Ҳуқуқ
20.10.2024
1 831
1. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ОТМда давлат гранти асосида қўшимча қабул квоталар ажратиладими?
Ҳа. Ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг икки фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиш кириш имтиҳонлари натижалари бўйича амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар бўйича ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан таълимнинг ушбу йўналиши бўйича танловда умумий асосларда иштирок этади.
2. Тўхтаб туриш жойларидан фойдаланаётганда пул тўланадими?
Йўқ. Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) ташкил этиши лозим.
Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ «5.15. Тўхтаб туриш жойи» ва «7.17. Ногиронлар» йўл белгилари ўрнатилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ олинмайди.
3. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ДХМ ва (ёки) ЯИДХП орқали хизмат кўрсатишда чегирмалар мавжудми?
Ҳа албатта. Қонунчиликка кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно).
4. Ногиронлиги бўлган шахслардан қандай ҳолларда давлат божи ундирилмайди?
Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.
5. Ногиронлик нафақасини тайинлашда хизмат кўрсатиш пулликми?
Йўқ. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ҳамда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақасини тайинлашда давлат хизматлари бепул кўрсатилади.
6. Боғчага жойлаштиришда имтиёз борми?
Ҳа албатта. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар болаларини давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишда имтиёзли рўйхатга киритилган.
7. Протез-ортопедия мосламалари сотиб олишда қандай имконият мавжуд?
Фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини сотиб олиш имконияти яратилади.
8. Ногиронлиги бўлган шахслар соғлигини тиклаш учун қандай ҳуқуқлари бор?
Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек, дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.
9. Ногиронлиги бўлган болаларни уйда ўқиши мумкинми?
Ҳа. Агар ногиронлиги бўлган болаларни таълим муассасаларида ўқитишнинг вақтинча имкони бўлмаса, таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим муассасалари ногиронлиги бўлган болаларнинг соҳага оид шифокорлар тавсиялари асосида ҳамда ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан уйда ўқитилишини таъминлайди.
Ногиронлиги бўлган болаларни уйда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
10. Дам олиш кунлари ишга жалб қилса бўладими?
Йўқ. Ногиронлиги бўлган шахсларни тунги вақтда ишга, шунингдек, ишдан ташқари вақтдаги ишларга ва дам олиш кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ишловчи шахсларга нисбатан меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори камайтирилмаган ҳолда қисқартирилган иш вақти давомийлиги белгиланади ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.
“Адолат” маркази етакчи маслаҳатчиси
Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Дунёдаги энг ғаройиб қонунлар
Аммо баъзи мамлакатларда шундай қонунлар борки, уларнинг борлигига ишониш қийин.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.