currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистоннинг жамоатчилик фикри етакчилари рейтинги тузилди

Ўзбекистоннинг жамоатчилик фикри етакчилари рейтинги тузилди

#NoComment

calendar

29.02.2024

eye

407

Ўзбекистоннинг жамоатчилик фикри етакчилари рейтинги тузилди

“Юксалиш” ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари кўмагида Ўзбекистоннинг жамоатчилик фикри етакчилари Топ-40 рейтингини тузди.

Рейтингга мамлакат ахборот маконида фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга, миллий контент яратишга ҳиссасини қўшиб келаётган журналистлар, блогерлар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар-у сиёсатчилар ва бошқа жамоатчилик фаоллари киритилган.

Рўйхат қандай шакллантирилди?

Биринчи босқичда давлат идоралари, сиёсий ва илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида онлайн сўров ўтказилди. Респондентлар орасида вазирликлар, миллий ва хорижий ахборот агентликлари, радио ва телеканаллар ходимлари, интернет-нашрлар муҳаррирлари ҳамда сиёсатшунослар, турли соҳа мутахассислари, блогерлар бор эди.

Сўровнома иштирокчилари қуйидаги жиҳатлардан келиб чиқиб, жамоатчилик фикрини шакллантираётган бештадан номзод таклиф қилди:

Жамоатчилик орасида, ОАВда, ижтимоий тармоқларда фаоллиги ва таниқлилиги;

Долзарб мавзуларни омма эътиборига кўтариб чиқиши, муҳокама қилиши ва ечим таклиф қилиши;

Жамият ривожига ҳисса қўшиши, ижобий ўзгаришлар ташаббускори бўлиши;

Жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, уларнинг ишончини қозонганлиги.

Иккинчи босқичда таклиф қилинган номзодлар экспертлар томонидан таҳлил қилинди. Уларнинг фикрларидан иқтибос олинганлик индекси, материалларининг қамрови ва изоҳлар сони, миллий ва хорижий ОАВларда тилга олиниши баҳоланди. Номзодларнинг мутахассислиги, йўналиши бўйича билим даражасига, тажрибасига ҳам таянилди.

Топ-40 таликка киритилганларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари обуначилари сони 20 миллиондан зиёд (уникал фойдаланувчилар 7-7,5 миллион), эълон қилган материалларининг ойлик қамрови 45 миллиондан ошади.

Рейтингга киритилганлар алифбо тартибида берилган.

Жамоатчилик фикри етакчилари:

Абдукарим Мирзаев – журналист, режиссёр. Ўз вақтида радиоканалларда “Дилкаш”, “Учинчи одам”, “Дастхат” каби, телеканалларда эса “Еттинчи қадам”, “Йўлдаги одам” каби лойиҳалари кенг оммалашган. Уларда, асосан, инсонлар ҳаётида, жамиятда учрайдиган ижтимоий масалалар олиб чиқилган. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маънавий-ахлоқий, тарбиявий, фалсафий мазмундаги чиқишлари билан катта аудиторияга эга.

Абдураҳмон Ташанов – “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси. Ўзбекистондаги фаол ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, инсон ҳуқуқлари, қамоқхоналардаги вазият билан боғлиқ бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратади. Ижтимоий тармоқларда фаол. Унинг ёзганлари йирик интернет-нашрларида қайта чоп этилади, фикрларидан иқтибос келтирилади, маълум бир мавзуларда тез-тез интервьюларга чақирилади.

Азиза Умарова – давлат бошқаруви бўйича мутахассис, иқтисодчи, тадбиркор. Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг лойиҳа офиси раҳбари. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, электрон ҳукумат ва гендер тенглик, ижтимоий ҳимоя, болаларни зўравонликдан ҳимоялаш масалаларида фаол чиқишлар қилади, таклифлар, ташаббусларни илгари суради. Халқаро доираларда маърузалари билан қатнашади. Ўзбекистонда илк болалар хосписи ташкил этилишида унинг ҳам ҳиссаси бор.

Алишер Қодиров – сиёсатчи, депутат, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси. Асосан, таълимни ривожлантириш, камбағалликка барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, миллий анъана ва қадриятларни қўллаб-қувватлашга оид мавзуларда фаол чиқишлар қилади. Ўзининг нотиқлиги, жамоатчилик кенг муҳокама қиладиган масалаларда муносабатини билдириши билан танилган. Унинг фикрларидан ОАВда тез-тез иқтибос келтирилади.

Анора Содиқова – журналист. Жамиятдаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масалалар, хусусан, сўз эркинлиги, монополия, коррупция, амалдорлар масъулияти ҳақида бир қанча танқидий мақолалар, видеолавҳалар, журналистик суриштирувларни эълон қилган.

Ақида Бохирова (Ақида Ханум) – аёллар ҳуқуқлари фаоли. Аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ муаммоларни ёритиш ва муҳокама қилишда фаол. Шунингдек, оилавий зўравонлик қурбонларига амалий ёрдам бериб келади.

Беҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, шарҳловчи. Телеграмда “Иқтисодчи кундалиги” каналини, Yotube'да “Ҳошимов иқтисодиёти” видеоблогини юритади. Иқтисодиёт, молия йўналишидаги таҳлилий мақолалари, шарҳлари, подкастлари билан танилган. Фикрлари ОАВда тез-тез қайта чоп этилади, иқтибос келтирилади, интервьюларга чақирилади.

Бобур Бекмуродов – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” ҳаракати раиси. Жамиятдаги долзарб масалаларда таклиф ва ечимлар бериб келади, россиялик сиёсатчиларнинг Ўзбекистонга оид фикрларига фаол муносабат билдиради, маълум бир соҳаларда ислоҳотларни илгари суради. Фикрлари ОАВда тез-тез қайта чоп этилади, иқтибос олинади, интервьюларга чақирилади.

Ботир Шермуҳаммад – ҳуқуқшунос, “Migrant.uz” портали асосчиси. Миграция ва мигрантлар ҳуқуқларига оид долзарб мавзулардаги мақола ва суҳбатларни эълон қилган. Мигрантларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб ҳам келади.

Дилфуза Қуролова – инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқшунос, адвокат. Инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, аёллар ва болаларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича фикр ва таклифларини фаол илгари суради. Сенат ишчи гуруҳи аъзоси сифатида аёллар ва болаларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этди. Қонун жамоатчилик муҳокамасидан сўнг 2023 йилда қабул қилинди. Гендер тенглиги эксперти сифатида интервьюлар беради, фикрларидан иқтибослар олинади.

Дилмурод Юсуфов – мустақил тадқиқотчи. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш, инклюзив таълим ва бандлик масалаларини фаол ёритиб келади. Мақолалари норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киртилишига ҳам таъсир кўрсатган.

Дониёр Ғаниев – депутат. Чиқишларида жамоат транспортини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, энергетика, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка, коррупцияга қарши курашиш масалаларида фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан бўлишади, муҳокамаларда фаол иштирок этади. ОАВда унинг фикрларидан иқтибослар келтирилади, интервьюларга тез-тез чақирилади.

Элдор Асанов – тилшунос, журналист. Асосан, тил, тарих ва антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп контент яратади. Бу эса ўзбекзабон аудитория учун ушбу соҳалардаги муҳим маълумот манбаига айланган.

Фарҳод Толибов – сиёсатшунос, сиёсат фанлари номзоди, “Билим карвони” нодавлат илмий-таълим муассасаси директори. Геосиёсат, халқаро хавфсизлик, минтақавий интеграция масалаларида миллий ва хорижий нашрларда таҳлилий мақолалар эълон қилган. Интервьюларда экспертлик фикрлари билан фаол қатнашади.

Ғайратхўжа Сайдалиев – журналист, “Фикрат” лойиҳаси муаллифи. Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий ва тарихий мавзуларда дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилувчи таҳлилий кўрсатувлар муаллифи. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, халқаро муносабатлар, миллий тил муаммолари каби долзарб масалаларни кўтаради.

Ҳамид Содиқ – ҳуқуқшунос, сиёсий-таҳлилчи. Ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокамаларида фаол. Таҳлилий фикрлари ОАВда қайта чоп этилади, иқтибослар олинади, интервьюларга чақирилади. Ўзи ҳам турли соҳа экспертлари билан суҳбатлар уюштиради. “Сиёсатшунослар клуби” ташкилотчиларидан бири.

Ҳикмат Абдураҳмонов – тадбиркор. TEAM University, Groundzerouz коворкинг маркази, Ўзбекистон-Хитой савдо уйи ҳаммуассиси. Ўзбек тадбиркорларининг хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиш ишларида ҳамда таълим, бизнес мавзуларида таклиф бериши билан фаол.

Илёс Сафаров – журналист. Сиёсий-ижтимоий, адабиёт йўналишидаги мақолалари, суҳбатлари билан танилган. Долзарб масалаларга ўз муносабатини фаол билдириб келади.

Ирина Матвиенко – гендер масалалари бўйича эксперт, "Nemolchi.uz" лойиҳаси асосчиси. Маиший зўравонликка учраганлар ҳақида бонг уриб, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақиради. Аёллар ва болаларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган. Қонун жамоатчилик муҳокамаларидан сўнг 2023 йилда қабул қилинди. Гендер тенглиги эксперти сифатида интервьюлар беради, фикрларидан иқтибослар олинади.

Жамшидхон Зиёхонов – Youtube'да “Subyektiv” лойиҳаси орқали яхши таниш. Долзарб ижтимоий мавзуларни ноодатий, қизиқарли форматда ёритиши билан ажралиб туради. Digital Marketing Awards 2023 маросимида энг яхши ижтимоий контент сифатида эътироф этилди.

Камола Алиева – гендер масалалари бўйича эксперт, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Унинг фаолияти Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол кампанияси каби глобал ташаббуслар билан ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистонда зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш учун аҳолининг хабардорлигини ошириш ва ҳаракатларни сафарбар этишда муҳим роль ўйнайди. Ижтимоий тармоқлар, интернет-нашрларида ва бошқа платформаларда зўравонлик ва гендер стереотипларига қарши курашиш бўйича муҳокамаларда фаол қатнашади. Аёллар ва болаларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган.

Камолиддин Раббимов – сиёсатшунос. Геосиёсат, социология йўналишларида туркум чиқишлар, кўрсатувлар, интервьюлар ташкил қилиб келади. Жамиятдаги долзарб масалалар, ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиради, фикрлари ОАВда тез-тез қайта чоп этилади, иқтибослар олинади.

Кирил Альтман – журналист, блогер. "Алтер Ego" муаллифлик лойиҳасида мамлакатдаги сиёсий ва маданий жараёнлар билан таништиради, жамоат фаоллари, таниқли шахслар билан суҳбатлар уюштиради. Суҳбатлардан иқтибослар кўп олинади, долзарб мавзуларда ўз фикрларини доимий билдириб туради.

Мўътабар Хушвақтова – экофаол, “Ўрикгули” тахаллуси билан блогерлик фаолиятини юритади. Турли экологик лойиҳалар ва тарғибот ишларида фаол қатнашади. Ўзбекистонда экологик вазиятни яхшилаш ва атроф-муҳит муаммоларидан хабардорликни оширишга ҳисса қўшмоқда.

Муҳрим Аъзамхўжаев – журналист. Турли ижтимоий-сиёсий мавзуларни муҳокама қилишда, шарҳлашда фаол иштирок этади. Интернет-журналистика ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда ўз аудиториясига эга.

Никита Макаренко – журналист, блогер, продюсер, драматург. Ўзбекистон медиа оламидаги серқирра шахс. Журналистик фаолиятида очиқ, танқидий фикрлари билан танилган. Шунингдек, маданий  асраб-авайлаш, экологик муаммолар, жамоат транспорти, тирбандлик ва пиёдалар хавфсизлиги каби мавзуларда муносабатини, фикр-мулоҳазаларини билдириб келади.

Нурбек Алимов – блогер. Халқаро муносабатлар, ижтимоий сиёсат, фалсафа, тарих ва китоб мутолааси билан боғлиқ мавзуларни фаол муҳокама қилади.

Отабек Бакиров — иқтисодчи. Нафақат иқтисодий, балки бошқа ижтимоий-сиёсий мавзуларни чуқур таҳлил қила олиши билан таниқли. Шунингдек, энергетика, солиқ, божхона, миграция, монополия сингари масалаларда мавжуд ҳолатга танқидий қараб, асосли таклифлар бериб келади.

Қамариддин Шайхов – журналист. Qalampir.uz интернет сайти бош муҳаррири. Очиқлик сиёсати, давлат идораларининг очиқлиги, сўз ва матбуот эркинлиги масалаларида танқидий чиқишлари билан танилган.

Қобил Ҳидиров – журналист, Давлетов.уз телеграм каналини юритади. Каналда янги қонун ҳужжатлари, тайинловлар, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар тезкорлик билан ёритилади. Долзарб масалаларда мустақил фикр-мулоҳазаларини фаол билдириб келади, фикрлари ОАВда қайта чоп этилади, иқтибослар олинади, интервьюларга чақирилади.

Расул Кушербаев – журналист, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси. Очиқлик, сўз эркинлиги, судлар мустақиллиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, монополияга, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларда фаол фикр билдириши билан танилган. Унинг фикрлари ОАВда қайта чоп этилади, иқтибос олинади, ижтимоий тармоқларда кенг аудиторияга эга.

Шаҳноза Соатова – адлия вазири маслаҳатчиси, блогер, жамоатчилик фаоли. Унинг мақола ва постларида ижтимоий ва сиёсий масалалар, жамият муаммолари акс этади. Президент қўлидан мукофот қабул қилиб олган илк блогер сифатида эътироф этилган.

Шерзодхон Қудратхўжа – журналист, жамоат арбоби. Айни пайтда Миллий медиа ассоциацияси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини бошқаради. “Халқаро пресс-клуб” асосчиси. Ўзбек медиа оламида турли мавзулардаги чиқишлари, кўрсатувлари, лойиҳалари билан таниқли шахс.

Темурмалик Тожиддинзода – блогер, ўзига хос услубга эга “Файзбоғ” каналини юритади. Канал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий мавзуларни қамраб олади, шунингдек, таҳлилий ва танқидий контентни тақдим этади. Материалларида ҳазил, карикатура унсурлари бўлгани боис аудиторияга жозибадор.

Умид Ғофуров – блогер, “Troll.uz” лойиҳаси муаллифи. Чиқишларида жиддий ижтимоий, сиёсий мавзуларни юмор, киноя уйғунлигида ёритиши билан ажралиб туради. Таълим, коррупция мавзуларидаги танқидий фикрлари билан танилган. У кўтарган мавзулар кенг муҳокама қилинади.

Хайрулла Ҳамидов – журналист, публицист, футбол шарҳловчиси. Шунингдек, насрий ва шеърий ижод маҳсуллари кенг оммалашган. Ижтимоий тармоқларда кенг аудиторияга эга.

Хушнуд Худойбердиев – ҳуқуқшунос. ЎзА Бош директорининг биринчи ўринбосари. Журналист, блогер сифатида турли, шу жумладан, таълим, миграция, суд-ҳуқуқ мавзуларида фикрларини, таклифларини фаол илгари суради. Унинг Тошкент шаҳрида доимий прописка муаммоси ҳақида ёзган қатор материаллари кенг муҳокама қилинди, натижада ушбу муаммога барҳам берилишига эришилди.

Юлий Юсупов – иқтисодчи, мустақил эксперт ва таҳлилчи. Иқтисодий стратегиялар ва ислоҳотларни ишлаб чиқиш бўйича жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этади, иқтисодий масалаларга оид кўплаб мақола ва тадқиқотлар муаллифи. Шунингдек, у маъмурий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, айниқса, суд-ҳуқуқ тизими ва давлат бошқарувини демократлаштириш контекстида ўтказиш масалалари устида иш олиб боради.

Зафар Ҳошимов – тадбиркор. Бизнес, молия, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, ислоҳотлар юзасидан муносабатини фаол билдириб келади. Фикрларидан ОАВда тез-тез иқтибос келтирилади, интервьюларга чақирилади, ижтимоий тармоқларда ҳам фаол, аудитория билан мулоқотга киришимли.

Зафарбек Солижонов – ҳуқуқшунос, блогер. Асосан ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий масалаларда ўз фикрини, нуқтаи назарини фаол билдириб келади. Интернет-нашрларида фаолияти давомида жамиятдаги долзарб мавзуларни ёритган.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 783

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 721

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 613

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 613

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.