Ўзбекистон
19.12.2025
72

Бугунги кунда деярли ҳар бир фуқаронинг нотариусга иши тушади.
Уй-жой сотиш, ишончнома бериш, мерос, автотранспорт билан боғлиқ битимларнинг барчаси нотариал расмийлаштиришни талаб қилади. Шунинг учун, нотариуслар халққа энг яқин ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи шахслар ҳисобланади. Улар, ҳаттоки, мамлакатимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларида ҳам халқимизга хизмат кўрсатиб келишмоқда.
Гарчи нотариуслар ҳозирда хусусий фаолият юритса-да, улар давлат вазифаларини бажаради.
Бугунги кунда республика бўйича 1 110 нафардан ортиқ нотариуслар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Охирги йилларда нотариуслар томонидан йилига ўртача 6 млнга яқин нотариал ҳаракатлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу эса, улардан ҳалоллик, шаффофлик ва юқори масъулиятни талаб этади.
Нотариал хизматлар кўрсатишда ҳалоллик ва очиқликни таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва ишларнинг тезкорлигини ошириш учун биринчи навбатда соҳани рақамлаштириш лозим. Бу эса, ўз навбатида тизимда коррупцияни олдини олиш учун хизмат қилади.
Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги ўз нутқида “Коррупция – ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов!” – деб таъкидлаганлари фикримиз исботидир.
Сўнгги йилларда Адлия вазирлиги томонидан соҳани рақамлаштириш ва коррупцияни олдини олиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар – тарихга айланмоқда.
Авваллари фуқаролар нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун турли идоралардан маълумот йиғиб, сарсон бўлишарди. Энди эса, бу муаммо деярли бартараф этилди.
Адлия вазирлиги томонидан жорий этилган “Нотариус” ахборот тизими билан 20 дан ортиқ ташкилотларнинг 40 га яқин ахборот тизимлари ўзаро боғланган. Натижада фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳажми 94 фоизга қисқартирилди.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири “E-notarius.uz” расмий веб-сайтининг ишга туширилиши бўлди.
Ушбу сайт орқали яқин нотариусни топиш, нотариусга онлайн навбатга ёзилиш, ишончноманинг ҳақиқийлигини текшириш, мерос иши очилган-очилмаганини аниқлаш, мулкка қўйилган тақиқларни текшириш ва масофадан туриб нотариусга электрон мурожаат юбориш мумкин.
Бу имкониятлар фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик ҳамда енгиллик яратмоқда.
Айрим нотариал ҳаракатларни масофадан туриб (онлайн), видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш имконияти яратилди.
Маълумот учун: 2024 йилдан буён 16 турдаги нотариал ҳаракатлар онлайн амалга оширилмоқда. Фуқаролар томонидан 2024 йилда 74 725 марта ва 2025 йилда ҳозирги кунга қадар 286 800 марта онлайн нотариал хизматлардан фойдаланилди.
Бу рақамлар аҳолининг рақамли нотариатга бўлган ишончи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Нотариал идораларда ортиқча тўловларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир нотариал ҳаракат бўйича фуқароларга автоматик равишда СМС-хабарнома юборилади. Агар мижоз тўлов миқдорига рози бўлмаса, у дарҳол Адлия вазирлигига мурожаат қилиш мумкин.
Бундан ташқари, адлия органлари томонидан Нотариал палата билан ҳамкорликда нотариуслар фаолиятида мониторинг, режали текшириш, рейд ва сирли мижоз тадбирлари орқали доимий назорат олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрда қабул қилинган ПҚ–280-сон қарори билан нотариат соҳасини янада ривожлантириш ва тўлиқ рақамлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу қарор миллий нотариат тизимини замонавий, шаффоф ва халққа янада яқин қилишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида-алоҳида чоралар эмас, балки ўзаро боғлиқ ва изчил механизмлар тизимидир. Ушбу механизмлар самарали ишлагани сари нотариат институти фуқаролар учун ишончли, очиқ ва адолатли ҳуқуқий кафолатга айланиб боради.
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар ишга киришни асоссиз рад этиш саналади?
Меҳнат кодекси 119-моддасида ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш асослари келтирилган.
Аттестациядан неча марта ўта олмаган педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинади?
Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан, педагог кадрлар учун мажбурий аттестация ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.
Маъмурий суд ишларини юритишда ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин.
Промпт муҳандислиги. Сунъий интеллектга тўғри промпт ёзиш кетма-кетлиги
Промптлар – сунъий интеллектга йўналиш бериш учун биргаликда ишлайдиган бир нечта асосий қисмлардан ташкил топган.