бошидаги кийими тўзиб кетган одам чаққонлик билан патнис кўтариб бўшаган столдаги идишларни,  қолган нон бўлакларини йиғиштиришга тушганига ҳайрон бўлдик. У ўзини гўёки официант ёрдамчисидек тутмоқчи бўлди, аммо орадан бир дақиқа ўтмасдан кафе хизматчилари унинг қўлидан патнисни тортиб олиб,  ўзига кўча эшикка чиқиб кетишга ишора қилишди. Ночорлиги шундоқ кўриниб турган одамнинг юзлари қизарди. Дилимиз оғриб у одамни кузатдик. У кўчадаги столлардан бирига бориб ўтирди. Ночорлигидан уялаётган одамнинг аҳволини тушундик. Сочлари оқарган,  ёши анчага борган бу одамда ночорликдан,  очликдан ва бахтсизликдан ҳам кучли нарса бор эди.  Бир бурда нонга зор бу одамда кучли орият бор эди. Ана шу орият кўчадан ўтганлардан ёки ошхоналардан нон сўрашга йўл бермасди.  Шу топда бу одамни нон ва ширин таом билан сийлашга тайёр эдик. Аммо унинг орияти бизнинг марҳаматимиздан юз карра кучлироқ бўлгани бунга асло йўл қўймасди...
 

Одамлар тўйхонани нега тарк этишди?

Бундан бир неча йил аввал илм-маърифатли қадрдонимиз машҳур тўйхонада набираларининг ёш тўйини ўтказди. Қувончли кунига шерик бўлиш учун тўйга бордик. Базм бошланди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган таниқли зиёли меҳмонлар ва уларнинг чиройли табриклари билан давра янада файзли бўлди. Аммо орадан ярим соатлар ўтар-ўтмасдан азиз меҳмонларнинг кўпчилиги тўйхонани бирдан тарк этди. Дастурхонда нозу неъматлар,  сузилган таомлар мустар бўлиб қолди. Тўй эгасининг кўнгли оғриди. Меҳмонлар нега кетиб қолганини кейинроқ эшитиб,    таассуф чекдик.  Нима эмиш,  спиртли ичимликсиз  тўй айримларга  “татимаган”  эмиш.

Нону тузнинг ҳурматини унутган одамлар ўзининг ҳам ҳурматини йўқотганди ўшанда. Ўшанда инсон ўз   нафсининг ва  зарарли иллатнинг қули эканлиги  жуда ранжитганди.

Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Улашиш: