Ҳуқуқ
23.01.2025
250
Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.
Солиқ кодексининг 103-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда шу солиқ тўловчига қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.
Солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси ушбу қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим:
1. Мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига;
2. Бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш ҳисобига;
3. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига.
Солиқ бўйича қарзини қоплаш ҳисобига солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 104-моддасига кўра, ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқнинг ортиқча тўланганлиги факти аниқлаган кундан эътиборан ёки агар солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан у тўлаган солиқларни биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилган бўлса, бундай биргаликдаги солиштириш далолатномаси солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан имзоланган кундан эътиборан ёхуд суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) уч кун ичида қайтарилиши лозим (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно).
Солиқ органи ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишни ёки қайтаришни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор ҳақида солиқ тўловчига бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида хабар қилиши шарт. Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш белгиланган муддат бузилган ҳолда амалга оширилса, белгиланган муддатда қайтарилмаган сумма учун солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси қайтариш муддати бузилган кунларда амал қилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.
Янглишиб тўланган солиқ суммалари, шунингдек пенялар ва (ёки) жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигининг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилади.
Оғабек Жўраев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази ходими
Улашиш:
Бошқалар
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар
Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.