currencies image

12 998,91 UZS

13,90

usd

currencies image

13 439,57 UZS

154,61

eur

currencies image

131,29 UZS

1,45

ru



АсосийЯнгиликлар“Шамолларга айлангим келди”

“Шамолларга айлангим келди”

Ҳуқуқ

calendar

20.01.2025

eye

665

“Шамолларга айлангим келди”

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида журналист ва шоир Акмал Тошнинг “Хавотир”  номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотга  таниқли шоир ва ёзувчилар,  адабиётшунос олимлар – Эшқобил Шукур, Азиз Саид, Узоқ Жўрақулов, Шодмонқул Салом ва  шоирнинг оила аъзолари, яқин дўстлари, ҳамкасблари, кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этди.

Тадбир 2023 йил март ойида  вафот этган ҳамкасбимиз Акмал Тошнинг хотира кечасига айланди.

Бугун шоир гарчи орамизда йўқ бўлса ҳам, унинг ижоди, шеърлари қалбимизда яшайди.  Шоирнинг сўзлари ҳеч қачон ўлмайди.

***

Инсон умри гўёки бир шамдек. Ёниши ҳам, ўчиши ҳам осон.  

 Ҳар куни эрталаб кўзлари кулиб бизга пешвоз чиқадиган, елкасидаги сумкага гўёки ҳаётнинг оғир юкини солиб олгандек   оҳиста  қадам босадиган ажойиб ҳамкасбимиз Акмалжон энди орамизда йўқ.

   Нафақат  кучли журналист, балки таниқли шоир, самимий дўст, иймон ва инсоф кўчаларини энг буюк манзил деб ўйлаган ва бунга ҳар доим эътиқод қилган 38 ёшли йигитдан унутилмас хотиралар, яхши сўз, гўзал шеърлар қолди.

   Биз Акмалжон билан “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририятида ҳамнафас, ҳамфикр эдик. Унинг овозини баландлатиб гапирганини бирор марта эшитмадик. У улуғ дарёлар сокин оққанидек, жуда сокин эди.  У шу қадар маданиятли ва камтарин эдики, бирор марта мақтанганини эслай олмаймиз. Чиройли ижоди, дилбар шеърлари, ажойиб китоблари борлигини  мана энди бир-бир кашф этаяпмиз.

Шеърлари шоирнинг қисмати дейишади. Акмалжоннинг шеърларини ўқиб, юракка янги изтироблар  қуйилади.   У хавотирда яшаган, аммо бу улкан хавотирни ҳеч кимга сездирмаган, билдирмаган, ич-ичига ютган. Шунинг учун ҳам чоп этилажак  шеърлар китобини ҳам “ХАВОТИР” деб номлаб кетган эди.

   У кенгликларни қўмсаб яшади. Кафтдек юрагига бу катта кенг шаҳар торлик қилгандек гўё...  Шеърларини ўқиб, юрак тез-тез ура бошлайди. Шеърларида  унинг руҳи  намоён эди.

Қалбимни очгандим эшиклари ланг,

Куртакдек очилди митти мўъжиза.

Руҳимни қучганди фақат битта ранг,

Қаршимда фақат ишқ – бошқаси зарра.

Найлардан портлади бир куйки озор,

Ортдаги умрлар сурат каби жўн.

Мажнунлар тентиди, синди дилдевор,

Дарднинг бўй-бастини очиб берган кун.  

 Яна бир шеърида:

Руҳимда лоқайдлик семирган сайин,

Сиртмоқни тортади кўринмас бир ёв...  дейди у.

 У ҳеч нарсага лоқайдлик билан қарамади. Унинг қарашлари , қадамлари хаста одамнинг эмас, матонатли юракнинг изларини қолдирди. Руҳини лоқайдликка, тушкунликка бермади, қаламига суянди,  сўзнинг кўзига  тик қарай олди.

Ё, Аллоҳ, қувват бер йиқилмасман йўқ,

Заҳматдан чекинган инсонми ахир.

Истасак умрнинг ҳар куни улуғ,

Орзунинг қаноти синмас барибир.

У орзунинг қаноти синмаслигига,  Яратган уни қўллашига, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал эканлигига ишониб яшади.

  Унинг ижодида она юрт соғинчи, меҳр,  ҳаёт манзаралари билан бирга буюк аждодларимизга эҳтиром ҳам  устувор эди. Улуғ мутафаккир  шоир Алишер Навоийга бағишланган шеърини, уни қасида десак арзийди, жуда бошқача илҳом билан бир неча кун руҳи баланд ҳолда ёзганига барчамиз гувоҳмиз.    Телеграм гуруҳимизда мулоқот  етти кун ҳар тонг Навоийга аталган  шу  шеър билан бошланарди. Ҳазрат Навоийни биздан кўра кўпроқ ўқиган ва биздан кўра теранроқ англаган ҳамкасбимизга ҳавасимиз келарди. Навоий даҳосига муносиб сатрлар:

...Кимки яхшиликдан ҳаловат топгай,

Икки дунё ичра барокат топгай.

Ажаб, саховатда тенгсиз Навоий,

Ҳимматга чорловчи пирсиз, Навоий.

   Акмалжоннинг  хотираси   қалбимизни соғинчга ўраб,  ёруғ хаёлларга боғлаб туради. Унинг айтилмаган сўзларини юрак-юракдан  ҳис этиб, соғиниб яшаймиз. Алвидо дейишга тилимиз бормайди. Аммо у ўзи ёзганидек:  “Келажакни ёлғиз қолдириб,

Жўнаб кетди олис қишлоққа...”

                                                                      Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Улашиш:

Бошқалар

13-январ 2025, 05:41
1 058

Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.


15-январ 2025, 05:39
1 049

Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.


20-январ 2025, 06:34
843

Иқтисодий процессуал қонунчилик бўйича судда кимлар вакил бўла олмайди?

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасида вакил орқали иш юритиш тартиби белгилаб берилган.


9-январ 2025, 06:35
837

Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда

Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.