Ўзбекистон
10.04.2025
752
Қашқадарёда “Ғузор тандир гўшти” географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бундан олдин “Ғиждувон шашлиги” рўйхатга олиниб, туман ҳокими ушбу номдан ҳокимлик рухсатисиз ҳеч ким фойдалана олмаслигини айтган эди. Хўш, географик кўрсаткичнинг ўзи нима ва у товар келиб чиққан жой номидан қандай фарқ қилади? Кимлар географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиши мумкин? Географик кўрсаткич эгасига қандай ҳуқуқ беради? Ундан фойдаланиш учун эгасидан рухсат олиш керакми? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада географик кўрсаткичлар тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беради.
Geografik koʻrsatkichga misollar. Foto: unctad.org
Географик кўрсаткичнинг ўзи нима?
Географик кўрсаткич ажратиш, фарқлаш белгиси сифатида интеллектуал мулкнинг бир бўлаги ҳисобланади, худди товар белгиси сингари. Қонун берган таърифга кўра, ўзида у келиб чиққан (ишлаб чиқарилган) ҳудудга хос сифат, ном ёки бошқа элементни акс эттирган товар географик кўрсаткич ҳисобланади. Фақатгина бу товар ўша географик ҳудуд, шу жумладан, табиий омиллар билан бевосита боғлиқ бўлиши керак. Содда қилиб айтганда, товар номи айтилганда у келиб чиққан ҳудудга оид шуҳрат, ўзига хослик ва сифат хаёлга келиши керак.
Масалан, Самарқанд нони. Бу нонни бошқа вилоятда тайёрласа, ўзидай чиқмаслиги, ҳаво, сув ва бошқа омиллар сабаб таъми ўзгариши ҳақида гапиришади. Чиндан ҳам Самарқанд нони тайёрланиш услуби, вазни, таъми ва яна айрим жиҳатлари билан бошқа нонлардан ажралиб туради. Ва бу ўзига хослик, шубҳасиз, Самарқанд номи билан боғлиқ – бошқа ерда бундай нон деярли тайёрланмайди (бу билан Самарқанд нонини бошқа вилоятда тайёрласа, “ўзидай чиқмайди”дейишдан йироқмиз, албатта).
Самарқанд нони. Фото: canaan.travel
Шунга кўра, Самарқанд нони ҳам моҳиятан географик кўрсаткич бўла олади (албатта, якуний хулоса давлат экспертизасида маълум бўлади). Чунки ушбу ноннинг ном қозонганлиги географик ҳудуд – Самарқанд билан бевосита боғлиқ. Бундай фикрни Самарқанд зиғир оши, Олот ва Жиззах сомсаси, Шеробод анори ва яна кўплаб маҳсулотларга ҳам бериш мумкин.
Географик кўрсаткичлар одатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, вино ва спиртли ичимликлар, ҳунармандчилик ва саноат маҳсулотлари учун қўлланилади.
Ўзбекистонда бугунги кун ҳолатига рўйхатдан ўтказилган 6 та географик кўрсаткичнинг тенг ярмини озиқ-овқат маҳсулотлари – Зомин ва Ғузор тандир гўшти ҳамда Ғиждувон шашлиги ташкил қилади. Қолганлари эса мато ва уй-рўзғор буюмлари – Марғилон атласи ва адраси ҳамда Қўқон пичоқлари. Рўйхат қисқалигининг асосий сабаби шундаки, Ўзбекистон географик кўрсаткичларни 2022 йилдан тан ола бошлади.
Айтиш керакки, географик кўрсаткич ажратиш, фарқлаш белгиси сифатида алоҳида мақомга эга. Хусусан, товар белгиси бир товарни иккинчисидан фарқласа, географик кўрсаткич нафақат фарқлайди, балки товар яратилган минтақага хос сифат, хусусият ва ўзига хосликлар хусусида ҳам маълумот беради.
Бунга энг яхши мисол, шубҳасиз, Шампан виноси (“Champagne”). Бу ичимлик Франциянинг Шампан провинциясида махсус етиштирилган узумни икки марта ферментациялаш орқали олинадиган табиий газланган шароб ҳисобланади.
Ўша машҳур Шампан винолари учун узум етиштириладиган токзорлар, Франция, Шампан провинцияси. Фото: hedonism.co
Яна бир мисол, Даржилинг чойи (“Darjeeling”). Даржилинг Шарқий Ҳимолайда денгиз сатҳидан 2,045 метр баландликда жойлашган шаҳарча (Ҳиндистон) ҳисобланади.
Денгиз сатҳидан икки минг метр баландликдаги чой плантациялари, Шимолий Ҳимолай тоғлари. Фото: indiamart.com
Бундай баландликдаги табиий иқлим сабабли Даржилинг чойи бошқа чойлардан географик минтақага хос хусусияти билан фарқ қилади.
Масалан, Европа Иттифоқида рўйхатга олинган 6 021 та географик кўрсаткичдан 5 200 таси вино ва спиртли ичимликларга тўғри келади. Мазкур рақамлар мос равишда АҚШда 910 тадан 830 тани, Швейцарияда 682 тадан 660 тани, Янги Зенландияда 600 тадан 550 тани, Чилида 82 тадан 80 тани ташкил қилади. Австралия, Марокаш ва Шимолий Македония сингари мамлакатларда рўйхатга олинган географик кўрсаткичларнинг барчаси вино саналади. Испанияда биргина гўшт бўйича 16 та, Грузияда вино бўйича 20 га яқин географик кўрсаткичлар рўйхатдан ўтказилган.
Нақафат Шампан виноси ва Даржилинг чой, балки биз учун сифат стандартига айланган кўплаб товарлар географик кўрсаткич сифатида ҳуқуқий муҳофазага олинган. Масалан, “Roquefort” пишлоғи (Франция), “Cognac” коньяги (Франция), “Scotch” вискиси (Шотландия), “Swiss” соати (Швейцария) – сифати ва алоҳида хусусиятлари билан бутун дунёда шуҳрат қозонган.
Товар келиб чиққан жой номи нима ва у географик кўрсаткичдан қандай фарқ қилади?
Миллий қонунчиликда географик кўрсаткичга 2022 йилда ҳуқуқий мақом берилган бўлса-да, 2001 йилдан буён унга мазмунан ўхшаш бўлган товар келиб чиққан жой номи ҳуқуқий мақоми мавжуд. Қонун берган таърифга кўра, товар келиб чиққан жой номида товарнинг алоҳида хусусияти географик объектга хос табий шароит, омил ёки уларнинг бирикмаси билан бутунлай ёки кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.
Хўш, ҳар икки ҳуқуқий мақом ҳам товарнинг географик ҳудуд билан алоқадорлигини билдирса, уларнинг фарқи нимада?
Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) тушунтиришига кўра, товар келиб чиққан жой номидан фарқли равишда товарни географик кўрсаткич деб тан олиш учун ишлаб чиқариш жараёнларининг бир қисми муайян минтақа ҳудудида ўтиши кифоя қилади. Бошқа ракурсдан қараганда географик кўрсаткичлар кенг ва умумий ҳуқуқий элемент, товар келиб чиққан жой номи эса унинг махсус тури саналади.
Улар ўртасидаги асосий фарқ – товар келиб чиққан жой номида товарнинг географик ҳудуд билан боғлиқлиги нисбатан кучли бўлади. Яъни бундай товар бутунлай ёки асосан шу ҳудудда тайёрланиши керак. Бу, одатда, хомашёни олиш ҳам, уни қайта ишлаш ҳам битта жойда бўлиши керак дегани. Географик кўрсаткичда эса ҳудудга хос алоҳида хусусиятдан ташқари, минтақанинг шуҳрати (товарнинг шу ҳудуд билан ном қозонганлиги) ҳам кифоя қилади.
Уларнинг фарқини сўз бошида келтирилган мисол – Самарқанд нони гипотезаси билан шундай тушунтириш мумкин: агар Самарқанд нонини Тошкентда тайёрласангиз-у, лекин у аслидай чиқмаса, бу – товар келиб чиққан жой номи (бунда Самарқанд иқлими, табиий хусусияти билан боғлиқлик кучли бўлади). Агар ҳар икки ҳудудда ҳам таъми бир хил бўлса, унда бу – географик кўрсаткич бўлади (чунки бу ерда алоқадорлик минтақанинг табиий иқлими ва шароити эмас, балки номи, шуҳратига бориб тақалади).
Бугунги кунда республикада атиги 4 та товар мазкур муҳофаза шаклини олган. Шундан “Bagizagan” виноси (Самарқанд) ва “Chortoq” маъданли суви (Наманган) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга, “Parmigiano Reggiano” пармезан пишлоғи (Италия) ва “Карачинский источник” маъданли суви (Россия) хорижий ишлаб чиқарувчиларга қарашли ҳисобланади.
Таққослаш учун: ҳозирга қадар маҳаллий юридик ва жисмоний шахслар томонидан 18 200 дан ортиқ товар белгиси рўйхатдан ўтказилган.
Қонунга кўра, рўйхатдан ўтказилган товар келиб чиққан жой номини географик кўрсаткичга ўзгартириш мумкин.
Кимлар географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиши мумкин?
Географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиш учун юридик ёки жисмоний шахслар гуруҳи томонидан Адлия вазирлигига талабнома берилиши мумкин. Агарда бошқа кишилар бўлмаса, бир кишининг ҳам аризаси кифоя қилади.
Шунингдек, талабнома ҳудуддаги аҳоли номидан маҳаллий ҳокимлик томонидан ҳам берилиши мумкин. Масалан, Ғиждувон шашлиги учун талабнома туман ҳокимлиги томонидан берилган.
Географик кўрсаткич эгасига қандай ҳуқуқ беради?
Хўш, географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилган маҳсулотдан ҳуқуқ эгаси қаерда ва қандай фойдаланиши мумкин?
Қонунга асосан гувоҳнома эгасига географик кўрсаткичдан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай усулда фойдаланиши мумкин. Масалан, қуйидаги мақсадларда:
- товар, унинг ёрлиқ ва ўровларида;
- товар ҳужжатлари, шу жумладан, бланка, ҳисобварақ, бошқа ҳужжат ва босма нашрларда;
- товарларни сотиш бўйича эълон, пешлавҳа ва рекламада фойдаланиш.
Гувоҳнома эгаси географик кўрсаткич рўйхатдан ўтказилганлигини билдириш учун товар ёки унинг ўровида “GI” огоҳлантирувчи тамғаси қўйиши мумкин.
Агар географик кўрсаткич бир гуруҳ жисмоний ва юридик шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлса, уларнинг ҳар бир аъзоси бу ҳуқуқлардан фойдалана олади.
Географик кўрсаткичдан фойдаланиш учун эгасидан рухсат олиш керакми?
Юқорида кўриб чиқилганидек, географик кўрсаткичдан фойдаланиш асосан тижоратлаштириш билан боғлиқ ва истеъмолни назарда тутмайди. Масалан, Ғишдувон шашлик тайёрлаб емоқчи бўлган одам ҳокимдан рухсат олиши шарт эмас.
Агарда талабнома тоширмаган киши географик кўрсаткичдан тижорат мақсадида фойдаланмоқчи бўлса-чи? Ҳуқуқ эгасига пул тўлаб, ўзи тайёрлаган шашликларига Ғиждувон шашлиги ёрлиғини ёпиштириб, сота оладими?
Жавоб – йўқ. Қонунга кўра, рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичга нисбатан ҳуқуқга эга бўлмаган киши ундан фойдалана олмайди, ҳуқуқ эгаси эса бундай ҳуқуқни бошқа бировга беролмайди.
Хўш, ҳуқуқни сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмаса, ундан қандай фойдаланиш мумкин?
Рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи худди шу географик объектда жойлашган ва худди шундай хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётган бошқа юридик ёки жисмоний шахсга ҳам берилиши мумкин. Масалан, бир киши Олот сомсани рўйхатдан ўтказди, шу ҳудудда шу сомсани тайёрлаётган бошқа киши ҳам географик кўрсаткичдан фойдаланиши мумкин.
Географик кўрсаткичга бўлган ҳуқуқнинг муддати қанча?
Географик кўрсаткич у мавжуд бўлган бутун вақт давомида муҳофаза қилинади. Аммо гувоҳнома талабнома берилган кундан эътиборан 10 йил давомида амал қилади.
Гувоҳноманинг муддати у тугайдиган охирги йилда ҳар сафар яна 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, географик кўрсаткич ажратиш, фарқлаш белгиси сифатида алоҳида мақомга эга бўлиб, товар яратилган минтақага хос сифат, хусусият ва ўзига хосликларни ҳам ифодалаб келади.
Улашиш:
Бошқалар
Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб
Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Банкдаги омонат эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланадими?
Эр-хотин никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Ота уйи кенжа фарзандга қолиши керак...ми?
Нотариал идорамизга кунига мерос масаласида ўнлаб фуқаролар мурожаат қилади.