Суд очерклари
30.05.2024
317
Шаҳрихонлик Мухтор Зарипов(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг 3 нафар вояга етмаган набираларига бундан роппа-роса 5 ой аввал бўлиб ўтган янги йил байрами татимади. Чунки болажонларнинг отаси Элдор Зарипов 2023 йилнинг 7 август куни қамоққа олинганди.
Хўш, сабаб?
Гап шундаки, Элдор тумандаги «Дилбар ун» савдо марказида ун маҳсулотларини сотиш билан шуғулланарди. Бундоқ олиб қараганда, топиш-тутиши ёмон эмасди. Аммо борган сари нафс ўпқон отиб, тадбиркорни савдо айланмаси қаноатлантирмай қўяди. Оқибатда ҳалол савдога фирибгарлик ва ғирромлик аралашади.
Дастлаб Э. Зарипов 2022 йил декабрь ойида фуқаро Ф. Мамажоновдан қарз сўрайди.
– Пул бериб турсангиз, «оптом» нархда ун олиб келардим. Кейин бир ҳафтага қолмай, қарзимни узаман.
Ф.Мамажонов эса ваъдага ишониб, бир ой мобайнида – 2023 йил 10 январга қадар 43 минг АҚШ доллари миқдорида қарз беради. Бироқ унфуруш йигит лафзида турмай, савдодан тушган пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Кейинги галда Элдор Зарипов қўшни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи И. Гулматовнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Аниқроғи, бир ҳафта муддатда сотиб, пулини беришини ваъда қилган ҳолда 200 қоп «Эко маркс» навли, 48 миллион сўмлик ун маҳсулотини олиб кетади. Ҳақдорни ишонтириш учун 10 миллион сўм пул беради, холос. Қолган қарзини эса бир ҳафта тугул бир ойда ҳам қайтармайди. Негаки унни аллақачон сотиб, пулини ҳазм қилишга ҳам улгурганди.
Буни қарангки, Олтинкўл тумани «Меҳнат» маҳалласида яшовчи А.Абдужабборовнинг бошига ҳам худди И.Гулматовнинг куни тушади. Чунки Э.Зарипов уни ҳам аввалги усулда алдаб, 100 қоп уннинг 24 миллион сўм пулини олиб кетадию, лекин қайтаришни «унутиб» қўяди.
Бундан ташқари, фирибгар савдогар ўзининг маҳалладоши Л.Мамажоновдан ун олди-сотдиси учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олади.
Аслида Л.Мамажонов фуқаро Ф.Мамажоновнинг укаси бўлиб, бир маҳаллада яшасада, Элдорнинг устаси фаранг фирибгарга айланиб кетганидан бехабар эди. Шунинг учун 114 миллион 200 минг сўмга тенг 10 минг АҚШ долларини унфуруш йигитнинг қўлига икки қўллаб топширади. Берган пулини эса кейинчалик оёғи билан бориб ҳам қайтариб ололмайди.
Шу тариқа кунлар кетидан кунлар ўтиб, 2023 йил ҳам яримлаб қолади. Аммо Э.Зарипов ҳақдорларга қарзини қайтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Аксинча, 2023 йил 15 июнь қувалик таниши, тадбиркор У.Эшматовни лақиллатиб, 200 қоп – 49 миллион сўмлик унни олиб кетади. Маҳсулот пулини бўлса….
Шундан кейин А.Абдужабборов ва Л.Мамажоновлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Оқибатда тилга олинган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди эса Элдор Зариповни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бирга, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчилар – Л.Мамажоновга 123 миллион 451 минг сўм, Ф.Мамажоновга 269 миллион 740 минг сўм, И.Гулматовга 38 миллион сўм, У.Эшматовга 49 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.