currencies image

11 847,16 UZS

52,28

usd

currencies image

13 843,41 UZS

157,81

eur

currencies image

141,44 UZS

2,77

ru



АсосийЯнгиликларРивожланишга бўлган ҳуқуқ — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Ривожланишга бўлган ҳуқуқ — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Ўзбекистон

calendar

20.08.2026

eye

45

Ривожланишга бўлган ҳуқуқ — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Ривожланишга бўлган ҳуқуқ инсон ҳуқуқлари тизимида муҳим ўрин тутади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1986 йил 4 декабрдаги 41/128-сон резолюцияси билан қабул қилинган «Ривожланишга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги декларация» мазкур ҳуқуқнинг мазмуни, уни амалга ошириш принциплари ҳамда давлатларнинг бу борадаги вазифаларини белгилаб беради.

Декларациянинг 1-моддасига мувофиқ, ривожланишга бўлган ҳуқуқ инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. У ҳар бир инсон ва барча халқларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий тараққиётда иштирок этиши, унга ҳисса қўшиши ҳамда унинг натижаларидан фойдаланишини назарда тутади. Шу маънода ривожланиш фақат иқтисодий ўсиш билан чекланмайди, балки инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш билан узвий боғлиқдир.

Декларациянинг 2-моддасида инсон ривожланиш жараёнининг асосий субъекти экани белгиланган. Демак, ҳар қандай ривожланиш сиёсати марказида инсон, унинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва фаровонлиги туриши лозим. Давлатлар эса аҳоли фаровонлигини мунтазам ошириш, фуқароларнинг ривожланиш жараёнида фаол, эркин ва конструктив иштирокини таъминлаш ҳамда яратилган неъматларни адолатли тақсимлашга қаратилган миллий сиёсатни амалга ошириши керак.

Ривожланишга бўлган ҳуқуқни таъминлаш давлатларнинг масъулияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Декларациянинг 3 ва 4-моддалари давлатлар зиммасига ушбу ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун миллий ва халқаро шарт-шароитларни яратиш, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш вазифасини юклайди.

Айниқса, Декларациянинг 8-моддаси муҳим ижтимоий-ҳуқуқий аҳамиятга эга. Унга кўра, давлатлар таълим, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, уй-жой, бандлик ва даромадларни адолатли тақсимлаш каби асосий ресурс ва имкониятлардан фойдаланишда барча учун тенг имкониятларни таъминлаш чораларини кўриши лозим. Шунингдек, хотин-қизларнинг ривожланиш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш ва ижтимоий адолатсизликларни бартараф этиш зарурлиги белгиланган.

Декларациянинг муҳим ҳуқуқий ғояларидан яна бири — инсон ҳуқуқларининг ажралмаслиги ва ўзаро боғлиқлиги принципидир. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлардан ажратиб қараш мумкин эмас. Бир гуруҳ ҳуқуқларни таъминлаш бошқа ҳуқуқларни чеклаш ёки рад этиш учун асос бўла олмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ривожланишга бўлган ҳуқуқ — инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ва мавжуд имкониятлардан тенг фойдаланишини қамраб олувчи комплекс ҳуқуқдир. Уни таъминлаш давлатдан инсон ҳуқуқларига асосланган, ижтимоий адолат ва тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган изчил сиёсатни талаб этади. Зеро, ҳақиқий ривожланишнинг асосий мезони фақат иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва фаровонлигининг амалда таъминланганлик даражасидир.

Улашиш: