currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларПиёдаларнинг қайси ҳаракатлари маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади?

Пиёдаларнинг қайси ҳаракатлари маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади?

Ҳуқуқ

calendar

30.07.2026

eye

57

Пиёдаларнинг қайси ҳаракатлари маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади?

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш нафақат транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, балки пиёдалар, йўловчилар, велосипед, скутер ва мопед ҳайдовчилари ҳамда йўл ҳаракатининг бошқа барча иштирокчиларининг муҳим мажбурияти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси айнан ушбу шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликни белгилайди.

Мазкур модданинг биринчи қисмига кўра, пиёдалар светофор ёки тартибга солувчининг сигналларига бўйсуниши, йўлни фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойларидан кесиб ўтиши шартлиги белгиланган. Шунингдек, пиёда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган вақтда мобил телефондан фойдаланиши, китоб ёки газета-журналларни ўқиши, видеоларни томоша қилиши, аудиоматериалларни тинглаши ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши тақиқланади.

Худди шунингдек, скутер, мопед, велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахслар ҳам йўл белгилари ҳамда светофор сигналларига қатъий риоя этиши лозим. Ушбу талабларни бузган шахсларга маъмурий огоҳлантириш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима қўлланилади.

Модданинг иккинчи қисмида ҳайдовчиларга турли хизматлар кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида туриш ёки йўлга ажратилган ҳудудларда чорва молларини боқиш ҳам ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланган. Бундай қоидабузарлик содир этилган тақдирда маъмурий огоҳлантириш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг ярми миқдорида жарима белгиланади.

Агар ушбу қоидабузарликлар натижасида авария ҳолати юзага келса, яъни йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиш хавфи туғдирилса, ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима қўлланилади.

Шунингдек, транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтида йўловчи томонидан тананинг қўлдан бошқа қисмларини транспорт воситаси салонидан ташқарига чиқариши ҳам қонунчиликка зид ҳисобланади. Ушбу ҳаракат йўловчининг ҳам, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам ҳаётига хавф туғдириши мумкинлиги сабабли, бундай ҳолат учун ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима назарда тутилган.

Қонунчиликда индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутерлар, мопедлар, велосипедлар ва уловли аравалардан фойдаланишнинг техник талабларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар белгиланган тартибда нур қайтаргичлар ва ёритиш чироқлари билан жиҳозланмаган бўлса ёки скутер ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларида йўловчи ташилган бўлса, ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг ярми миқдорида жарима қўлланилади.

Бундан ташқари, скутер, мопед, велосипед, индивидуал ҳаракатланиш воситаси ёки уловли аравани алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситалари ёки бошқа маст қилувчи моддалар таъсири остида бошқариш йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Шу сабабли қонунчилик бундай ҳаракат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима белгилаган.

Хулоса қилиб айтганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддаси пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишни талаб қилади. Ушбу нормаларга амал қилиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўлларда хавфсиз ҳаракатни таъминлашга хизмат қилади.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: